СУД ҲОКИМИЯТИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР

Сўнгги йилларда суд тизимидаги янгиланишлар ва амалга оширилган ишлар натижасида одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди. Мамлакатимизда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш, шунингдек фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш, давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилди.

Жумладан, суд инстанцияларининг қисқариши, охирги қарорларни кассация инстанцияси сифатида фақатгина Олий суднинг ўзи қабул қилиши лозимлиги фуқароларнинг суд орқали ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ноқулайликлар туғдирди. Чунки, айрим ишлар бўйича қабул қилинган суд қароридан норози бўлган шахслар биринчи ва апелляция қароридан кейин бевосита Олий судга мурожаат этиши, кассация инстанцияси судида иш ҳажмининг ортиб кетишига олиб келди, бу эса юқори инстанция судида ишларнинг кўрилиш муддати ва сифатига ўзининг салбий таъсирини кўрсатди. Ушбу масалаларни ҳал этиш йўллари давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонларида белгилаб берилди.

Мазкур фармонлар билан Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, шунингдек, суд ҳокимиятининг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолиятининг самарадорлиги ва одил судлов сифатини ошириш мақсадида 2023-2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастури тайёрланди. Шунингдек, фармон талабларидан келиб чиққан ҳолда амалдаги бешта процессуал кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳалари тайёрланиб, улар 2023 йилнинг сентябрь-декабрь ойларида қабул қилинди. 2024 йил 1 январдан бошлаб кучга кирди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 25 декабрдаги “Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-889-сонли Қонуни қабул қилинди.

Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ишларни кўришнинг ўта марказлаштирилишига барҳам бериш, фуқароларнинг олис ҳудудлардан судга келиб сарсон бўлишининг олдини олиш мақсадида вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судларда ишлар апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида кўрилишини, ишлар тафтиш тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатида ва алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатида кўрилишини ҳамда юқори инстанция судлари томонидан ишларни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш тартиби бекор қилинишини, шунингдек ерга оид ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ ишларни маъмурий судлар томонидан кўришда прокурор иштирок этиши шартлигини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Мазкур Қонун фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида назарда тутилган суд орқали ҳимоя қилиниш ва судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатларини янада оширишга, уларнинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек қонуний манфаатларини кенгроқ ҳимоя қилишга, одил судловга эришиш даражасини янада оширишга, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига, суд қарорларини қайта кўришда ўрта бўғин — вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар имкониятларидан самарали фойдаланишга, шунингдек фуқароларнинг судлардаги ортиқча харажатлари тежалишига хизмат қилади.

 

 

Фахриддин  ИБОДУЛЛАЕВ,

Жиззах вилоят маъмурий судининг судьяси.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *