ФАРЗАНДИНГИЗ КУТУБХОНА АЪЗОСИМИ?

Яқинда ижтимоий тармоқлар орқали “Фарзандингиз кутубхона аъзосими?” савол-жавоблари ўтказилганда 30 фоиз ота-оналардан ижобий жавоб олинган. Шундан 25 фоизи вилоятимиздаги ихтисослаштирилган мактабларда таҳсил олгувчи, асосан битирув ёшидаги йигит-қизлардир.

Улар турли сертификатлар олиш ниятида чет тилларини ўрганаётган, дарс тайёрлаш учун кутубхонага ташриф буюрувчилардир. Мутолаага иштиёқманд, бадиий китоблар ўқиш учун келадиган ёшлар аъзоларимизнинг кам қисмини ташкил этади. Шу ўринда умумтаълим мактабларининг бошланғич синф ўқитувчиларига ҳамда 5-6-7-синфларга дарс бергувчи ўзбек адабиёти фани ўқитувчиларига бир савол билан мурожаат қилмоқчиман: Янги ўқув йилида ёшларни мутолаага қизиқтириш мақсадида амалга оширмоқчи бўлган ишларингиз орасида ўқувчиларингизни кутубхонага олиб келиш режаси ҳам борми?

Умид қиламизки, жавобингиз ижобий. Шундай экан, Ш.Рашидов номидаги вилоят ахборот кутубхона маркази Абонементлар секторида ташкил этилган болалар бўлими ҳақида қисқача билиб олишингиз фойдадан холи бўлмайди. Абонементлар сектори фаолияти ёш китобхонлар онги ва шуурида миллий-маънавий, ахлоқий қадриятларни шакллантиришга, уларни мустақил ва теран фикрловчи, умуминсонийлик, олийжаноблик, ватансеварлик, илмга иштиёқли, камтарлик каби фазилатлар соҳиби бўлиб улғайишларига қаратилган. 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар учун Абонементлар сектори фондида 11 минг 519 нусха китоб мавжуд. Шулардан бадиий адабиётлар 5410 нусхада, фан тармоқлари 4391, рус тилидаги адабиётлар 503, болалар адабиёти 1215 нусхадан иборат.

  • Болалар учун ёш ва қизиқишларига мос китобларни тақдим этиш;
  • мактабгача ва мактаб ёшидаги болаларнинг ўқишини рағбатлантириш;
  • таълим муассасалари билан ҳамкорликда маданий-маърифий тадбирлар ташкил қилиш;
  • китоб ўқиш орқали болаларнинг нутқини, тафаккурини ва ахлоқий тарбиясини шакллантириш болалар бўлимининг асосий вазифаларидир.

Эртаклар, афсоналар, оммабоп нашрлар, таълимий ва тарбиявий адабиётлар, расмли китоблар, энциклопедиялар, журналларни ўқиш учун танлашда болалар билан ишлашнинг махсус тайёргарлигига эга, уларнинг ёши, психологик ҳолатларини инобатга олгувчи 4 нафар мутахассис хизмат кўрасатиб келмоқда. Улар янги уқув йили бошидан болажонларни китобга бўлган қизиқишларини янада ошириш мақсадида “Эртаклар соати”, “Расмлар танлови”, “Қизиқарли савол жавоблар” мавзусида давра суҳбатлари ташкил этишди.

Жорий йил бошидан олиб борилган кузатув натижаларига кўра мазкур бўлимга бир ойда 900га яқин болалар ташриф буюрмоқда. Бироқ бу рақам воҳамизда 14 ёшгача бўлган болажонларнинг жудаям оз қисми дегани. Шу боисдан бугун ҳар биримиз ота-она, бобо-бувилар ва умумтаълим мактабининг ўқитувчилари сафида жамиятимизда “бола маърифати” тушунчасини шакллантиришда бурчли эканлигимизни унутмаслигимиз лозим.   

Дилфўза МАМАТҚУЛОВА,

Ш.Рашидов номидаги вилоят

ахборот-кутубхона марказининг

Абонементлар сектори мудири.

 

Суратда давра суҳбатидан лавҳа.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *