ҒОЯЛАРГА ЖОН БАҒИШЛАГАН ОЛИМ

Муаллимлик – буюк мақом. Чунки пайғамбарлар муаллим бўлганлар. “Муаллим” сўзининг маъноси илм берувчи, таълим берувчи, ўргатувчи демакдир. Ана шунинг ўзиёқ устозлик қай даражада юксак мартаба эканини кўрсатади.

Шароф Тўйчиевич ёшларга ўтаётган “Маҳорат дарси”ни якунлаган бўлса ҳам талабаларнинг саволларини жавобсиз қолдиришни истамади. Саволларга жавоб берар экан, дамбадам соатига қараб қўярди. У яна бир муҳим учрашувга келишиб қўйган эди, ўзининг ёшликдан одатланган интизоми ва эътиқодига кўра кечикишни ёмон кўрарди.

Бугунги маҳорат дарсига танлаган мавзуси ҳам қизиқарли эди, саволларнинг кўплигидан мавзу талабаларни ҳам қизиқтириб қўйган эди. Савол бериш учун яна 5-6 нафар талабанинг қўл кўтарганини кўриб:

— Келинглар бундай қиламиз! Ҳозир менинг зарур ишим бор, саволларни ёзма тарзда менга берасизлар, жавобларни мен ҳам ёзиб, кейинги дарсимизда ҳар бирингизга топшираман, маъқулми?

Саволи бор талабалар дарров ёзишга тушишди.

Жиззах Политехника институти доценти Шароф Худоёров дарсларда янги мавзу бўйича маъруза тайёрлар экан, уни шунчаки 90 дақиқага мослашни эмас, мавзудаги талабаларни қизиқтира оладиган қирраларини кўпроқ очиб беришга ҳаракат қилади. Дарснинг кўпроқ қисмини савол-жавобларга қолдиради.

— Дарсда саволлар қанча кўп бўлса, демак талаба мавзунинг асосий қисмини сингдириб олган бўлади. Тушунмай қолган жойларини саволларига олган жавоблари орқали ўзлаштиришга ҳаракат қилади, — дейди ўқитувчининг ўзи.

Шароф Худоёровнинг ёшлигиданоқ илмга чанқоқлиги сезилиб турарди. У Ғаллаорол туманидаги М.А.Муқимий номли 2-ўрта мактабни “Олтин медаль” билан тугаллаб, 1982 йилда Тошкент политехника институтига ўқишга киради. Олий ўқув юртида таҳсил олиш баробарида Тошкент шаҳар ҳунар-техника билим юртида ҳам ўқиб, токарлик касбини эгаллайди. Ҳар қандай одам “институтда ўқиётган бўлса, токарликнинг унга нима кераги бор эди?” деб ўйлаши мумкин. Лекин у институт талабаси бўлиб, Тошкент қурилиш техникуми лабораториясида, Тошкент трактор заводида токарь, назоратчи механик бўлиб ишлади. Қисқа қилиб айтганда институтда олаётган билимларини ишлаб чиқаришда қўллай олиш малакасини ўзлаштирди. Балки у ўшанда ўзи яратган техника янгиликларини ҳаётда қўллай олиш тажрибасига пойдевор қўйгандир.

Институтни тугаллаб Ғаллаоролга келганида ва туман таъмирлаш ишлаб чиқариш корхонасига инженер диагностик вазифасига ишга тайинланганида ўндан ошиқ ғоялар ёзиб қўйилган дафтарини очганди. Кейинчалик туман Машина-трактор паркида муҳандис, бошлиқ бўлиб ишлаган кезларида фаолиятининг гуркираган даврлари бошланганди. Ишлаб чиқаришни илм-фан ёрдами билан ривожлантириш унинг ягона орзуси эди. Шунинг учун Ғаллаорол МТПда ғаллага суспензия сепадиган қурилма ишлаб чиқариш лойиҳасининг бошида турди. Ўша пайтларда суспензия самолётлар орқали сепиларди ва бу деҳқонлар даромадининг бир қисмини “юлиб” кетарди. Шароф Худоёров бошчилигида тайёрланган қурилма Зарбдор туманида синовдан ўтказилиб, уни кенг ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Кейинчалик машина-трактор паркларига хориждан “Магнум”, “Кейс” каби бошқа техникалар олиб келинди. Уларга тиркаладиган культиваторлар ҳам айнан Ғаллаорол МТПсида ишлаб чиқарилди. Шунга бағишланган республика семинари ташкил этилди.

Ҳозирги кунда олий ўқув юртларининг илмий-техник базаси мустаҳкамланиб, янги ғоялар устида ишлаш учун барча шароитлар яратилмоқда. Шунинг учун Шароф Худоёров 2009 йилда Жиззах политехника институтининг “Транспорт воситаларини ишлатиш” кафедрасига ассистент бўлиб ишга жойлашади. 2012 йилда эса “Ер усти транспорт тизимлари” кафедрасида катта ўқитувчи бўлиб ишлай бошлади.

Талабаларга фан сирларини сингдириш баробарида илмий ишларини ҳам давом эттирди. Ҳозиргача 70 дан ортиқ илмий-услубий ишлари ва илмий мақолаларга муаллифлик қилди. Дастурлаш ишлари учун 34 та патент гувоҳномаларини олди.

Шароф Худоёровнинг бўш пайти деярли йўқ, қачон қарасангиз дафтарига қандайдир механизмларни чизиб, ҳисоб-китобини қилиб юрган бўлади. Даврнинг ўзи янги ғоялар устида ишлашни талаб этиб турганда, устоз ўқитувчилар шогирдларига ўрнак бўлишлари керак деган тамойил Шароф Худоёровнинг шиорига айланган. Креативлик унинг ҳаётига кўп янгиликлар олиб кирди. Халқаро лойиҳаларда иштирок этиб, Бухарест университетида халқаро Highvec лойиҳаси дастури бўйича малакасини оширди. 2024 йилда тажрибаси ва изланувчанлиги ҳисобига доцент илмий унвони берилди. У “Уруғларни ҳаво оқимида тозалайдиган қурилманинг конструктив ўлчамлари ва иш режимларини асослаш” мавзусида тадқиқотлар олиб бориб, шу йилнинг январь ойида техника бўйича фалсафа доктори илмий ишини ҳимоя қилди.

Изланувчи инсон қандайдир янгилик яратган, одамларга, жамиятга фойдаси теккан вақтни дам деб билади. Лекин юзлаб муҳандисларга устозлик қилган, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, транспорт соҳаларининг ривожига катта улуш қўшган, илм-фан тараққиётини қўллаб-қувватлаётган Шароф Худоёровнинг ҳар бир куни қадрлидир. Бугун устоз ҳаёт китобига ўзининг 60 ёшини зарҳал ҳарфлар билан ёзмоқда. Кўпминг сонли муштарийларимиз номидан уни қутлуғ ёши билан муборакбод этамиз.

 Асад МУСТАФОЕВ,

Абдушукур ЛАПАСОВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *