ЯНГИ ЙИЛДА ЯНГИ МАРРАЛАР БЕЛГИЛАНДИ

“2023 йилда бюджет тушумлари ижроси ҳамда 2024 йилда амалга ошириладиган аниқ режа ва вазифалар” мавзусида бўлиб ўтган брифингда вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Бекзот Тошпўлатов  ўтган йилда “Солиқчи-тадбиркорга кўмакчи” тамойилига кўра янгича – “тадбиркорбай” тизими асосида манзилли ишлар олиб борилганлигини алоҳида таъкидлади.

Янги иш усубининг қўлланилиши натижасида бюджет даромадларига белгиланган прогноз кўрсаткичлари ортиғи билан бажарилди. Бу эса солиқ тушумларини прогнозлашда ва қўшимча манбалар аниқлашда янги имкониятлар яратиб беради. Вилоятга 2023йил учун бюджет даромадларига белгиланган 2 517 млрд.сўмлик прогноз 2 892 млрд.сўмга, яъни 115 фоизга бажарилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига (2 208 млрд.сўм) нисбатан 683 млрд.сўмга ёки 30  фоизга кўп демакдир.

Жиззах вилоятида 2024йил 1январь ҳолатига қўшилган қиймат солиғи тўловчилар сони 7499 тага етди,  бу ўтган йилнинг мос даврига  нисбатан 910 тага, яъни 114 фоизга ўсган.

Фаолият кўрсатаётган ҚҚС тўловчилар томонидан ўтган йил давомида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 августдаги 489-сон қарори билан тасдиқланган Низом талабларига асосан ҚҚС салбий фарқ суммасини (ортиқча тўлов) қоплаб бериш бўйича солиқ тўловчилар томонидан юборилган 120 та ҳолатдаги аризалар ижобий деб топилиб, 162,6 млрд.сўм ҚҚСнинг ортиқча тўлов суммалари уларнинг ҳисобрақамларига қайтариб берилган. Бу билан ушбу маблағлар тадбиркорлик субъектларининг ўз фаолиятларини ривожлантириш учун сарфлашга имкониятлар яратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан 2024 йил 1 январдан барча маҳаллаларга жисмоний шахслар томонидан тўланадиган мол-мулк ва ер солиқлари (нотурар жойлар бундан мустасно) бўйича ундирилган маблағларнинг 10 фоизи тегишли Жамғармаларга йўналтирилиши белгилаб қўйилди.

Прогноз кўрсаткичларини таъминлашда солиқ қарздорлигини ундириш асосий манбалардан бири ҳисобланади. Солиқ органлари томонидан 2023 йилда 229,2 млрд. сўм солиқ қарздорлиги ҳисобига 3439 та мол-мулклар хатловга олиниб, бунинг натижасида 178,3 млрд. сўм солиқ қарздорлиги ундирилди.

Яширин иқтисодиёт давлатимизнинг солиқ сиёсати ва бюджетнинг шаклантиришда энг катта тўсиқлардан бири эканлигини таъкидлаб, Б. Тошпўлатов шундай деди:

— Яширин иқтисодиёт бўйича вилоятда ўтган йилда банк ҳисобрақамлари орқали йирик миқдорда пул айланмалари ҳаракатини ҳамда фаолиятида шубҳали операцияларни амалга оширган 29 та тадбиркорлик субъекти аниқланди. Ушбу тадбиркорлик субъектлари ЭҲФ орқали 125,5 млрд. сўмлик товар (иш, хизматлар) реализациясини ҳамда 578,6 млрд. сўмлик товар (иш, хизматлар) харидини амалга оширган.

Ўтказилган солиқ текширувлари натижаси бўйича фаолиятида яширин иқтисодиёт билан шуғулланиш эҳтимоли юқори бўлган ҳамда фаолиятида шубҳали операцияларни амалга оширган 18 та тадбиркорлик субъекти бўйича текшириш ҳужжатлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.

Яширин иқтисодиёт, авваламбор, тўғри ишлаётган тадбиркорлар фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бугунги кунда интизомли тадбиркорлар “Қани адолатли рақобат?” деган ҳақли эътирозлар билдираётгани бежиз эмас.

Хуфиёна иқтисодиётнинг кичик бир элементи умумий овқатланиш корхоналарида ҳам мавжуд. Масалан, вилоят бўйича 634 та умумий овқатланиш корхоналари мавжуд бўлиб, шундан, 574 таси ёки 91 фоизи (йиллик айланмаси 1 млрд.сўмга етмаган) айланма солиғи тўловчиси ҳамда 60 таси ёки атиги 9 фоизи қўшилган қиймат солиғи тўловчиси ҳисобланади.

Вилоятимиз солиқчилари 2024 йил учун бюджет даромадларига белгиланган 2,1 трлн. сўмлик прогноз кўрсаткичларини 2,4 трлн. сўмга бажаришни олдиларига мақсад қилиб қўйишган. Солиқ бошқармасида ўтган брифингда вилоят ва республика ОАВ вакиллари ҳамда бир гуруҳ тадбиркорлар иштирок этишди.

Асад МУСТАФОЕВ

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *