Турмушда фойдаланилиб келинаётган ёқилғи маҳсулотлари ичида табиий газлар (метан, пропан ) сизиб чиқиши ва ҳаво билан аралашма ҳосил қилиб, портлашга мойиллиги билан ажралиб туради.
Газ оқимининг тўсатдан узилиши ва қайта уланиши натижасида хона ичида газ тўпланиши мумкин. Ёниб турган газ анжомларини қаровсиз қолдириш, газни улашда хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик, газ қувурларига ўзбошимчалик билан уланиш, газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши натижасида ёнғин содир бўлади.
Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган қўлбола, ностандарт газ жиҳозларидан, носоз ҳолатдаги дудбуронлардан фойдаланиш, хонадон ичида очиқ оловни иситиш мақсадида ёқиб қўйиш ис газидан заҳарланиш, газ-хаво аралашмасининг чақнаши натижасида жабрланиш, ҳаттоки, ўлим ҳолатларини юзага келтиради.
Ис гази рангсиз, ҳидсиз заҳарли бирикма бўлиб, табиий газ, ўтин, кўмир чўғлари тўлиқ ёнмаслиги оқибатида ҳосил бўлади. Ис гази организмга нафас аъзолари орқали таъсир этади. Ушбу газ гемоглабин билан кислородга нисбатан 300 маротаба кучли бирикма карбоксигемоглобинни ҳосил қилади. Оқибатда гемоглабиннинг тўқималарга кислород ташиш хусусияти кескин пасайиб, гипоксияга, оғир ҳолатларда эса –аноксияга олиб келиши ҳамда инсон шу тариқа ҳаётдан кўз юмиши мумкин.
Ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг аксарияти фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғи (кўмир,ўтин ва бошқа) турларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя этмаслик сабабли юзага келмоқда.
Ис газидан захарланишдан огоҳ бўлинг ва хавфсизлик қоидаларига амал қилиб, ўзингиз ва оилангиз хотиржамлигини таъминланг.
Шоҳбосбек ИБРОҲИМОВ
Отабек ОХУНОВ
Вилоят ФВБнинг ўрмон ёнғинларини
бартараф этишга ихтисослаштирилган
ёнғин-қутқарув отряди ходимлари