Спорт ва ёшлар
Вилоятимизнинг барча туманларига спорт жиҳозлари карвони етиб келди.
Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармасининг туман ва шаҳар бўлими бошлиқлари ҳамда спорт мактаблари ходимлари иштирокида вилоятимиздаги 308 та маҳалла ёшлар етакчиларининг иш фаолияти самарадорлигини янада ошириш мақсадида уларнинг ҳар бирига спорт анжомлари топширилди.
Воҳамизда соғлом турмуш тарзи ва спортни кенг тарғиб этиш, ўғил-қизларнинг бўш вақтларини мазмунли тақсимлаш мақсадида маҳалла ёшлари ўртасида “Беш ташаббус олимпиадаси” мунтазам ўтказиб келинмоқда. Ушбу спорт анжомларини топширишдан асосий мақсад ҳам ана шу мусобақаларни янада оммалаштириш ва унинг кўламини кенгайтиришдан иборат. Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали маросимда вилоят Спорт бошқармаси бошлиғи Жалолиддин Ўктамов ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Отабек Мусурмоновлар сўзга чиқиб, Президентимизнинг мазкур совғаси ёшларга, спортчиларимизга катта ишонч намунаси эканини таъкидлашди.
—Ушбу эътибордан ёшларимиз жуда мамнун, —дейди вилоят Спорт бошқармасининг ахборот хизмати мутахассиси Мансурбек Ҳайдаров. — Бу маҳаллаларда ўғил-қизлар ўртасида ўтказилаётган спорт мусобақаларининг янада жонли, самарали ўтиши учун хизмат қилади. Уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, 2024 йилда бўлиб ўтадиган баҳсларга пухта ҳозирлик кўришда ушбу тўрт турдаги анжомларнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Ёш спортчиларимизнинг янада чиниқиши, беллашувларда тобланиши учун керакли шароитлар яратилаётганлиги қувонарли.
Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.