Маҳаллаларда спорт инфратузилмасини ривожлантириш, спорт майдончаларининг тозалигини сақлаш ва атрофини ободонлаштириш бўйича ишларни тизимли йўлга қўйиш мақсадида вилоятимизда ҳам қатор амалий ишлар қилинаётир.
Янгиобод туманида жойлашган Янгиобод ШФЙдаги 19-умумий ўрта таълим мактаби ҳудудида универсал спорт майдончаси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Эндиликда ушбу спорт майдончасида шуғулланиш (таълим ташкилотлари ҳудудида дарсдан ташқари вақтларда) барча фуқаролар учун бепул бўлади ва вақти чегараланмайди.
Албатта, бу ўйингоҳ нафақат ёшлар, балки кенг жамоатчилик учун ҳам чинакам туҳфа бўлди. Спорт майдончасида уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ҳамда спорт билан шуғулланишлари учун етарли шароитлар ҳозирланган.
—Шаҳарчамиздаги маҳалла ёшлари учун 369 млн. сўм маблағ эвазига шинам, барча шароитга эга замонавий спорт майдончаси қуриб берилди, —дейди Янгиобод туман ҳокимлиги матбуот котиби Дилмурод Ражабов. —Майдонча тўртта жамоавий спорт турлари — гандбол, волейбол, футбол ва баскетбол учун мўлжалланган. Бу спорт билан мунтазам шуғулланувчи ёшларимиз учун катта рағбат, туртки бўлди. Уларнинг қувончи чексиз. Ўғил-қизларнинг жисмоний баркамол ва руҳан тетик бўлиб вояга етишларида спорт машғулотларининг аҳамияти катта. Келгусида туманимиз ёшлари орасида бўлғуси чемпионлар етишиб чиқишига умид қиламиз.
Бахмал туманидаги Темирқадам МФЙда жойлашган 51-умумий ўрта таълим мактаби ҳудудида “Ташаббусли спорт” лойиҳаси бўйича универсал спорт майдончаси қурилиб, фойдаланишга топширилди.
—Мазкур иншоотлар ўғил-қизларимизнинг спортга бўлган қизиқишларини янада мустаҳкамлайди, —дейди Жиззах вилоят спорт бошқармаси ахборот хизмати бош мутахассиси Ҳусан Комилов. —Фарзандларимизнинг келажакдаги ютуқлари учун бугундан қўйилган пойдевор, албатта бир кун келиб ўзини оқлайди. Соҳага қаратилаётган эътибор, ёшларга яратилаётган қулайликларнинг барчаси юртимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини оширишига шубҳа йўқ.
Холниса РАҲМОНҚУЛОВА