Маънавий-маърифий тадбир
Ҳарбий ўғлонлар ҳузурида
Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси ташаббуси билан 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни ҳамда ”Ватанпарварлик ойлиги” муносабати билан Самарқанд шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Кичик мутахассисларни тайёрлаш марказида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Эътиборлиси, унда мезбон шаҳардан ташқари Жиззах ва Навоий вилоятлари журналистлари ҳам иштирок этдилар.
– Марказий Осиёда ягона бўлган марказимизда 14 декабрдан буён “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида ёшларнинг ташрифи, қурол-яроғлар ва ҳарбий техникалар кўргазмаси давом этмоқда, – дейди Кичик мутахассисларни тайёрлаш маркази бошлиғи ўринбосари, подполковник Йўлдош Халииков. – Журналистлар ташрифи эса марказдаги ўзгаришлар ва шароитларни ҳамда миллий армиямизга ҳар жиҳатдан етук ҳимоячилар тайёрлаш тизимини кенг ёритишга имкон бериши билан бизни мамнун этди.
Ҳарбийлар ана шундай мамнуният ҳисси ила меҳмонларни ўқув юрти ҳовлисига бошладилар. Ватан байроғи Ватан ҳимоячилари қўлида мағрур қад ростлаб, иштирокчиларга йўл кўрсатди. Даставвал бир вақтнинг ўзида 1500 нафар курсантни қамраб олувчи ўқув хоналари, ҳарбий таълим шарт-шароитлари билан танишдик. Марказда кўргазмали стендлар, ўқув қуроллари ва техникалар макети билан тўлиқ жиҳозланган 2 та ўқув бино, хизмат доирасида фойдаланиш учун 1500 дан ортиқ дарсликлар, жанговар тайёргарликга оид ўқув қўлланмалардан иборат кутубхона, электрон кутубхона, артиллерия, отиш ва техник тайёргарлик фанларидан машғулотларни ўтиш учун тренажёрлар синфи, тактик тайёргарлик учун Point компьютер синфи мавжуд. Очиғи, ўқув хоналарининг энг сўнгги русумдаги жиҳозлари, амалий ва назарий билимлар олиш учун шароитларнинг мукаммаллиги барчада катта таассурот қолдирди. Амир Темур ва Жалолиддин Мангуберди синфлари эса ҳақиқий музей эди. Бу синфларда мардлик ва жасорат тимсолига айланган бобокалонларимизнинг ҳаёт йўли қадам-бақадам кўргазмали тарзда тасвирланган.
Маънавият ва маърифат маскани, марданият маркази, ётоқхона, ошхона билан танишув ҳам ўғлонларнинг ҳарбий ҳаёт тарзига оид тасаввурларимизни бойитди. Шундан сўнг ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди. Ҳарбий спорт турларига асосланган чиқишларни абжирларча намойиш этган ёш ҳарбийлар Ўзбекистон армиясининг шунқорлари эди гўё.
-2018 йилга қадар миллий армиямиз учун кичик мутахассислар мамлакатимиздаги ҳарбий округларнинг сержантлар мактабларида тайёрланар эди. Давлатимиз раҳбари, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони ташаббуси билан 2018 йил апрель ойида сержантлар мактаблари тугатилиб, мамлакатимизда ягона Кичик мутахассислар тайёрлаш маркази ташкил этилди, – дейди марказ бошлиғи, полковник Анварбек Джаббаров. – Аввалги тизимда асосий эътибор кичик командирлар тайёрлашга қаратилган бўлса, эндиликда ушбу вазифа билан бирга сержантлар малакасини ошириш ҳам йўлга қўйилди. Бу ерда муҳандислик бўлинмалари, алоқа бўлинмалари, зирҳли танк хизмати, артиллерия бўлинмалари, қуруқликдаги қўшинлар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа сингари 13 та йўналиш бўйича кичик мутахассислар тайёрланади. Келгусида марказнинг ўқув жараёнини янада ривожлантириб, халқаро тажрибаларни ўргатиш режалаштирилган.
ОАВ ходимлари ва марказ тингловчилари билан ўтган учрашув тадбирга якун ясади. Унда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов сўзга чиқиб, она Ватаннинг жасур ҳимоячиларига байрам табриги йўллади ҳамда марказ кутубхонасига турли адабиётлар, уюшма томонидан нашр этилган китоб ва журналлар тўплами туҳфа этилди. Қўлда қалам билан Ватан ҳимоясига шай журналистларни ҳарбий оркестр садолари тантанали кузатиб қўйди.
“Муҳтарам ёшлар! Замон сизникидур…”
Зумрад шаҳарнинг Мир Саид Барака кўчасидамиз. Бу ерда бизни “Зарафшон” газетаси бош муҳаррири Ф.Тошев ва Шоҳруҳ Беҳбудийлар кутиб олишди. Англаганингиздек, журналистлар учун алоҳида қийматга эга бўлган маскан – Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг уй-музейидамиз. Бу Зарафшон воҳасидаги илк босма нашр “Самарқанд” газетаси тайёрланган ва чоп этилган, Туркистон жадидларининг раҳнамоси яшаган тарихий жойдир.
– Маҳмудхўжа Бeҳбудий замондошлари орасида кучли илми билан ажралиб турган, бир нечта тилларни билган, – дея йўл бошлади музей мудири Гулмамат Аҳмедов. – У ёшликдан Миср, Шом, Жазоир, Туркия ва Россиянинг бир неча шаҳарларида бўлиб, Европа маданияти билан ҳам қизиқади. Қозон ва Оренбургда чиқадиган араб имлосидаги газета ва журналлар билан ҳамкорлик қилади, мазкур нашрларда мактаб, маориф, маданият, маърифатпарварлик ғояларининг тарғиботига бағишланган мақолалари чиқа бошлайди. Ушбу сафарлар чоғида Беҳбудий жадидчилик ғоясининг асосчиси Исмоил Ғаспирали билан танишади. Буларнинг ҳаммаси унинг сиёсий қарашларига, тафаккурига катта таъсир кўрсатади.
Сафардан қайтгач 1913 йил апрель ойида «Самарқанд» газетасига асос солди. Газета ўзбек ва тожик тилларида ҳафтада икки марта чоп этилди. Ўша йилнинг 20 августидан у «Ойна» журналини чиқара бошлади. Журнал Кавказ, Татаристон, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон ва Туркия давлатларигача тарқатилган.
Экспонатлар доирасимон йўналишдаги хоналарга жойлаштирилган бўлиб, музейда Беҳбудийга тегишли бўлган 100 дан зиёд ашёлар, жадидлар фаолиятини кўрсатиб берувчи юзга яқин экспонат мавжуд. Қувонарлиси, экспонатлар сони йил сайин ошиб бораяпти. Музей қарийб етти сотих майдондаги уй ва ҳовлидан (аслида 21 сотих бўлган, айни пайтда қолган майдонлар ҳам уй-музейга ажратилиши учун саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда) иборат бўлиб, у ерда ижодхона, Беҳбудий ташкил этган кутубхона, жадид мактабларининг кўриниши, ўша даврларда труппаларнинг тайёрланиши учун саҳнали зал ҳамда Беҳбудийга тегишли бошқа буюм ва ашёлар, шунингдек, Самарқанд давлат университетининг Маҳмудхўжа Беҳбудий меросини ўрганиш илмий-тадқиқот лабораторияси мавжуд. Жадид бобомиз фойдаланган китоблар, лавҳ, қўл ёрдамида ишлатиладиган литография дастгоҳи эса ўша пайтлар Германиядан келтирилган.
-Унинг 4 нафар фарзанди бўлиб, фақатгина менинг бобомдан насл давом этган, – дейди М.Беҳбудийнинг чевараси Шоҳруҳ Беҳбудий. – Қолган ўғиллари урушда ҳалок бўлган, касалликдан вафот этган. Фақат Маъсудхон бобомгина отаси 1919 йил, 44 ёшида қатл этилганига қарамай, 1938 йилда советлар томонидан қатағон қилингани сабаб, тазйиқ ва таҳдидлардан безиб, Тожикистонга кетиб қолган. Биз ҳам ўша юртда улғайдик, тақдирни қарангки, бобомизни қоралаган тузумга хизмат қилдик. Мустақиллик сабаб жадидларнинг ҳаёти ва ижоди ўрганилиб, муқаддас номлари тиклангач, она юртимизда эмин-эркин, бахтиёр яшаш бахтига эришдик. Бу уй-музей 2021 йилда давлатимиз раҳбарининг таклифи билан очилди. Унинг зиёратчилар ва сайёҳлар билан гавжумлиги, жадидлар фаолиятининг янги қирралари кашф этилаётгани мени беҳад қувонтиради.
Бугунги кунда Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабалари учун Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги стипендия таъсис этилган. Ушбу шахс сиймоси журналистларни ҳақгўйлик ва толмас курашларга илҳомлантиради, беқиёс ақл-закоси ва сахийлик ила маориф учун курашлари ҳар қандай зиёли учун ибрат, юксак намунадир.
Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йилида Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг бу сўзлари ўлмасдир: ”Муҳтарам ёшлар! Замон сизникидур, қарилар замони ўткан. Сиз киромга бобосират (эҳтиромга сазовор) бўлиб, ўн дафъа ўйлаб, бир дафъа кесингиз. Оташинлик ва тезлик ила иш бўлмас… балки бутун шаҳрингиз ва миллатингиз ила тараққий қилурсиз”.
“Жиззахда кўришгунча”
“Боқий шаҳар” мажмуасига саёҳат, журналистларнинг фикр алмашуви, самимий суҳбатлар, Журналистлар уюшмаси томонидан 2024 йил учун режалардан бохабар бўлиш давомида кейинги манзил Жиззах бўлиши таклифи билдирилди. Экотуризм ривожланиб, кун сайин чирой очаётган вилоятимизда ҳам кўз-кўз қилишга лойиқ, ибратли лойиҳалар амалга ошмоқда. Самарқанд хаёли иштирокчиларни тарк этмай туриб, Жиззах жамоли ўзига чорлади…
Муқаддас САПАРОВА.
Муаллиф олган суратлар.