КИМ КОМИЛ ИНСОН АСЛИДА?…

 Ҳаётда ҳар бир инсон комилликка интилиб яшайди. Бу жараёнда хатолик, камчиликларга ҳам йўл қўйиш мумкин, аммо уларни тушуниб, ўз вақтида тузатиб, такрор этмасликка ҳаракат қилиш баркамоллик сари йўлдир. Комил инсон шахсида шаклланиши керак бўлган сифатлар, хислатларни бирма-бир санаб кўрсатиш ўта мушкул иш. Шу даражада кўп қирралики, улар инсоният орзулари, умидлари, идеаллари, истиқболлари билан боғлиқ. Лекин мазкур сифат ва хислатларнинг баъзиларини кўрсатиб ўтиш мумкин.

Комил инсон шахсида, энг аввало, ақлий зукколик, ҳуқуқий комиллик, ахлоқий етуклик, сиёсий теранлик, меҳнатга ҳалол муносабат, юқори маданият, маънавий савия, юксак  ифтихор, миллий ва умуминсоний ғурур шаклланган бўлиши керак. Ўзбек педагог олимларимиз комил инсоннинг  шарқона хислатларини туркумлаб, фаолиятининг зарурий йўналишлари бўйича белгилашга ҳаракат қилганлар. Жумладан, умумий хислатлари ёқимлилик, жозибадорлик, дилбарлик, кўркамлик, мафтункорлик, фусункорлик, салобатлилик, ҳурматга сазоворлик, салоҳиятлилик, кўтаринкилик, жўшқинлик, жиддийлик, мослашувчанлик, зиёлилик, саводхонлик, табиийлик, оддийлик каби кўринишда намоён бўлади. Шунингдек, аҳлоқий сифатлар, ишбилармонлик, заковатлилик, иродалилик, эҳтирослилик хислатларида ҳам кўзга ташланади.

Комил инсонни тарбиялаш оилаларимизнинг, таълим-тарбия муассасаларимизнинг, умуман, давлатимизнинг, жамиятимизнинг, мустақил Ўзбекистонимизнинг олий мақсадидир. Бу йўлда  ёшларимиз сабр ва чидам билан билим олишга астойдил ҳаракат қилишлари керак бўлади. Мамлакатимизда яшаётган ҳар бир ёш битта мақсад йўлида изланишлари, билим олишлари шарт. Бу йўл Ўзбекистонимизнинг эртанги куни, келажаги ва истиқболини белгилаб берувчи йўлдир. Бу эзгу мақсадга фақат билим орқали эришиш мумкинлигини барча ёшларимиз теран англаб етишлари лозим.

Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш ижтимоий сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бири этиб белгиланган. Чунки спорт аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ёш авлодни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш орқали жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиради. Турли касалликлар, зарарли одатларнинг олдини олади. Спорт юксак маданият, ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришда ҳам муҳим ўрин тутади. Бу соҳада эришилган ютуқлар мамлакатни дунёга танитади, барча юртдошларга ғурур-ифтихор бағишлайди.

Дарҳақиқат, спорт бу соғлом тана демакдир, соғлом тана эса соғлом ақл дегани. Юқорида санаб ўтилган инсонийлик сифатлар ва хислатларни бугунги кунда мамлакатимизда яшаётган ҳар бир инсон ўзида жо қилиши ва ривожлантириши лозим. Соғлом ва инсоний фазилатларга эга инсон ҳар қайси соҳада улкан ютуқларга эриша олади.

 

Тоҳиржон ОЛТМИШЕВ,

 ЖДПУ катта ўқитувчиси,

Ўзбекистон Бадиий Академияси аъзоси.     

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *