Юртимизда туризм фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, туристик салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, дам олиш ва туризм учун шарт-шароитларни яхшилаш ишларига катта эътибор қаратилмоқда.
Туризм хизматлари кўрсатиш соҳасида оилавий меҳмон уйлари хизматлари — оилавий меҳмон уйи ташкил этиш мақсадида Арнасой тумани, Бахтли маҳалласидаги “Маҳалла еттилиги” ва аҳоли биргаликда Фориш тумани Ухум қишлоғига тажриба алмашиш учун ташриф буюрди.
Мазкур ташриф давомида Ухум қишлоғидаги оилавий меҳмон уйларида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишилди. Ухум қишлоғи аҳолиси томонидан ташкил қилинган оилавий меҳмон уйларига ташриф давомида хизмат кўрсатиш сервисларни барпо этиш, миллий урф-одатларга мос равишда сайёҳларни миллий таомлар билан кутиб олиш, хона хизматларининг санитария-гигиена талаблари, муомала маданияти каби масалалар бўйича билим ва кўникмалар берилди.
—Мамлакатимизга ташриф буюраётган хорижий сайёҳларнинг сонини орттириш мақсадида уларга қулайликлар яратиш борасида бир қатор ишлар қилинаётир, — дейди Жиззах вилоят туризм бошқармаси бўлим бошлиғи Ғанишер Тўймуродов. — Бугунги кунда Фориш туманида оилавий меҳмон уйларини ташкил этиш тажрибаси юқори бўлганлиги боис, ушбу тажрибани Арнасойда татбиқ этиш учун маҳалла фаоллари, тадбиркорлар иштирокида тадбир ташкил этдик. Ухум ўзининг гўзал табиати ва тоза ҳавоси билан одамлар эътиборини тортиб келган. Бу ерда жойлашган оилавий меҳмон уйларида хорижий меҳмонлар халқимизнинг кўп йиллик анъаналари, турмуш тарзидан воқиф бўлишади. Миллийлигимизнинг ранг-баранг жилоси уларни ҳамиша ҳайратда қолдирган. Тадбир иштирокчилари меҳмон уйларнинг ўзига хос имкониятлари билан кенг танишдилар. Келгусида Арнасой туманидаги Тузкон кўли бўйига яқин маҳаллалар (Бахтли маҳалласи)да ҳам шундай оилавий меҳмон уйларни очиш режалаштирилган.
Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.