Дарҳақиқат, касалликни эрта аниқлаш – уни самарали даволашнинг гаровидир. Бу жумла айниқса ОИВ инфекцияси учун ўта долзарб ҳисобланади. Сабаби ҳали бу дардни тўлиқ даволашнинг иложи йўқ ва замонавий ташхислаш ёрдамида бу дарднинг кечишини назорат қилиш, даво чораларини белгилаш ҳамда беморнинг тўлақонли ҳаёт кечиришига кўмаклашиш мумкин. Замонавий ташхис қўйиш усуллари ҳам касалликни юқтириб олгандан кейин камида икки ҳафтадан кейингина аниқлаш имкониятига эга ва ОИВ инфекциясига эрта ташхис қўйиш жуда муҳим ҳисобланади.
Ачинарлиси шуки, кўпчилик одамларнинг фикрича ОИВ инфекциясига чалинган одамда касаллик аломатлари улар ўйлаганчалик тезлик билан ва ўта суронли бошланмайди, аксинча узоқ муддат ҳаттоки ўн йилгача яширин тарзда кечиб, кейинчалик аломатлар кўриниши мумкин. Бундай ҳолатда ОИВ инфекциясини юқтириб олган киши ҳам атрофдагилар ҳам бу ҳолат ҳақида билмасдан юраверадилар. ОИВ инфекцияси организмнинг иммун системасини зарарлаб, ОИТС босқичига ўтгандан кейин унга қарши курашиш анча мушкул бўлади.
Барчамиз шуни аниқ билиб олишимиз керакки, ОИВ инфекциясига чалинган кишилар ва ОИВ учраш хавфи юқори бўлган гуруҳга таалуқли кишилар, бесоқолбозлар, енгил табиатли кишилар, наркотик моддаларни истеъмол қилувчи шахслар ҳам жамиятда, орамизда худди оддий кишилардек ўқиб, ишлаб юрибдилар. Улар ҳам жамоат тадбирларида қатнашиб, кўпчилик қатори ижтимоий ва тиббий хизматлардан фойдаланадилар. Афсуски ҳеч биримиз ОИВни юқтириб олиш хавфидан кафолатланмаганмиз. Ҳиссиётларга берилиб бегона шахслар билан ҳимояланмасдан яқинлик қилиш, тўлиқ стерилизация қилинмаган асбоб-ускуналар ёрдамида баданга турли хил тасвирлар тушириш (татуировка) ва шу каби ҳолатларда ушбу дардни юқтириб олиш мумкин. Ҳаётда хато қилмайдиган кишилар деярли бўлмайди, қилинган хатоларни ортга қайтариб ҳам бўлмайди, фақатгина қилинган хатоларнинг оқибатларини камайтириш учун тўғри йўлни танлаш керак холос. Бунинг учун касалликни эрта аниқлаш мақсадида ОИТСга қарши курашиш марказларига мурожаат қилиш кифоя.
ОИВ инфекциясига чалинган кишиларда кузатилиши мумкин бўлган илк аломатлари бўйин, чов ва қўлтиқ ости лимфа тугунларининг катталашуви, узоқ муддатли сабабсиз иситма, бош ва мушакларда оғриқ, оғиз бўшлиғининг замбуруғли касалликлари, тунги терлаш, бўғимларда оғриқ, даволаш самарасиз бўлган узоқ муддатли ич кетиши, сабабсиз озиб кетиш, баданга турли хил тошмаларнинг тошиши билан белгиланади. Ҳозирги кунда ташхис қўйишнинг турли хил замонавий усуллари мавжуд. ОИВга ташхис қўйишнинг икки даражали усуллари бор, бири тўғридан-тўғри қондаги ОИВ вирусини ва унинг миқдорини аниқлаш бўлса, иккинчиси қондаги организмда ОИВ вирусига қарши пайдо бўлган антитаначаларни аниқловчи усуллар. Булар ИФА (иммунофермент анализ), ИБ (иммуно блотинг), Экспресс-тест ИХА (иммунохроматография), ПЗР (полимераза занжирли реакция) усуллари. Бу усулларнинг сезгирлиги ва спецификлиги жуда юқори. Экспресс-тестнинг бир қанча афзалликлари мавжуд бўлиб, таҳлил учун кам вақт сарфланиши, олиб юриш осонлиги, таҳлил учун махсус асбоб ускуна ёки махсус тайёргарликдан ўтган мутахассис бўлиши шарт эмаслиги, таҳлил учун кўп миқдорда қон ёки қон зардоби керак эмаслиги, ҳатто сўлак ёки оғиз бўшлиғи транссудати орқали текшириш мумкинлиги, нархлари нисбатан арзонлиги ва тестларни топишда қийинчиликлар йўқлигидир.
Мамлакатимиз аҳолисининг соғлиғини мустаҳкамлаш, касалликларга эрта ташхис қўйиш ва даволаш самарадорлигини ошириш мақсадида қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан Жиззах вилояти аҳолиси орасида касалликни эрта аниқлаш мақсадида вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази ходимлари режа асосида ҳар йили ташкилотлари ва маҳаллаларда ОИВ инфекцияси, вирусли гапатит В, С инфекцияларига тезкор текширишларни амалга оширмоқда. Касалликни эрта аниқлаш унинг салбий оқибатларининг камайишига, асоратлар бермаслигига, даволашда юқори самарадорликка эришишга ва беморларнинг тўлақонли ҳаёт кечиришга сабаб бўлувчи омил ҳисобланади. Соғлиғингизга эътиборсиз бўлманг, касалликларга ўз вақтида қарши курашинг.
Охмурод ХУДОЙНАЗАРОВ,
вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази шифокори.