Сўнгги йилларда Айдар-Арнасой кўллар тизимидан оқилона фойдаланишни таъминлаш, биологик хилма-хилликни сақлаш, балиқчиликни ривожлантириш, шунингдек, табиий сув ҳавзаларида балиқларни кўпайтириш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. “Айдар-Арнасой кўллар тизими” масъулияти чекланган жамиятига ҳудуд экологик ҳолатни яхшилаш, аҳолининг балиқ ва балиқ маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, кўлларнинг ҳайвонот ва ўсимлик дунёси муҳофазасини кучайтириш, туризм салоҳиятидан тизимли фойдаланиш вазифалари юклатилган.

Айдар-Арнасой кўллар тизимининг умумий майдони 370 минг гектар, узунлиги 190 км, ўртача кенглиги 21 км дан иборат бўлиб, энг чуқур қисми 30 метрни, ўртача чуқурлик 7 метрни ташкил этади.
Балиқ захираларини сақлаб қолиш ва ҳимоя қилиш бўйича кўлда 10 та қафас (садок) ўрнатилган бўлиб, 10500 та африка лаққаси, 1100 та оқ амур, 413 та осётр ва 3970 та карп балиқлар парвариш қилинаётир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Айдар-Арнасой кўллар тизими бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, “Айдар-Арнасой кўллар тизими” МЧЖни белгиланган тартибда инвестиция киритиш шарти билан танлов асосида ноёб турдаги балиқларни етиштириш, сув ҳавзаларини балиқлантириш, балиқни қайта ишлаш технологияси ва тажрибасига эга маҳаллий инвесторга ишончли бошқарувга бериш белгиланган эди. Бунда инвесторга 2022-2026 йиллар давомида 30 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш, йилига 100 млн дона личинка тайёрлаш, балиқ чавоқлари етиштириш қувватларини 15-20 млн донага етказиш ва мазкур чавоқлар билан кўл тизимини балиқлантириш, йиллик 5 минг тонна балиқ етиштириш, 3 минг тонна балиқни қайта ишлаш корхонасини ишга тушириш, 1000 та иш ўринларини яратиш, ҳудуднинг туризм салоҳиятини ошириш вазифаси юклатилганди.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, маҳаллий инвестор “PRO FISH LINE”, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ва “Айдар-Арнасой кўллар тизими” МЧЖ ўртасидаги 1-сонли шартномага асосан «Айдар-Арнасой кўллар тизими» МЧЖ капиталининг 100 фоизлик давлат улушини ишончли бошқариш маҳаллий инвестор “PRO FISH LINE” МЧЖга топширилди.
“PRO FISH LINE” МСН ва “Айдар-Арнасой кўллар тизими” МЧЖ билан келишилган холда “Айдар-Арнасой кўллар тизими” участкаларини балиқ овлаш хўжаликларига саноат усулида балиқ овлашни амалга ошириш учун ижарага бериш шартномаси расмийлаштирилган. 2024 йил 1 апрелдаги МЧЖ билан келишув шартномасига мувофиқ 146.000 гектар сув майдони балиқчилик хўжаликларига ижарага берилди.
Тендер асосида Жиззах-Навоий вилоятларидаги 31 та балиқчилик МЧЖ ва фермер хўжаликлари билан сув ҳудудларини ижарага бериш бўйича шартномалар тузилган бўлса, 2025 йил январь ойида қўшимча 15 та шартномалар тузилди.
2023 йилда “Айдар-Арнасой кўллар тизими” МЧЖ томонидан 950 тонна, ўтган йили квота олинмаганлиги ҳисобига 183 тонна саноат усулида балиқ овланган.
—Ўтган йили кўл ҳудудларига 24 тонна 556000 дона оқ толстолоб, оқ амур, карп балиқларининг чавоқларини ташладик, ҳавза ёш балиқлар билан тўлдирилди,—дейди “Айдар-Арнасой кўллар тизими” МЧЖ директори Олим Умаров.
Зоир ЭРГАШЕВ.
Муаллиф (фото)