ҲОКИМ ҚАРОРИ ҲАҚИҚИЙ ЭМАС ДЕБ ТОПИЛДИ

Аризачи Жиззах шаҳар прокуратураси давлат манфаатида судга ариза билан мурожаат қилиб, аризасида жавобгар Жиззах шаҳар ҳокимлигига нисбатан, Жиззах шаҳар ҳокимининг 2021 йил 9 июндаги 293-сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топишни сўраган.

Аниқланишича, Жиззах шаҳар ҳокимининг 2021 йил 9 июндаги 293-сонли қарори билан фуқаро И.Х. га фермер хўжалиги юритиш учун ер участкаси ижарага ажратилган.

Ушбу ноқонуний қарор Жиззах шаҳар прокуратурасига низоли қарор билан давлат манфаатлари бузилганлиги тўғрисида 2022 йил 24 июнь куни қўзғатилган жиноят иши доирасида аниқланган. Ариза маъмурий судга 2022 йил 21 сентябрь куни келиб тушган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги «Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонининг 8-бандида ушбу фармон расман эълон қилинган кундан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Ер кодексига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгунига қадар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар маҳаллий вакиллик ва ижро ҳокимияти органлари томонидан мазкур фармонда назарда тутилганидан бошқача тартибда ер участкаларини ажратиш қатъиян тўхтатиш белгиланган. Мазкур фармон 2021 йил 9 июнь куни расман эълон қилинган.

Жиззах шаҳар ҳокимлиги томонидан 2021 йил 9 июндаги 293-сонли қарорини қабул қилишда юқорида кўрсатилган фармон талаблари қўпол равишда бузилган. Суд аризани тўлиқ қаноатлантириб, Жиззах шаҳар ҳокимининг 2021 йил 9 июндаги 293-сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топади.

Суд юқорида кўрсатилган қонун талабларига мувофиқ ҳал қилув қарорининг ижроси тўғрисида судга ва аризачига суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир ой ичида хабар қилиш мажбуриятини жавобгар зиммасига юклаш лозим, деган хулосага келади.

Аризачи Жиззах шаҳар прокуратурасининг давлат манфаатида, жавобгар Жиззах шаҳар ҳокимлигига нисбатан, Жиззах шаҳар ҳокимининг 2021 йил 9 июндаги 293-сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақидаги аризаси тўлиқ қаноатлантирилиб, Жиззах шаҳар ҳокимининг 2021 йил 9 июндаги 293-сонли қарори ҳақиқий эмас, деб топилди ва ер майдони давлат захирасига қайтариб олинди.

 

А.САЙФИТДИНОВ,

Жиззах вилоят маъмурий суди судьяси.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *