УНИВЕРСИТЕТДА ҲОМИЙЛИК КЕНГАШИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Қозон федерал университети Жиззах филиалининг иш бошлаганига қисқа вақт ўтганлигига қарамай, вилоятда етакчи олий ўқув юртлари қаторидан жой олди. Ҳозирги пайтда ҚФУ Жиззах филиалида газ ва нефт конлари геологияси, дастурий инжиниринг, технологик жараёнларни автоматлаштириш, иқтисодиёт, даволаш иши, стоматология, фармация, тиббий биокимё, журналистика, тилшунослик каби 11 та бакалавриат таълим ҳамда ихтисослик йўналишлари бўйича кадрлар тайёрланмоқда.

Мазкур олий таълим муассасасининг вилоятда тутган ўрни ва аҳамияти эътиборга олинган ҳолда вилоят ҳокимлигида ҳомийлик кенгашининг ташкил этилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Тадбирни кириш сўзи билан очган вилоят ҳокими Эргаш Салиев ҳокимлик ва Қозон федерал университетининг қўшма қарорига асосан ҳомийлик кенгаши ташкил этилганини эълон қилди.

 

Қўшма қарорга мувофиқ ҳомийлик кенгаши раиси этиб вилоят ҳокими Эргаш Салиев, раис ўринбосарлигига Қозон федерал университети ректори Ленар Сафин, федерал университетнинг Жиззах филиали ижрочи директори Озод Бобомуродов кенгаш котиби этиб тайинланди. Ҳомийлик кенгаши аъзолигига яна 23 киши – Ўзбекистон Республикаси ва Россиянинг вазирликлари, илмий марказлар, йирик ишлаб чиқариш корхоналари, соғлиқни сақлаш бошқарма ва муассасалари раҳбарлари тайинланди.

Тадбирда техника фанлари доктори, вилоят ҳокими ҳомийлик кенгашининг мақсад ва вазифаларига алоҳида тўхталиб, кончилик, саноат корхоналари ҳамда соғлиқни сақлаш соҳаларига кадрлар тайёрлаш Янги Ўзбекистон тараққиёти учун аҳамияти катта эканлигига урғу бериб, ҳомийлик кенгаши аъзолари федерал университет Жиззах филиалига ҳар томонлама кўмак бериши лозимлигини таъкидлади.Қозон федерал университети ректори Ленар Сафин сўзга чиқиб Россия ва Ўзбекистон давлатлари ўртасидаги дўстона алоқалар янада мустаҳкамланиб, турли соҳалардаги ҳамкорлик уфқлари кенгайиб бораётганига юқори баҳо берди.

 

— Айниқса, университетимизнинг Жиззах филиалининг фаолияти учун катта имкониятлар, шароитлар яратиб берилгани таълим ва кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорлигимизнинг яққол намунаси бўлиб қолади, -деди Ленар Сафин. — Бугун буйруғимга асосан Жиззах филиалида профессор ва ўқитувчилар умумий йиғилишида  илмий кенгаш тузилиб, таркиби тасдиқланди. Эндиликда филиалнинг ўзида олимлар ва олий маълумотли кадрларни тайёрлаш, шифокорлар малакасини ошириш ишлари олиб борилади.

Тадбирда сўзга чиққанлар ҳомийлик кенгашининг ташкил этилиши федерал университетнинг Жиззах филиалининг янада ривожланиши учун муҳим омил бўлишини қайд этдилар.

Тадбирда вилоят ҳокимлиги ва Қозон федерал университетлари ўртасида ҳомийлик кенгашини ташкил этиш, унинг умумий қоидалари, ҳомийлик кенгашининг ваколатлари, иш тартибини тасдиқлаш тўғрисида шартномалар имзоланди. Шартномаларни вилоят ҳокими Эргаш Салиев ва Қозон федерал университети ректори Ленар Сафин имзолади.Шунингдек, федерал университетнинг Жиззах филиали қошида клиника қуриш бўйича филиал ижрочи директори Озод Бобомуродов ҳамда Ҳиндистон ҳукумати вакили жаноб Парта Сарти ўртасида келишув имзоланди.

 

— Филиалда қурилажак клиника даволаш ишлари билан бирга олим ва талабаларнинг илмий ишлар олиб боришлари, амалий машғулотлар ташкил этишлари ва лаборатория тажрибалари ўтказишда асосий муассаса бўлади. Айни пайтда қурилиш ишларини бошлаш учун лойиҳа ҳужжатлари тайёр, келишувга эришилди, тез орада амалий ишга киришамиз, -деди ҳиндистонлик инвестор доктор М.S.N. Прасад.

Мамлакатимиз билан иқтисодий-ижтимоий, таълим ва фан йўналишларида ҳамкорлик қилиш истагида келаётган хорижий компаниялар, олий ўқув юртлари, марказлар сони кундан кунга кўпаймоқда. Юртимиздаги тинчлик ва осойиталик, хорижий инвесторларга яратилаётган шароитлар, ёшларимизнинг илмга бўлган иштиёқи уларни ҳамкорликка чорлаб турибди.

 

Асад МУСТАФОЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *