ЧАРЛИ ЧАПЛИН: ЛОНДОН ХАРОБАЛАРИДАН АМЕРИКА ЧЎҚҚИЛАРИГА

1911 йил пулсиз ва ёш мьюзик-холл артисти Англияни Америка орзусида тарк этди. Унинг келажаги номаълум, худди туманли альбион об-ҳавоси каби мубҳам эди. Аммо йигитча келажаги ўтмишидан  яхшироқ бўлишига қаттиқ умид қиларди.

У Лондоннинг шарқий қисмидаги харобалар орасида катта бўлди, камбағалликнинг оғир юки елкасини яғир қилиб юборди. Онаси охир-оқибат ақлдан озган, бунга машаққатли ҳаёт тарзи ҳам сабаб бўлганди. Отасини эса ичкиликбозлик адо қилди. Уларнинг ҳар иккиси артистлар бўлиб, бир кун келиб юлдуз бўлишга умид қилишарди.  Бу орзу уларнинг ўғлида амалга ошишига ўша пайтда ҳеч ким ишонмасди.

Ота-онасининг санъатдаги муваффақиятсизлиги Чарлида қатъий аҳд пайдо қилди. 1914 йилдан бошлаб унинг некбинлиги ва курашувчанлиги ўзини оқлай бошлади. Чарли Чаплин Америкада энг кўп тилга олинадиган шахсга айланди. У овозсиз фильмлар қироли, деб ном чиқарди. У нафақат биринчи рақамли актёр ва комик, балки режиссёр сифатида ҳам обрў қозонди.

У қандай қилиб қисқа вақт ичида машҳурлик чўққисига кўтарилди? У ютуқларига маҳлиё бўлиб қолмасдан, бошқа машҳур комик актёрларнинг муваффақиятлари , ҳаётий кузатишлар натижасини ўзи учун қайд қилиб борди. Улардан ғоялар “ўғирлади” ва ўз услубини яратди. Масалан, цилиндрли шляпаси махфий имо-ишора учун ишлатилган ва у банкирларнинг хатти-ҳаракатидан олинган. Машҳур ҳассасидан эса чалкашиб юришини далиллаш, яна душманларини солиб қолиш учун  фойдаланган. Оёғини кериб юришини бўлса, Лондондаги оёқ оғриғидан шикоят қилувчи такси ҳайдовчисининг юришидан олинган.

1915 йили Чарли Чаплин  ўн тўртта фильмни суратга олади. У экранга олиб чиққан қаҳрамонлар ҳаётда камситилган, омади юришмаган “кичкина инсон”лар бўлиб, уларнинг бирдан-бир бойлиги – қалбидаги меҳр эди. У “Чемпион”, “Иммигрант”, “Милтиқлар елкага олинсин” сингари фильмларида айнан ана шундай қаҳрамонлар образларини гавдалантиради. Шунингдек, унинг Дарбадар жентльмен”, “Нью Йоркдаги қирол”, “Гонгконглик қирол” каби фильмлари ҳам катта шуҳрат қозонади.

Буюк актёр 1977 йили Рождество байрами тонгида 90 ёшида вафот этди. Унинг “Мен учун санъатда энг муҳи­ми –­ инсонни тасвирлаш!”. “Ҳақиқат. Ҳақиқат! Ҳақиқат! Менга бошқа нарсанинг аҳамияти йўқ” сўзлари, меҳрга тўла кўзлари санъатнинг такрорланмас вакилига айлантириб, қалбларда мангу қолдирди.

Муқаддас Сапарова тайёрлади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *