Маълумотларга кўра, атмосферани энг кўп ифлослантирувчи манба – бу транспорт воситалари. Улардан чиқадиган зарарли газлар бу орқали инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Ҳар йили Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан ўтказиладиган икки босқичли “Тоза ҳаво” тадбирида атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олишга қаратилган назорат ишлари олиб борилади.

“Тоза ҳаво” тадбири вилоятнинг барча туманларида ўтказилмоқда. Шу кунгача Жиззах шаҳри, Ғаллаорол, Пахтакор, Дўстлик, Зафаробод туманлари марказий кўчаларидаги йўл патрул хизмати масканларида автотранспорт воситаларидан атмосферага ташланаётган зарарли ташламалар миқдори текширилди. Натижада экология давлат инспекторлари ҳамда ИИБ ходимлари томонидан 7000 дан ортиқ автотранспорт воситалари назоратдан ўтказилиб, 54 та ҳолатда носоз ҳолда ҳаракатланаётган автотранспорт воситалари аниқланди. 18 та ҳолатда шундай транспорт воситалари эгаларига нисбатан ИИБ ходимлари томонидан баённома расмийлаштирилди ҳамда техник кўрикдан ўтказиш учун хизмат кўрсатиш шохобчаларига юборилди.
Маълумот ўрнида. Ушбу зарарли газларни атмосфера ҳавоси таркибидан камайтиришнинг асосий воситаси дарахтлардир. Шунинг учун автомагистрал йўллари ёқасига арча каби ингичга баргли дарахтлар эмас, кенг япроқли дарахтларни экиш мақсадга мувофиқ. Кенг япроқли дарахтлар ҳаводаги зарарли ташламаларни кўпроқ ютади ва ўзида синтезлаб, кислород ишлаб чиқади.
“Тоза ҳаво” тадбири 10 августдан 10 сентябрга қадар ўтказилади.
Замира АБДУЛЛАЕВА,
вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси матбуот хизмати раҳбари.