—Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси йўқолса нима қилиш керак?
— Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини тайинлаш учун фақат меҳнатга лаёқатсизлик варақаси (касаллик варақаси) асос бўлади. Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси йўқолганда, нафақа унинг дубликати асосида берилади. Нафақа вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган ёки ходимга ногиронлик белгилангунгача бўлган давр учун ҳатто бу даврда ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳолларда ҳам берилади. Ходимни меҳнатга қобилиятсизлик вақти унинг йиллик таътил даврига тўғри келиб қолса, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган барча кунлар учун нафақа тўланади.
Фарруҳ Мирзаев,
Пахтакор тумани адлия бўлими юридик хизмат кўрсатиш маркази бошлиғи.
— Ходим бола парваришлаш таътилида бўлган даврда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси қандай тартибда берилади ва тўланади?
—Меҳнат кодексининг 405-моддасига асосан, ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин, аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш таътили берилиб, бу давр учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда нафақа тўланади.
“Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг 29-банди учинчи хатбошисига кўра, бола икки ёки уч ёшга тўлгунга қадар парваришлаш учун бериладиган таътил ёки иш ҳақи сақланмаган ҳолда қўшимча таътилда бўлган аёлларнинг такрорий ҳомиладорлиги учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси умумий асосда берилади.
Воҳиджон Қодиров,
Пахтакор тумани адлия бўлими юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрисконсульти.