ТАДБИРКОР МАЖБУРИЯТИНИ БИЛАДИМИ?

Юртимизда тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашувларнинг олдини олиш, назорат қилувчи органларнинг масъулиятини ошириш ва фаолияти очиқлигини таъминлаш масаласи аллақачон тартибга солинган. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқига эга мансабдор шахсларнинг электрон реестрларини юритиш имконини берувчи «Ягона давлат назорати» ахборот тизими ишга туширилган бўлиб, у ҳар қандай текширувларнинг қонуний ёки ноқонуний эканлигини аниқлайди. Аммо тадбиркорлик субъектлари давлат томонидан яратиб берилаётган бу каби қулайлик ва енгилликларга нисбатан ўз бурч ва вазифаларини тўлиқ бажаришяптими? Айниқса, озиқ-овқат маҳсулотлари билан боғлиқ савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги ҳолат рисоладагидекми? Вилоят Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги ҳамда фавқулодда вазиятлар бошқармаси, ОАВ ҳамда “Эски шаҳар” бозори маъмурияти ҳамкорлигида ўтказилган қўшма тадбирда шу саволларга жавоб изланди.

Дастлаб “Эски шаҳар” деҳқон бозори ҳудудидаги товуқ гўшти маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорларнинг фаолияти кўздан кечирилди. Ўрганишлар давомида товуқ маҳсулотларининг сифатини кафолатловчи бирламчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги, маҳсулотларни ташиш ва сақлаш қоидаларига риоя қилинмаганлиги аниқланди. Маҳсулотларни сақлаш-совутиш тизими ишламайди, маҳсулотлар антисанитария ҳолатда ерда сақланмоқда. Ювиш ва зарарсизлантириш ишлари ўтказилмаган, сотувчиларнинг тиббий кўрикдан ўтгани ҳақида ҳужжатлари йўқлиги дилни хира қилади. Товуқ гўшти маҳсулотлари талабгир бўлиб, харидорларнинг гавжумлиги ҳам буни исботлайди. Аммо уларга антисанитария шароитда хизмат кўрсатишга тадбиркорнинг нима ҳақи бор? Бозор маъмурияти билан тузилган шартнома шартларига кўра, бундай савдога мўлжалланган расталар канализация тармоғига уланиб, сув билан таъминланган. Аммо биз суҳбатда бўлган тадбиркорлар маҳсулотни музлатилган ҳолда ташиш ва сотиш талабига нисбатан харидорлар томонидан музлатилган маҳсулотга талаб камлиги, музлатилган ҳолда ташиш харажатлари қимматлашишини пеш қилдилар. Шу пайтга қадар заҳарланиш ёки харидордан шикоят бўлмагани ишни шу тартибда давом эттириш кераклигини англатмайди. Нима бўлганда ҳам аҳолига давлат санитария талаблари асосида хизмат кўрсатиш тадбиркорнинг бурчидир.

Бозор ҳудудидаги умумий овқатланиш шохобчаларига йўл олдик. “С.С” МЧЖга қарашли кафеда бир қараганда ҳаммаси рисоладагидек, аммо таом тайёрланадиган хонада санитария талаблари қўпол равишда бузилган. Маҳсулотларни пишириш, сақлаш ва тарқатиш жараёнида санитария талабларига риоя қилинмаган. Хом ва пишган маҳсулотлар аралаш ҳолда сақланмоқда. Идиш ювиш жойлари ташкил этилмаган, идишлар тоғорада сифатсиз ювилмоқда. Ишлатилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатини тасдиқловчи ҳужжатлар, хўрандалар учун қўл ювиш жойлари йўқ. Ошхона хусусий мулк бўлиб, барча шароитлар тадбиркорнинг ўзи томонидан яратилиши керак. Аммо у канализация тармоғига ҳам уланмаган бўлиб, идиш-товоқ ювилган сув бозор канализациясига идишда ташиб тўкилади. Тадбиркор билан суҳбатлашганимизда, у канализацияга уланиш, дорилаш-зарарсизлантириш каби тадбирларни амалга ошириш учун қўшимча маблағ зарурлиги, бу эса маҳсулот нархининг ошиб, хўрандалар зиммасига юк бўлиб тушишини таъкидлади. Ўзини мижозпарвар қилиб кўрсатаётган тадбиркор аслида давлат яратиб бераётган имкониятлардан фойдаланиш баробарида жамоатчилик олдида масъулиятга эга эканлигини  унутган кўринади.  “Х.Ғ.С” МЧЖга қарашли овқатланиш шохобчасида ҳам худди шундай вазият. Ошхона ходимлари ўтказилаётган қўшма тадбирдан норози бўлишиб, буни бақир-чақир тарзида билдиришди. Аммо билишмайдики, масъулиятсиз тадбиркорнинг қилмишларини бу йўл билан оқлаш мумкин эмас.  

Бироқ бозорда бу турдаги шохобчаларнинг барчаси ҳам антисанитария ҳолатида эмас. Ҳалол-покиза ишлаб, савдосига барака киритаётганлар ҳам бор. Буюм бозори ҳудудидаги “О.” оилавий корхонасига қарашли ошхонада бўлганимизда бунга гувоҳ бўлдик. Хоналар сони етарли, хом ва пишган маҳсулотлар алоҳида-алоҳида сақланади, тез айнийдиган маҳсулотлар учун совутгичлар ташкил этилган, идиш ювиш жойи ҳам талабга жавоб беради.

-Қўшма тадбир давомида тадбиркорлик субъектларининг иш фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар берилди. Мақсадимиз тадбиркорнинг ишидан камчилик топиш эмас, балки сифатли ва меъёрларга мос хизмат кўрсатиш тарғиботини ҳам амалга оширишдир. – дейди вилоят Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси овқатланиш гигиенаси бўлими мудири Талъат Бобоев. – Аниқланган ҳолатлар бўйича маълумотлар кўриб чиқиш ва тегишли ҳуқуқий баҳо бериш учун Жиззах шаҳар судига  юборилади.

Шу куни СЭОЖС бошқармаси ходимлари томонидан шаҳар ва Шароф Рашидов тумани ҳудудидаги яна иккита  умумий овқатланиш шохобчасида ўрганиш ва назорат тадбирлари ўтказилди. Қангли маҳалласи ҳудудидаги “Ш.Г.22” МЧЖ кафесидаги тартиб, тозалик ва гигиеник жиҳатдан мукаммаллик эътироф этилди. “Ш.П” МЧЖга қарашли ошхонада аниқланган камчиликлар юзасидан маълумотлар тўпланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига юборилди.

Табиий эҳтиёжларимиз сабаб ҳар куни озиқ-овқат муомаласи билан боғлиқ хизматларга ишимиз тушади. Истеъмолчи сифатида ўзимиз ҳам харид қилаётган маҳсулотнинг нархигина эмас, сифати билан ҳам қизиқсак, яроқлилик муддати, сифат сертификати, қай шароитда тайёрланаётганини текширсак, фойдадан холи бўлмайди. Фақатгина масъул идоралар эмас, жамоатчилик назорати билан ҳам овқатланиш тармоғидаги иллатларга барҳам бериш, камчилик ва муаммоларга ечим топиш мумкин ва бу кўпроқ самарали.  

Муқаддас САПАРОВА.

С.НОРБЕКОВ (фото).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *