ТУРИСТ ҲАМ ИНВЕСТОР

Туризм бўйича мутахассис бўлмаган одамга бу соҳа бўйича фикр-мулоҳаза юритиш осон эмас. Лекин гоҳ иш билан, гоҳида ҳордиқ олиш баҳонасида бошқа шаҳарларга, хорижга боришга тўғри келади. У ердаги шароит, яратилган имкониятларни кўриб, беихтиёр Жиззах билан солиштириб кўрамиз.

Тан олиб айтиш керак, кейинги йилларда вилоятимизда туризм жадал ривожланаётган соҳалардан бирига айланди. 2023 йилнинг ўзида соҳани такомиллаштириш бўйича катта-катта лойиҳалар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2022 йилнинг 19 сентябрь куни мамлакатимизнинг ички ва ташқи туризм салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида ўтказган видеоселектор йиғилишида вилоят раҳбариятига ҳудудда хорижий ва маҳаллий сайёҳлар оқимини кўпайтириш, хизматлар доирасини кенгайтириш, янги туристик маршрутлар ишлаб чиқиш юзасидан алоҳида топшириқ берган эди. Шундан келиб чиқиб, вилоятда туристик обьектларга хорижий ва маҳаллий ташриф буюрувчиларни олиб бориш бўйича 5 кунлик маршрут (“туристик ҳалқа”) белгиланди.

Бунинг натижасида, вилоятга 2022 йилда 13 минг нафар хорижий сайёҳлар ташрифи кузатилган бўлса, “Е-меҳмон” ва “Овер” дастурлари маълумотларига кўра 2023 йилда 144,2 минг нафар хорижий сайёҳлар ташриф буюришди.

Шунингдек, 2023 йилда вилоятга 1 млн. 176 минг нафар маҳаллий сайёҳлар ташрифи қайд этилди.

Бугунги кунда хорижий туристлар ташрифи ҳисобига, туризм хизматлари экспорти 31 млн. долларини ташкил этмоқда.

Сайёҳларни биринчи навбатда ўзи хоҳлаган шароитларга эга меҳмонхона, кемпинг, оилавий меҳмон уйларига жойлаштириш, уларга зарур шароитларни яратиш туризмнинг асосий шартларидан ҳисобланади. 2021 йилда вилоятимизда 170 та (4959 ўринли) жойлаштириш воситалари (мехмонхона, оилавий меҳмон уйлари кабилар) мавжуд бўлган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 256 тага, ўринлари сони эса 6566 тага етказилди. Сўнгги икки йилда жойлаштириш воситалари сони 1,5 баробарга ва ўринлар сони 1,3 баробарга ортди. 2023 йил мобайнида 6 та меҳмонхона, 2 та хостел, 2 та кемпинг, 24 та оилавий меҳмон уйи ҳамда 2 та дам олиш маскани фаолияти йўлга қўйилди.

Ўтган йил давомида вилоятимиз ҳудудида 11 та туркомпаниялар ўз фаолиятини бошлади, 20 та янги турмаршрутлар ишлаб чиқилди. Туркомпаниялар сони 2022 йилга нисбатан 11 тага кўпайиб, уларнинг  сони 28 тага етди. Вилоятдаги      учта туманда еттита туризм маҳалласининг тарихи, ёдгорликлари ва туристик объектлари контенти яратилди.

Шунингдек, сайёҳларга вилоятдаги 28 та туроператорлар, 12 та гид-таржимонлар, 4 та турист синфга мансуб автобуслар ва 30 та микроавтобуслар  хизмат кўрсатиб келмоқда.

Шу билан бирга, сайёҳлар учун 8та туризм ахборот маркази ва 172та санитария-гигиена шохобчалари фаолият юритиб келмоқда. Туристик объектларга олиб борувчи 32та йўл кўрсатгич белгилари ўрнатилди ва 170та туризм объектларида Wi-Fi зона ташкил қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2023 — 2025 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-459-сонли қарорига асосан жорий йилнинг ўтган даврида туризм соҳасида умумий қиймати 1 трлн. 128 млрд. сўмлик 51 та лойиҳалар (4 та меҳмонхона, 12 та туризм дам олиш ва хизмат кўрсатиш маскани, 2 та туристик даволаш, соғломлаштириш мажмуаси, 2 та хостел, 2 та оилавий меҳмон уйи, 1 та ижара ётоқхона, 7 та умумий овқатланиш ва 1 та мотель) ишга туширилди.

Зомин тумани, Дуоба маҳалласидаги “AAA COMPANY” МЧЖ томонидан умумий қиймати 7 млрд. сўмлик Туристик даволаш соғломлаштириш мажмуаси ташкил этилди. Лойиҳа 20та хона ва 90та ўриндан иборат бўлиб, ушбу лойиҳани ишга тушириш ҳисобига 20 нафар янги иш ўринлари яратилди. Мазкур дам олиш маскани бир вақтнинг ўзида 500 нафар сайёҳга хизмат кўрсатиш имконияти эга.

Вилоятда 2023 йил давомида туризм ва унга йўлдош соҳаларда жами 4900 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган эди. Йил якунига кўра соҳада 5251 та  янги иш ўринлари яратилди.

Туризм тараққиётини инфратузилмаларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 26 октябрдаги “Республикада маҳаллий авиақатновларни ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Жиззах вилоятида туризм салоҳиятини янада ошириш мақсадида Зомин тумани, “Лайлак уя” массиви ҳудудида Зомин аэродроми ва 30 ўринга мўлжалланган йўловчи терминалини қуриш учун 60 гектар ер майдони ажратилди.

Ушбу аэропортда 30 ўринга мўлжалланган йўловчи терминали, аэродром инфратузилмаси, муҳандислик коммуникацияси, учиш-қўниш, ҳаракатланиш йўлаклари ва перронни лойиҳалаш ҳамда қурилиш, учиш ва қўнишни таъминаш бўйича радио ва аэронавигация ускуналари ўрнатилиб, аэродромга олиб борувчи икки тасмали автомобиль йўли, шу билан бирга 20 ўринли замонавий автотураргоҳ қурилиш ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилди. Ушбу аэродром очилиши билан Чехия Республикаси самолётсозлари ишлаб чиққан L-410 ҳаво кемаси орқали 110та рейс амалга оширилди. Бунинг натижасида вилоятга 2000 нафардан ортиқ хорижий ва маҳаллий сайёҳлар ташрифи кузатилди.

Аэропорт авиакассаси орқали нафакат ички рейслар, халкаро давлатларга ҳам авиабилетлар харид қилиш имконияти яратилди. Бугунги кунда Дубай, Москва, Санкт-Петербург, Истанбул, Алмата, Бишкек, Душанбе, Анталия, Анқара каби шаҳарларга авиачипталар сотуви йўлга қўйилган.

 “Зомин” туристик-рекреацион зонаси ҳудудида “Суффа платоси 2400” халқаро умуммавсумий курорти ва “Ўриклисой” туризм мажмуасида  “Ўзмиллийбанк” АЖ буюртмаси асосида бунёд этилган осма дор йўли барпо этилди. 2600 метрлик осма дор йўли қурилиши учун 133,3 млрд. сўм ажратилиб, ўн иккита минора, 11 дона устун қуриб битказилди, мижозларни ташиш учун замонавий дизайндаги 36 та кабина ишга туширилди.

Вилоятнинг туризм салоҳияти юқори бўлган  Зомин тумани, Дуоба маҳалласига “Туризм маҳалласи” мақоми берилди.

Вилоятимизда туризм истиқболини белгилаш, 2024 йилда амалга оширилиши кўзда тутилган режалар ҳам белгилаб олинмоқда. Жорий йилда 35 та янги жойлаштириш воситалари (3 та меҳмонхона, 10 та хостел ва 22 та оилавий меҳмон уйлари) ташкил этилади ва уларнинг умумий сони 300 тага, ўринлар сони  8 мингтага, туроператорлар сонини 35 тага етказиш, 5 та гид-экскурсаводларни сертификатлаш орқали уларнинг сонини 25 тага етказиш мақсади қўйилган.

Шунингдек, 8 та туристик автобус ва 15та микроавтобуслар олиб келиниб, уларнинг умумий сони 40 тага етказилади. Маҳаллий туристларни жалб қилишга алоҳида эътибор берилади ва улар сони 1 млн. 800 минг,  хорижий туристлар сонини эса 350 мингтагача кўпайтириш, туризм хизматлари эксортини 50 млн. долларга етказиш режалаштирилган.

Шу билан бирга, Зомин туманидаги “Суффа платоси 2400”  халқаро умуммавсумий курортида  120 ўринли  3 та меҳмонхона, 600 ўринли ресторан, узунлиги  200 метр бўлган осма кўприк ва 50 ўринли замонавий автотураргоҳ қуриб фойдаланишга топширилиши  ҳисобига йилига   қўшимча 100 минг сайёҳ жалб қилинади.

Зомин, Фориш, Бахмал, Шароф Рашидов ва Ғаллаорол туманларида экотуризмни ривожлантириш ва ташриф буюрувчилар учун 5 та хостел ва 10 та оилавий меҳмон уйлари ташкил этилади.

Фориш туманидаги Ўхум қишлоғи, Бахмал туманидаги Ўрмончи ва Жўмжўмсой қишлоқларида этно қишлоқ ташкил қилинади ва ташриф буюрувчи туристлар сонини 3-4 баробарга оширилади, уларнинг қолиш кунлари 3-5 кунгача узайтирилади.

Албатта, туризмни ривожлантиришга қаратилган мақсад ва режалар биринчи навбатда эзгуликка хизмат қилади. Ички туризмнинг йилдан йилга кўлами кенгайиб бораётгани ҳам замондошларимизнинг фикрлаш, мулоҳаза юритишида ижобий қирралар кўзга ташланаётгани сезилиб турибди. Бухоро, Самарқанд, Хоразм, водий вилоятларига бориб келаётган ҳамқишлоқларимизнинг “У ерда бизни шундай тадбирлар уюштириб кутиб олишди, қойил қолдик”, “Дастурхонга миллий ширинликлар қўйишди”, “Санъатини намойиш қилишди” деганларини кўп эшитмоқдамиз.

“Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб зикр қил” дейди халқимиз. Агар бир оз излансак, мулоҳаза қилсак, вилоятимиз туризмнинг ҳам такрорланмас қирраларини очишимиз мумкин. Фарғона водийсида тарихий обидалари саноқли, аммо сайёҳлар оқими ортиб бормоқда. Водий аҳли асосан ҳунармандчилиги билан хорижликларни жалб этишаётганига ўзимиз борганимизда кўриб ишонч ҳосил қилдик. Риштонда кулолчилик юксак даражада ривожланган бўлса, Марғилон атласу-адраслари билан машҳур. Андижон миллий ширинликлари ва кўнчилик расталари билан элга танилган.

Марғилон бозорига кирсангиз миллий кийимлар, атлас, адрас, зардўз матолар учун алоҳида бўлмалар ташкил этилган, маҳаллий ва хорижий меҳмонларни айнан шу бўлмаларда учратасиз. Риштон кулолларининг маҳсулотларини кўриб ҳайратга тушмасликнинг иложи йўқ. Битта кўзанинг нархи 20000 АҚШ долларига баҳоланибди. Шундай кўзаларнинг икки донасини хорижлик сайёҳлар сотиб олибди. Риштонда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан кулолчилик маркази ташкил этилибди. Марказда кулоллар учун уй-жой ва устахоналар қуриб берилган – ҳақиқий шаҳарча дейсиз. Наҳотки, вилоятимизнинг йирик бозорларида ҳунармандлар учун алоҳида бўлмалар ташкил этиш қийин бўлса? Қолаверса, Устуршона давлати ёдгорликларида қазилма ишлари олиб борилганида кўплаб кулолчилик ашёлари топилган. Кўзалар, сапол идишлар айнан ҳозирги Жиззах вилояти ҳудудида тайёрланган. Даврлар оша кулолчилик бугунга келиб кўзи ёпилиб қолган булоқдай “қуриб” қолди. Уни қайта тиклаш имкониятлари бор, фақат хоҳиш ва иштиёқ керак.

Бухоро ва Хивага бориб қолсангиз тарихий обидалар қўйнидан миллий куй-қўшиқлар “оқиб” чиқаётганига, кўчалар ва майдонларда хоразмча, бухороликларга хос кийимда ёш йигит-қизлар рақс ижро этаётгани эътиборингизни тортади, беихтиёр мафтун бўлиб қоласиз. Хорижлик сайёҳларнинг рақсга қўшилиб кетганига неча бор гувоҳ ҳам бўлганмиз. Буларнинг ҳаммаси ўша шаҳар ва вилоятларнинг туризм жозибадорлигини ошириб турибди.

Жиззахда ҳам ўзига хос кийимлар, куй-қўшиқлар яратадиган пайт келди. Бунинг учун дизайнерлар, тикувчилар, шоир ва композиторларни жалб қилиш ва озроқ изланиш керак, холос.

Гострономик туризм ҳақида гап кетганида, Жиззах сомсасининг овозаси етти иқлимга маълум эканлигини яхши биламиз. Лекин вилоятимизга ташриф буюраётган сайёҳларнинг ҳаммаси ҳам сомса ейиш учун келмайди. Айниқса, ғарб давлатларидан келаётган туристлар таркибида холестрин миқдори юқори бўлган таомларни дарҳол рад қилишади. Аммо Жиззахдаги аксарият умумий овқатланиш муассасаларида бир хил, ёғли овқатлар тайёрланади. Парҳезли таомлар тайёрланадиган ошхоналар деярли йўқ. Бу борада ҳам чуқур мулоҳаза юритадиган пайт келди.

Сайёҳлик соҳаси дунё иқтисодининг энг жадал ривожланаётган соҳаларидан биридир. Унинг кенг қамровли тараққиёти эса, кўплаб мамлакатлар учун катта даромад манбаига айланиб бормоқда. Қолаверса, бирорта давлат ёки ҳудуд туризм бозорида ўз ўрнини бизга индамай топшириб қўймайди. Бу издиҳомда мустаҳкам ўринга эга бўлиш учун кеча қилган ишларимиз ҳақида эмас, бугун яратадиган янгиликлар ҳақида кўпроқ бош қотиришимиз зарур. Зеро, турист ҳам инвестор, у сарфлаган маблағлар юртимиз тараққиёти учун хизмат қилади.

 

Асад МУСТАФОЕВ.

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *