Вилоятимиздаги энг фаол нодавлат нотижорат ташкилотлардан бири – “Қалб нури” маркази Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг давлат ижтимоий буюртмасига асосан “Жиззах вилоятида ишсиз аёллар ўртасида социологик тадқиқот ўтказиш ва меҳнат бозорида имкониятларни ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш” лойиҳасини 2025 йилнинг декабр ойи якуни ҳамда 2026 йилнинг январь ойи давомида амалга оширди. Унда вилоятнинг барча туман-шаҳар ҳудудидан 520 нафар ишсиз хотин-қизлар респондент сифатида иштирок этди. Яқинда Жиззах шаҳрида лойиҳа якунларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбир аввалида Пахтакор тумани хотин-қизлар бўлими раҳбари – туман ҳокими ўринбосари Дурдона Хожакулова лойиҳанинг аҳамияти ҳақида фикр билдирди. Сўнг “Қалб нури” маркази раҳбари Нодира Алимова давра суҳбати иштирокчилари – давлат ва жамоатчилик идоралари, ОАВ вакилларини сўровнома якунлари билан таништирди. Таъкидландики, лойиҳанинг мақсади вилоятда ишсиз аёллар тоифаси бўйича аниқ статистик ва таҳлилий маълумот тўплаш орқали меҳнат бозоридаги ҳолатни ўрганиш, ишсиз аёлларнинг ишга жойлашишига тўсқинлик қилаётган асосий ижтимоий, иқтисодий ва психологик омилларни аниқлаш масъул идораларга аёллар бандлигини ошириш бўйича далилларга асосланган тавсиялар тақдим этишдан иборат. Олинган маълумотлар асосида ишсизликнинг асосий сабаблари ва аёлларнинг меҳнат бозорида фаол иштирок этишига тўсқинлик қилаётган омиллар экспертлар томонидан таҳлил қилинди.

-Туман ҳокимликлари билан ҳамкорликда барча ҳудудларда ўрганиш ўтказилди. Баъзи жойларда семинар тарзида, баъзида уйма-уй юриб ишладик. Ўрганиш давомида иштирокчиларнинг 3 фоизга яқини атиги бошланғич маълумотга эга экани аниқланди. Аёл киши бўлганлиги учун ишга қабул қилмаслик ҳолатларининг кўплиги гендер стереотиплари билан ишлаш зарурлигини кўрсатади. Ҳудудларда аёллар эгаллаган касблар учун талабнинг йўқлиги эса профессионал таълим муассасаларидаги йўналишларни қайта кўриб чиқиш заруратини акс эттиради. Талабгир касблар учун зарур кўникманинг йўқлиги 42 фоиз ҳолатда иш топишга тўсқинлик қилар экан. Бу масалани жойларда мобил ўқитиш курслари очиш орқали ҳал қилиш мумкин. Шунингдек, бўш иш ўринларини эълон қилувчи бошқарма ва марказларнинг шаффофлигини таъминлаш ҳамда маълумотларнинг ишончлилигини ошириш, ёш болали аёллар учун сменали (эгилувчан) иш вақтини жорий этиш, касб-ҳунар курсларида бепул ўқитиш кўламини кенгайтириш каби таклифлар айнан респондентлар томонидан билдирилди. Умуман, 520 нафар иштирокчи мисолида кўриш мумкинки, аёлларимиз боқиманда эмас. Улар фаол иш билан банд бўлишни исташади. Сўровнома якунлари хотин-қизларни иш билан таъминлашда муҳим масалаларни аниқлаштиргани билан қимматлидир, – деди марказ раҳбари Нодира Алимова жумладан.

Давра суҳбати давомида тадқиқот натижалари асосида аёллар бандлигини ошириш ва камбағалликни қисқартириш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқилди ва зарурий чора-тадбирларни белгилаш учун маҳаллик ҳокимликлар ва Республика Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига тақдим этилди.
Муқаддас САПАРОВА.