Ижарага ер олиб, деҳқончилик қилган Аброр ҳар доим ҳам экиндан яхши даромад топмасди. Табиат инжиқликлари, сув ва бошқа омиллар сабаб етиштирилган ҳосил бир ўхшаса ўхшарди, ўхшамаса…
Оиласи, рўзғорини обод этиш учун Аброрнинг нима қилсам экан-а деб боши қотиб юрганида маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчиси Дилшод Бозорбоевнинг берган тавсияси ва маслаҳати билан “Ҳар бир оила—тадбиркор” дастури доирасида “Микрокредит” банкнинг Зомин туман филиалидан 33 миллион сўмлик имтиёзли кредит олди.
Томорқасида уч сотихли иссиқхона барпо этган Аброр Ширинбоев унга Жанубий Корея нави саналган “Солҳян” қулупнайидан 3700 туп экди. Ўтган йилнинг август ойида гидропоника усулида экилган резавор ноябрь ойига келиб пишиб етилди. Бу навнинг маҳаллий навлардан афзаллиги шундаки, қаров яхши бўлса, йил ўн икки ой қулупнайдан ҳосил олиш мумкин. Иссиқхонанинг юза қисмида бир вақтда беш-олти турдаги кўкатлар ҳамда захира учун қулупнай кўчатлари ҳам парвариш қилинаётир.
—Биз одатда баҳорда қисқа муддатда етиштирилувчи маҳаллий қулупнай навларига шакар қўшиб истеъмол қилишга ўрганганмиз,—дейди тадбиркор Аброр Ширинбоев. —Бу корейс нав мевасини йириклиги, бўлиқлиги, ширинлиги сабаб шакарсиз истеъмол қилиш мумкин.
Дарҳақиқат, экспортбоп нав саналган солҳян қулупнайи Жануби-шарқий Осиё давлатларида анча машҳур. Бу навнинг ўзига хослиги қулупнай декабрдан май ойигача мева тугади. Жаҳон бозорида нархи юқори баҳоланади. Оппоқ, майда гулловчи бу нав гўёки гулга ўхшайди. “Солҳян” сўзи корейс тилидан ўзбек тилига таржима қилинганда “Қишки лаззат” деган маънони беради.
Дастлабки йилларда ёш ниҳоллар мевасидан ҳафтасига ўн килодан ҳосил йиғиштириб олинса, вақт ўтиб, ривожланиши ва катталашгани сари экиннинг ҳосил чўғи юқорилаб бораверади. Яна бир бу қулупнайнинг ўзига хос жиҳати ҳар бир тупда ҳам мева, ҳам гуллар ривожланиб, босқичма-босқич, навбатма-навбат даврийлик тартиби бўйича худди бодринг етиштириш усулига ўхшаб етилган ҳосил пешма-пеш йиғиштириб олинади.

—Иссиқхонадаги экин учун энг асосийси, ёруғлик, иссиқлик, ҳарорат, сув, ўғит, дориси ва албатта, меҳр керак,—дейди хонадон соҳибаси Ҳафизахон Ширинбоева. —Машаққатлар кетидан, ютуқлар ҳам келади. Худога шукр меҳнатимиз роҳатини кўряпмиз. Ерга, мулкка муносабатимиз буткул ўзгарди.
Бугун оилавий тадбиркор Аброржонга укаси Азамат, келини Мастура, фарзандлари Нодирбек ва Нигинабонулар ҳам ҳар жабҳада камарбаста бўлишаётир.
Ўтган куни галдаги териб олинган қулупнайнинг ҳар килосини тадбиркор 170 минг сўмдан улгуржи нархда буюртмачиларга сотди. У томорқага экспортбоп қора ва қизил ҳусайни, қора жанжал узум навларидан экди. Учта сигир, паррандалар ҳам парвариш қилаётган тадбиркор Аброр Ширинбоев бугун ўзини ва яқинларининг бандлигини таъминлаб, икки оилани рўзғорига барака киритаётганидан мамнун. Бугун хонадонига тадбиркорлик қилиш ниятида маслаҳат сўраб келаётган ҳамқишлоқлари сони кўпайиб бормоқда.
—Ўтган йили 39 нафар фуқарога имтиёзли кредит ажратиб, тадбиркорлик бўйича бандлигини таъминладик,—дейди “Гулшан” МФЙ ҳоким ёрдамчиси Дилшод Бозорбоев. 15 нафар аёлларга субсидия асосида тикув машинаси берилди. 9 нафар ишсиз фуқаро касб-ҳунарга ўқитилди.
Чорвачилик, деҳқончилик маҳалланинг асосий драйвери ҳисобланади. Маҳаллада ишсизлар сонини қисқартириш, ердан, томорқадан унумли фойдаланиш ва даромад олиш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қатор янги лойиҳа ва “Сайҳунобод”, “Уйчи”, “Ғиждувон”, “Зарбдор” тажрибалари ҳудудда оммалаштирилмоқда.
Шу маҳалладаги Асҳад ва Гулноза Имангуловларнинг томорқасида бўш жойнинг ўзи қолмаган. Имтиёзли кредит ҳисобидан 2,5 сотих иссиқхонада лимоннинг “Meyer” нави етиштирилмоқда.
—Лимон ёруғлик ва доимий намликни талаб қилувчи, қуруқ ҳавони ёқтирмайдиган цитрус мева,—дейди хонадон бекаси Гулнозахон Имангулова. У кўп йиллик ўсимлик бўлиб, 45 йилгача умр кўриши мумкин. Бир туп лимон 30 донадан 200 донагача мева беради.
—Бу навдан 22 туп экканмиз,—деб суҳбатга қўшилади оилавий тадбиркор, иш бошқарувчи Асҳад Имангулов. -Бу йил 600 кило ҳосил олдик. Килосини 18000 сўмдан буюртмачиларга сотдик. Қўшимчасига тувакда лимон кўчатларини кўкартириб, захира ҳозирлаб қўямиз.
Оилавий тадбиркорлар боғдорчиликдан ҳам яхшигина даромад топишаяпти. Боққа ўн турдан ортиқ 200 тупга яқин мевали дарахтлар экилган. Шунингдек, голубика, резавор, кўкат ва зираворлар ҳам томорқада бор.
—Йигит кишига қирқ ҳунар ҳам оз деганлари, ҳақиқат экан,—дейди тадбиркорнинг ишчиси, ҳам қўшниси Фахриддин Бойқулов. —Асҳаджон тиним билмайди, барча маҳалладошларнинг ҳожатини чиқаришга уста.
Имангуловлар оилавий тадбиркорлик кетидан “Нексия-1” машинаси сотиб олишди. 30 та қўй, 2 та сигир, паррандаларни ҳам парвариш қилишаётир. Ҳайитбой, Моҳинур, Албина бу борада ота-онасига энг яқин кўмакчи бўлишмоқда.
Зомин туманининг “Гулшан” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидан қайтар эканмиз, бу ерда қишда ҳам баҳор нафасига тўйиб, димоғимиздан ўша корейс қулупнайининг хуштаъм иси сира кетмасди.
Зоир ЭРГАШЕВ.
Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото).