Ободликнинг қўш қаноти

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йилнинг 11 сентябрида қабул қилган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармонида аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва ҳудудларда кундалик масалаларни ҳал этишда маҳаллани жамоатчилик ҳамда давлат органлари ўртасидаги «таянч кўприк»ка айлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

2023 йилда маҳаллаларнинг инфратузилмасини ривожлантириш, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари асосида асрларга татигулик ишлар бажарилди. Маҳаллаларнинг обод, тоза ва яшил ҳудудларга айланиб бошлаганидан биринчи галда у ерда яшаётган одамлар мамнун. Чунки маҳаллаларга ободлик билан маданият ҳам кириб келди. Бир вақтлар кечалари зимистон бўлган кўчаларга ёригичлар ўрнатилди, пиёдалар учун йўлаклар қурилди.

Масалан, Шароф Рашидов туманидаги “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонлари асосида иш бошланган “Янги ҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида йиллар давомида муаммо ва ечимсиз масалалар йиғилиб бораверди. Маҳалла ҳудудида битта мактабни ҳисобга олмаганда бошқа давлат идоралари, муассасалари йўқ. Балки шунинг учун ушбу маҳалла эътибордан четда қолгандир.

Лекин 2023 йилда ободонлаштириш шабадалари “Янги ҳаёт”га ҳам кириб келди. Давлатимиз раҳбарининг маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган 408-сонли қарори асосида маҳалладаги 10 та кўчадан учтасига асфальт ётқизилди, иккитаси шағаллаштирилди. Кўчаларга ҳашар йўли билан ёритгичлар ўрнатилди.

Ҳамма ишлар ўз маромида давом этарди-ю, лекин гўё самараси кўринмаётгандай эди. Худди Иван Криловнинг масалидай:

Бир куни Тошбақа, Балиқ, Ўрдак,

Қилдилар маслаҳат учи бирдак,

Дедилар: Биз аробакаш бўламиз,

Тортармиз аробани ва ё ўламиз.

Аравани ўрдак осмонга, балиқ сувга, тошбақа эса қуруқлик сари торта бошлади. Аммо арава жойидан қимирламасди. Маҳалла раиси ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, профилактика инспектори фаолиятини мувофиқлаштириши лозим эди. Аммо аниқ ваколатга эга эмаслиги, “Маҳалла бешлиги”нинг ҳар бири бешта ташкилотдан маош олиши гоҳида масалда баён этилгандай натижани кўрсатарди.

Муваффақиятнинг отаси кўп бўлади, деганларидек қандайдир ютуққа эришилса, “бешлик”даги ходимларнинг ҳаммаси бу ҳақда ҳисоботларига киритишга, камчиликлар ҳақида гапирмасликка ҳаракат қилишга ўрганиб қолишди. Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 21 декабрдаги «Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони бундай бошбошдоқликка барҳам берди. Фармонда маҳалла раисининг барча фаолларга раҳбарлик қилиши, иш ҳамда вазифалар ҳамжиҳатликда бажарилиши белгилаб берилди.

Биз “Янги ҳаёт” маҳалласига борганимизда “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонлари асосида бажарилаётган вазифалар натижаси, қилинадиган ишлар режалари муҳокама қилинадиган штабдаги иш қизғин эди. Хотин-қизлар фаоли Гулнора Исомхонова барча фаоллар фуқаролар йиғини биноси қурилишида эканлигини айтди.

Ёмғир ёғиб ўтганига қарамай маҳалла аҳли ҳашар ташкил этган экан, кимдир дарахтларни каллаклаб шакл бермоқда, аёллар эса йўлларни супуриб тозаламоқда.

“Янги ҳаёт” ҳам ўз идорасига эга бўлмаган маҳаллалардан бири ҳисобланарди. Қурилишда ҳам иш қизғин, усталар бинонинг пойдеворини кўтаришаётган экан.

— Туман ҳокимининг ёрдами билан ишни бошлаб юбордик. Маҳалламиз усталари ҳам қараб туришгани йўқ, насиб қилса биз ҳам ўз идорамизга эга бўламиз,- дейди маҳалла раиси Содиқ Қурбонов.

Раиснинг гапига қараганда маҳаллада тез-тез ҳашарлар ташкил этилар экан. Уларга оқсоқоллар бош, ёшлар ёнбош бўлиб анча хайрли ишларни бажариб қўйишибди.

Дарҳақиқат, маҳалла ёнидан “Жиззах – Мирзачўл” автомобил йўли ёқасига экилган дарахтларга бежирим шакл берилган, боғбон қўли текканлиги сезилиб турибди, танасининг паст қисми оқлаб қўйилибди. Кўчалар ҳам тоза, ҳар бир хонадон соҳиби ўз ҳовлиси атрофини тозалигига масъул. 2023 йилда маҳалла ҳудудига “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 3100 туп дарахт кўчатлари ўтқазилиб, улар парвариши бўйича масъуллар белгиланди.

— Маҳалламизда ёлғиз қариялар, ёши улуғ инсонлар, боқувчисини йўқотган оилалар бор. Ҳовли ва хонадонларни таъмирлаш бошланганида уларнинг ҳовлиларини ҳашар қилиб тозаладик. Уйларини таъмирлаб, ҳовлисини гул, кўкатлар экишга тайёрлаб қўйдик, -дейди ҳоким ёрдамчиси Миржаҳон Хурсандов.

Айни пайтда маҳаллада 1000 метр масофага ичимлик суви қувурлари ётқизилмоқда. Бешта кўчани асфальт қилиш режаси белгиланган. 1,6 км. табиий газ тармоғи тортилибди.

Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш имкониятлари мавжуд. Томорқадан самарали фойдаланиш ҳисобига, ўзини-ўзи банд қилиш, кичик бизнес субъектлари очиш ҳам мумкин.

— Маҳаллада 651 та хонадон бор, уларнинг 95 фоизи чорвачилик билан шуғулланади, -дейди ҳоким ёрдамчиси. — Лекин одамлар ҳовлисига иссиқхона қуриб қўшимча даромад олишни ҳам ўрганишмоқда. Биз уларга қўлимиздан келганча ёрдам бераяпмиз.

Маҳалла оқсоқолларидан бири Бахтиёр Маманов ҳовлисида 1,5 сотих ерга иссиқхона қуриб, кўкат етиштирмоқда. Унинг турмуш ўртоғи Гулнора опа бош бўлиб, келинлари ва набиралари билан экинларни парвариш қилишмоқда. Кўкатлар узишга тайёр бўлиши билан боғ-боғ қилиб, Пахтакор шаҳар бозорига етказиб беришмоқда.

Шойимардон ака Қаршибоев эса ҳақиқий деҳқон, ҳовлисидаги иссиқхонага доим бодринг экади. Баҳор бошланиши билан далага чиқиб кетади, даладан ер олган. У ерга кузда ғалла экиб қўйибди. Ғаллани ўриб олиши билан, ерни оралиқ экинлари учун тайёрлайди.

— Тўкинлик, қут-бараканинг отаси меҳнат бўлади, -дейди Шойимардон ака. — Даладан олаётган ғалламиз ёрдамчи хўжалигимиздаги чорвага озуқа, кейинги экинлар ҳосилини кузда бозорга чиқарамиз. Насиб қилса йўл ёқасидан дўкон қуришни кўзлаб турибман. Янги узилган бодринг, сабзавотларнинг харидори кўп бўлади.

Айни пайтда маҳаллада  ҳовлисига иссиқхона қурганлар сони 22 тага етибди. Одамлар йилдан йилга фаровон ҳаёт кечиришга интилмоқда. Энг асосийси уларда эртанги кунга ишонч  пайдо бўлди. “Янги ҳаёт” маҳалласи ҳам шу тариқа ўз номига яраша янгиланиб бораверади.

Асад МУСТАФОЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *