ЗАФАРОБОДДА ЧЕМПИОНЛАР САФИ КЎПАЙМОҚДА

Замонавий услубда барпо этилган туман болалар ва ўсмирлар спорт мактаби навқирон авлод вакилларининг севимли маскани. Айни пайтда спорт мактабида 600 нафардан зиёд болалар ва ўсмирлар спортнинг 15 тури билан шуғулланишмоқда. Ёшларга 33 нафар мураббийлар спорт сирларини ўргатаётир. 

—Ўтган йил ёш спортчиларимиз республика чемпионат ва кубок мусобақаларида 1 та олтин, 17 та кумуш ва 39 та бронза медалларига сазовор бўлганди, —дейди мактаб директори Дилшод Пармонов.— Жорий йил бошидан буён тарбияланувчиларимиз 4 та олтин, 9 тадан кумуш ва бронза медалларини қўлга киритишди. Бундан ташқари, жаҳон ва Осиё чемпионатларида ҳам ёшларимиз совринли ўринларни эгаллашмоқда.  Ўтган йили Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида ўзбек жанг санъати бўйича ўтказилган Осиё кубоги баҳсларида Захриддин Қуронов ва Темур Ғойибназаров бронза медаллари соҳиби бўлишди. Карате-до бўйича Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон кубоги мусобақасида қатнашган Азиз Эгамбердиев, Сардор Назаров, Асадбек Турсунов, Ойгул Холиқулова, Нурфайз Бошмонов, Рухсора Тўйова, Мухлиса Рўзибоевалар олтин медаллар билан уйларига қайтишди. Жорий йилда Самарқанд шаҳрида бокс бўйича ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида Озода Анварова кумуш медаль билан тақдирланди.

  Зафарободликлар мактабда дзю-до билан шуғулланган Суҳроб Пўлатов билан фахрланадилар. У  уч марта Ўзбекистон чемпиони деган номга сазовор бўлди. Ёш спортчи 2021 йилда Ливаннинг Байрут шаҳрида дзю-до бўйича ўтказилган Осиё чемпионатида олтин медални қўлга киритди. Яқинда Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида бўлиб ўтган Осиё кубоги мусобақасида Суҳроб яна ғолиб бўлди. Иқтидорли спортчи айни пайтда Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт институтида таҳсил олмоқда.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *