АДЛИЯ МАСЛАҲАТХОНАСИ

Савол: Йўқолган кадастр паспортини қайта тиклаш учун нима қилиш керак?

Робия Самариддинова,

Дўстлик тумани.

Йўқолган кадастр паспортини қайта тиклаш учун ариза берувчи давлат хизматлари марказига ўзи келган ҳолда мурожаат этиши ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтиши керак. Агар сиз ўзингиз келиб мурожаат этган тақдирингизда, ДХМ ходимлари сизнинг номингиздан, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат этадилар ва белгиланган шаклдаги сўровномани электрон шаклда мустақил тўлдирадилар. Учинчи шахслар манфаати учун ҳаракат қилаётганда, сўровномага белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончнома ҳамда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни тасдиқловчи ҳужжат тақдим қилинади.

Кадастр (йиғма жилди) паспорти йўқолганда(яроқсиз ҳолга келганда), қоғоз ёки пластик шаклда янги кадастр паспорти икки иш куни мобайнида берилади.

Саволга Дўстлик тумани адлия бўлими ДХМ бўлим бошлиғи Равшан Рахимов жавоб берди.

 

 

Савол: “Лицензия” ахборот тизимидан қандай фойдаланса бўлади?

Мансур Баратов,

Дўстлик тумани.

Жавоб: Лицензия ахборот тизими орқали телекоммуникациялар тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларнинг хизматларини кўрсатиш учун лицензия олиш мумкин. Унга  “Лицензия” АТ – (license.gov.uz) ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали  (my.gov.uz)  орқали мурожаат қилинади. Хизматдан фақат юридик шахслар фойдалана оладилар. Аризани кўриб чиқиш учун тўланадиган йиғим миқдори — 330 000 сўм (БҲМнинг бир баравари). Аризани кўриб чиқиш муддати — 10 иш куни этиб белгиланган.

Эслатма: Лицензиялашда Вазирлар Маҳкамасининг Ахборот фаолияти ва маълумотлар узатишни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича идоралараро мувофиқлаштириш комиссияси билан келишиш лозим бўлган ҳолларда 25 иш куни.

Лицензиянинг амал қилиш муддати: телерадиоэшиттиришларни тарқатиш (трансляция қилиш) тармоқларидан фойдаланиш ва хизматларини кўрсатиш фаолиятига бериладиган лицензиянинг амал қилиш муддати–5 йил, кўчма радиотелефон (уяли) алоқа тармоқларидан фойдаланиш ва хизматлар кўрсатиш фаолиятига бериладиган лицензиянинг амал қилиш муддати –15 йил, лицензияланадиган фаолиятларнинг қолган турларига лицензия чекланмаган муддатга берилади.

 

Саволга Дўстлик тумани адлия бўлими ДХМ мутахассиси Мухлиса Нормуротова жавоб берди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *