ЖИЗЗАХДА КУНУ ТУН ИШЛАЙДИГАН КУТУБХОНА

Атрофга назар солсак, ҳамма қаергадир шошган. Кимдир ишга, кимдир ўқишга, кимдир тирикчилик юмушлари билан банд. Аммо сал вақт топсак, қўлидаги телефонини титкилаб, ижтимоий тармоқларни “титиб” чиқишга улгурамиз. Интернет асрида яшар эканмиз, маълумотлар алмашинуви жараёнининг тезлиги, ижтимоий тармоқларда узлуксиз бериб бориладиган контентлар кўпчиликнинг асосий вақтини ўғирлаётгани бор ҳақиқат.

Аммо тушкунликка тушмаймиз. Орамизда маънавий озуқа олишни мақсад қилган, ўз билимларини мустаҳкамлаш йўлида китоб мутолааси учун вақт топадиганлар ҳам талай. Юртимизда китобхонликни ривожлантириш, замонавий ахборот ресурс марказларини шакллантириш йўлида кўплаб саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Шулардан бири дам олиш ёки байрам кунларида ҳам китобхонлар эҳтиёжи учун хизмат қилувчи 7/24 режимда ишловчи кутубхона фаолиятининг йўлга қўйилганидир.

Жиззах давлат педагогика университетининг Ахборот-ресурс маркази дастлаб университетнинг асосий биносида жойлашган ўқув залида ташкил этилган эди. Марказ кўп ўтмай билимга чанқоқ китобхонларни ўзига жалб қила олди. Бир кунда 700, 800 нафар талаба ўзига керакли бўлган адабиёт ва дарсликлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлди.

Ўтган йилнинг декабрь ойида университетда 3 қаватли янги инновацион хизматлар ўқув зали қад ростлади. Ахборот-ресурс марказида умумий қиймати 7 млрд 28 млн сўмлик реконструкция-қурилиш, жиҳозлаш ишлари амалга оширилди. Ўқув зали 40 та сўнгги русумдаги компьютер жамланмаси ва тезкор wi-fi  тармоғи билан таъминланган. Ўтган йилнинг якунида марказнинг электрон ресурси 37486 тага, китоб фонди 154127 нусхага етди. Шундан 1695 нусхаси хорижий тиллардаги, 1124 нусхаси рус тилидаги адабиётдан иборат. Электрон дарсликлар бўлимида кўзи ожиз талабалар учун НВДА дастури орқали  хизмат кўрсатилмоқда. Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи талабалар учун 20 номдаги 172 нусхада брайл алифбосидаги ўқув адабиётлари мавжуд. Бундан ташқари, марказ ҳар ўқув йилида 3000 нусхадан ортиқ бадиий китоблар билан бойитиб борилмоқда. Қисқача айтганда, замонавий кутубхонада талабалар ва вилоятимиз китобсеварлари учун барча шароит мужассам.

– Дарсдан сўнг ишлайман, китоб мутолааси учун вақт ажрата олмас эдим. Ижтимоий тармоқлардан эса керакли дарсликларимни етарлича топа олмайман, – дейди университет талабаси Дилфуза Камолова. – 7/24 режимида ишловчи кутубхонанинг мен таҳсил олаётган университетда очилгани биз талабалар учун жуда ҳам катта совға бўлди десам муболаға бўлмайди. Дам олиш кунлари бу ерда вақтни мазмунли ўтказмоқдамиз. Синглим ўқув марказида кимё-биология фанидан институтга кириш учун тайёргарлик кўрмоқда. У ҳам ҳафта якунида шу ерда дарс қилишни маъқул кўради. Чунки осойишта ва қулай, интернетга бепул уланиб, янги маълумотлар олиш имкони бор.

– Марказимизда талаба ёшларни янада китобхонликка жалб қилиш мақсадида “Етти кунда бир китоб” лойиҳаси йўлга қўйилган, – дейди АРМ директори Робия Ишназарова. – Ҳар ҳафтада “Жаҳон ва ўзбек адабиёти дурдоналари кутубхонаси жавони”дан жой олган адибларнинг асарларидан тест сўровлари ўтказилмоқда. Ғолибларни рағбатлантириш орқали уларнинг мутолаага қизиқишини уйғотишга эришмоқдамиз.

Ахборот ресурс маркази университет талабалари билан бир қаторда Жиззах шаҳри марказидаги маҳаллаларда жойлашган таълим масканлари ўқувчилари ҳамда аҳоли учун ҳам хизмат кўрсатади. Бу ерда бўлганимизда нафақат китоб ўқиб билим ва маънавий озиқ олиш, балки руҳий енгилликка эришиш мумкинлигини ҳис қилдик. Мутолаа урфдан қолди дейишдан олдин унга қизиқтирувчи шароитларни яратиш, яхшилаш лозим.

Шаҳноза МАНСУРОВА. 

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *