Воҳа хабарлари

БИРГАЛИКДА КЎЧАТ ЭКАМИЗ

Янгиобод. “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасида Сармич маҳалласида янги боғ барпо этилди. Кенг жамоатчилик вакиллари, оқсоқоллар, ёшлар, хотин-қизлар, маҳалла аҳолиси шу куни янги боққа 400 туп мевали дарахт кўчаларини ўтқазишди. 3-сон мактабгача таълим ташкилоти ташаббуси билан эса шу муассаса ҳудудига 200 туп бодом дарахти кўчатлари экилди. Янги боққа “Болажонлар боғи” деб ном берилди.

Шароф Рашидов. Туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси ишчи-хизматчилари ташаббуси билан 4 Р 38 йўлининг 10,5 километр қисмидаги бўш ер ўзлаштирилди. 2 гектарни ташкил этувчи янги боққа манзарали ва мевали дарахт кўчатлари қадалди. Ҳашарда туман ички ишлар бўлими ходимлари ҳам фаол иштирок этишди. Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий поликлиника ходимлари  кузги кўчат экиш тадбирида ҳашар уюштиришди. Атроф тозаланиб, дарахтларга шакл берилиб,  оқланди. Тиббиётчилар томонидан икки юздан ортиқ кўчатлар экилди.

КУЗ-ҚИШ МАВСУМИГА ТАЙЁРГАРЛИК НАЗОРАТДА

Республика ишчи гуруҳи томонидан вилоятимиз шаҳар ва туманларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнлари қандай кетаётганлиги ўрганилмоқда.

Жумладан, республика ишчи гуруҳи Шароф Рашидов туманидаги қатор ижтимоий объектларни кўздан кечиришди. “Куёвбоши”, “Зиёкор”, “Саройлик”, “Тоқчилик”, “Қангли” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактаблари, қишлоқ врачлик пунктларида бўлган ишчи гуруҳ аъзолари ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар юзасидан мутасаддиларга топшириқ ва кўрсатмалар беришди.

Қангли маҳалласидаги 14-умумтаълим мактаби инвестиция дастурига асосан 7,8 миллард сўмлик маблағ эвазига мукаммал таъмирдан чиқарилди. Куёвбоши маҳалласига 2 километрлик янги газ тармоқлари тортилди.

АВТОБУС ЙЎЛАКЛАРИ БАРПО ЭТИЛАДИ

Жиззах шаҳрида жамоат транспорти доимий ҳаракатланадиган кўчаларда алоҳида автобус бекатлари барпо этилади. Талаб этилган кўчаларни ва унинг масофаларини аниқлаш бўйича  ишчи гуруҳи тузилди.   Вилоят ЙҲХБ, транспорт ва вилоят автомобиль йўллари бош бошқармалари билан ҳамкорликда Жиззах шаҳрининг Тошкент ва Навоий кўчалари кесишмасидан Навоий ва Шифокорлар кўчаси кесишмасигача бўлган 2620 метр, Шароф Рашидов ва Истиқлол кўчалари кесишмасидан Шароф Рашидов ва Ислом Каримов кўчалари кесишмасигача бўлган 1690 метр, Ислом Каримов ва Мустақиллик кўчалари кесишмасидан Мустақиллик кўчаси ва Олмазор массивигача бўлган 3500 метр масофадаги йўлларда махсус автобус йўлаклари ҳаракати ташкил қилинади. Бу ишлар босқичма-босқич амалга оширилади.

АМБУЛАНСЛАР ЭГАЛАРИГА ТОПШИРИЛДИ

Вилоятимизда фаолият юритаётган “103” хизматларига навбатдаги 16 та бешинчи авлод “Wolkswagen Caddiy” тез тиббий ёрдам машиналари топширилди. Бахмал ва Ғаллаорол тиббиёт бирлашмаларига  иккитадан, қолган туманларга биттадан замонавий амбуланслар етказилиб берилди.

Қайд этиш керакки, “Wolkswagen Caddiy” юқори техник кўрсаткичга эгалиги, ҳаракатланиш тезлигининг юқорилиги ва ихчамлиги билан ажралиб туради. Мазкур автомашиналарни лойиҳалаш ва жиҳозлаш шифокорлар ва беморларга имкон қадар қулайлик яратиши билан аҳамиятлидир.

Зоир КАЛОНОВ.

(“Жиззах ҳақиқати”)

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *