Жиззах вилоят судида вилоят судлари, Жиззах вилоят Маъмурий суди ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Жиззах вилоят бўлими томонидан “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилди. Унда судларнинг 2023 йил давомидаги фаолияти ва одил судловни амалга ошириш, соҳадаги ислоҳотлар ҳақида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари ходимларига маълумотлар берилди ҳамда иштирокчилар судьялар ва судлардаги бўлимлар фаолияти билан яқиндан таништирилди.
Тадбирда Жиззах вилоят суди раиси Акрам Шукуров мамлакатимизда суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, одил судловни таъминлашнинг устувор вазифалари, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини ошириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасидаги янгиликлар ҳамда ўтган йили вилоят судлари томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида гапирди. Вилоят судлари фаолияти ҳақида видеолавҳа намойиш этилди.
Шундан сўнг вилоят маъмурий раиси Сарварбек Рахмонов, Жиззах вилоят суди раиси ўринбосари, жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Раҳматилла Орзиқулов, Жиззах вилоят суди раиси ўринбосари, иқтисодий ишлар бўйича судлов раиси Жамол Қаҳҳоров, Жиззах вилоят суди раиси ўринбосари, фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Нодир Расуловнинг ҳисоботлари тингланди.
Тадбир иштирокчилари Жиззах вилоят суди раиси Акрам Шукуров бошчилигида суд мажлисхоналарида судьялар ва судда қатнашувчиларга ҳамда фуқароларга яратилган шароитлар билан яқиндан танишиб, соҳани рақамлаштириш ишлари намунали ташкил этилганига гувоҳ бўлишди. Яъни, судларда бугунги кунда видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиш орқали суд мажлисида иштирок этиш, судлар томонидан кўриладиган ишларни судьялар ўртасида автоматик тақсимлаш, суд якуний хулосаларини интернет тармоғида жамоатчилик эътиборига ҳавола этиш ҳамда ижро ҳужжатларини ахборот технология воситаларидан фойдаланиб электрон шаклда юбориш каби механизмлар жорий этилди.
Соҳа вакиллари фуқароларнинг ортиқча оворагарчиликларига барҳам бериш ва фуқароларнинг суд билан тезкор боғланишини таъминлаш мақсадида электрон аризалар қабул қилиш босқичлари, суд девонхонаси, суд статистикаси, архив, аппеляция ва кассация бўлимларидаги иш жараёнлари ҳақида маълумотлар беришди ва қатнашчилар ходимларнинг иш фаолиятини кузатиш имкониятига эга бўлдилар.Тадбир давомида вилоят судлари раҳбарлари қатнашчиларни қизиқтирган барча саволларига батафсил жавоб беришди.
Васил ИЛЁСОВ.