Кейинги етти йил мобайнида аҳолини турар жойга бўлган эҳтиёжини қондириш учун кенг кўламда қурилиш ишлари бошланиб кетди. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 апрелдаги “2024 йилда ипотека кредитларини ажратиш механизмларини такомиллаштириш ва аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони мамлакатимизда уй-жой соҳасидаги ислоҳотларни самарали ташкил этиш, “Янги Ўзбекистон” массивлари ва замонавий кўп квартирали уйлар қуриш кўламини кенгайтириш, ипотека кредити бозорини янада ривожлантириш ҳамда банклар томонидан ўз маблағлари ҳисобидан ажратилган кредитларни қайта молиялаштириш механизмларини амалиётга кенг жорий қилиш мақсадлари кўзда тутилганлиги билан аҳамиятлидир.
Фармонда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Марказий банк, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури доирасида ҳудудларда замонавий архитектура кўринишига эга 100 мингта квартирадан иборат бўлган кўп қаватли уй-жойлар белгилаб қўйилган.
Шунингдек, Президент фармонида 2024 йил 1 июндан бошлаб “маҳалла еттилиги” тавсияси асосида Камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маблағлари ҳисобидан ипотека кредитларини ажратиш амалиёти жорий этилди. Ипотека кредити бўйича дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун – ажратиладиган кредитнинг 15 фоизи миқдорида ҳамда фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун – кредит муддатининг биринчи беш йили давомида 12 фоиздан ошган қисмига субсидия тўланади.
Унга кўра, уй-жой соҳасидаги ислоҳотларни самарали ташкил этиш, “Янги Ўзбекистон” массивлари ва замонавий кўп квартирали уйлар қуриш кўламини кенгайтириш, ипотека кредити бозорини янада ривожлантириш ҳамда банклар томонидан ўз маблағлари ҳисобидан ажратилган кредитларни қайта молиялаштириш механизмларини амалиётга кенг жорий қилиш мақсадида вилоятнинг шаҳар ва туманларида замонавий архитектура кўринишига эга жами 118 та 4500 квартирадан иборат бўлган кўп қаватли уй-жойларни қуриш белгиланган. Шундан, уй-жойга талаб юқори бўлган массивларда 89 та 3044 та квартирали, “Янги Ўзбекистон” массивлари бўйича Шароф Рашидов тумани “Оқтош ота” маҳалласи ҳудудида 20 та 1276 квартирали ва Дўстлик тумани “Чинобод” маҳалласи ҳудудида 9 та 180 квартирали уй-жойларни ташкил этади.
Жорий йилнинг 25 октябрь ҳолатига жами 57 та 2347 кварnbрали уй-жойлар фойдаланишга топширилди, шундан, “Янги Ўзбекистон” массивлари бўйича “Оқтош ота” маҳалласи ҳудудида 5 та 416 квартирали ва Дўстлик тумани “Чинобод” маҳалласи ҳудудида 6 та 120 квартирали ҳамда уй-жойга талаб юқори бўлган бошқа массивларда 46 та 1811 квартирали уй-жойларнинг калитлари эгаларига топширилди.
Келгусида Шароф Рашидов тумани “Оқтош ота” маҳалласи ҳудудидаги “Янги Ўзбекистон” массиви бўйлаб истиқомат қилувчи фуқаролар ва уларнинг фарзандларига ижтимоий ва тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида 1 та 1680 ўқувчи ўринли умумтаълим мактаби, 1 та 120 ўринли мактабгача таълим муассасаси, 200 қатновли оилавий поликлиника, мажлислар зали (showroom), “INNO TEXNO PARK” объекти, йирик савдо марказлари, 1 та кураш спорт мактаби, автотураргоҳ, тест маркази, дорихона, меҳмонхона, маҳалла маркази ва болалар ўйингоҳлари, ички ишлар таянч пункти ва “Янги Ўзбекистон боғи”ни ташкил этиш режалаштирилиб, бугунги барча объектларда белгиланган режа-график асосида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.
Президент фармонига асосан вилоятга 2024 йилда 900 та (27,0 млрд.сўм) янги уй-жой сотиб олиш учун ипотека кредитлари бўйича субсидиялар тўлашнинг мақсадли кўрсаткичлари белгиланган. Уй-жой шароитларини яхшилаш истагида бўлган талабгорлар томонидан Давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали келиб тушган аризаларга шаҳар ва туманлар ҳокимликлари ҳузуридаги уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўланадиган талабгорларни танлаб олиш комиссиялари томонидан белгиланган тартибда хулосалар бериб борилмоқда. Ҳозиргача ижобий субсидия хабарнома хулосаларига асосан республика бюджети маблағлари ҳисобидан 462 нафар фуқароларга 13,9 млрд.сўм маблағлар тўлаб берилган.
Жойларда уй-жой харид қиладиган кам таъминланган аҳолига бошланғич бадалларни тўлашда ва ипотека кредитлари фоизларини тўлашда субсидиялар бериш эҳтиёжманд аҳолини ҳар томонлама кўллаб-қувватлашга хизмат қилиб, талабгор фуқароларнинг уй-жой шароитлари яхшиланиши кўзда тутилган.
Шу ўринда субсидиялар:
-субсидиялар ажратиш юзасидан аризалар тасдиқланган праметрлар доирасида қабул қилинади;
-ипотека кредитлари бўйича берилган субсидия тақдим этиш тўғрисидаги ижобий хабарномаларнинг амал қилиш муддати 4 ой этиб белгиланади;
-бирламчи уй-жой бозоридаги квартираларни сотиб олиш учун ажратилган ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар – 2024 йилги Дастурдан бошлаб қатъий белгиланган 30,0 млн.сўм миқдорида тўланади.
Шу ўринда “Субсидиялар кимга ва қандай тартибда ажратилади?”, деган савол туғилиши табиий. Субсидиялар фақатгина уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган оилалар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёшлар ва шу тоифадаги бошқа Ўзбекистон фуқароларига ажратилади. Субсидия олиш учун фуқаро 18 ёшга тўлган бўлиши керак. Субсидиялар фақатгина ариза берувчининг рўйхатдан ўтган ҳудуди бўйича берилади.
Субсидия бўйича ариза топширган ҳар бир талабгорга пул маблағи берилавермайди. Бунинг учун бир қатор талаб ва ҳолатларга жавоб бериш лозим. Субсидия берилиши учун авваламбор масъул органлар вакилларидан шакллантирилган махсус комиссия ариза берувчиларга мезонлар бўйича балл беради.
Ички ишлар бўлими, молия бўлими, давлат солиқ инспекцияси, бандликка кўмаклашиш маркази, кадастр корхонаси, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши, туман (шаҳар) ҳокимликлари, иштирок этувчи тижорат банклари масъул органлар ҳисобланади. Улар ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ҳаққоний эканлигини текшириб чиқади.
Ижтимоий мезонлар уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож фуқароларни аниқлашга хизмат қилади. Балл тўплаш учун мезонларга талабгор ва (ёки) унинг оиласининг даромади (шаҳар ва қишлоқ жойлари учун алоҳида кўрсаткичлар белгиланган), турар жой мақоми (ижара ёки шахсий мулк), ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлганлар (меҳнат мигрантлари, етим ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, ёлғиз аёллар ва ҳоказо), шунингдек, оилада ногиронлиги мавжуд бўлган шахслар инобатга олинган. Субсидия тартиб бўйича юқори балл тўплаганларга берилади.
Асад МУСТАФОЕВ.