– Ойи, – ялинди Шаҳзод, – маҳалладаги китоб дўконига Ҳанс Христиан Андерсеннинг эртаклар китоби келибди. Олиб беринг.
– Қанча тураркан? – сўради ойиси энсаси қотиб.
– Эллик беш минг сўм.
– Вой-буй, яна беш минг сўм қўшсам оёғингга туфли беради.
Баҳорда мазза қилиб киясан. Китоб қорнингни тўйдирмайди. Ўқимасанг ўша Андерсен ўлгур сендан хафа ҳам бўлмайди, – жаҳли чиқиб кетди онасининг.
–Ўртоғимнинг ойиси олиб берди-ку.
–Уларнинг пули кўпдир. Жуда ўқигинг келса, ўртоғингдан олиб ўқийверасан. Биз ҳам кутубхонадан олиб ўқирдик.
–Кутубхонамизда унақа китоб йўқ, – хўрсинди бола….
Машҳур эртак ёзувчи Ҳанс Христиан Андерсенни танимаган, билмаган бола бўлмаса керак. Чунки унинг эртакларини ўқимаган ёки асарлари асосида яратилган мультфильмларни болалигимизда кўп кўрганмиз. Ҳар йили машҳур ҳикоянавис адиб Ҳанс Христиан Андерсеннинг туғилган куни – 2 апрелда Халқаро болалар китоби куни дунё бўйлаб нишонланади. Ушбу байрам 1967 йилда Ёшлар китоблари халқаро кенгаши (IBBY) ташаббуси ва қарори билан жорий этилган.
Ҳозирги кунда болалар адабиёти алоҳида бадиий йўналиш ҳисобланади. Ҳар йили дунёнинг турли ҳудудларида жойлашган Ёшлар китоблари халқаро кенгашининг филиаллари ушбу кун – Халқаро болалар китоби кунини халқаро миқёсда нишонлаш бўйича ҳомийлик қилади. Болалар китоблари куни муносабати билан турли мамлакатларда энг яхши бадиий асарларга бағишланган кўргазмалар, танловлар, конференциялар ва фестиваллар ўтказилади. Мамлакатимиз Президентининг китоблар нашр этишни кучайтириш, унинг тарғиботини яхшилаш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш борасидаги қарорлари, дастурлари эълон қилинди. Булар ижтимоий ҳаётимизга катта таъсир кўрсатиши шубҳасиз. Негаки, яхши китоблар нашр этишни йўлга қўймасдан, китобхонликни кучайтирмасдан туриб илм-фанда юксак натижага эришиб бўлмайди. Болаларга сифатли китоблар етказиб бериш учун ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Оқибатда, болалар кўнглига тез ва осон кириб борадиган китоблар дунё юзини кўраётир. Ақлли ва билимли инсон ҳамиша ўзини балолардан ҳимоя қила олади, дунё илмларини тўлиқ эгаллаган инсон эса қудратли шахсга айланади. Аслида миллатимиз фарзандларининг ҳаммаси табиатан қизиқувчан, интилувчан, истеъдодли. Уларни тўғри йўлга йўналтириш эса биз катталарнинг бурчимиздир. Ёшлигидан донишмандларнинг сўзлари битилган асарларни ўқиш асносида болаларимиз тарбияланади, қолаверса, ўзларига керакли бўлган ҳаёт таълимини эгаллайди. Меҳрни қаҳрдан, яхшиликни ёвузликдан ажрата олишга ҳаракат қилади. Эртакларни ўқиб эзгулик ҳар доим ғалаба қозонишини, ёвузликнинг умри қисқа эканини тушуниб етади.
Китобларни қўлдан қўймасдан уни ўқишга вақт топаётган болалар тарбияланган саналади. Тарбияланган болаларни шакллантириш ўз қўлимизда эканини англаб етган ҳолда ота-оналарга ҳам бурчларини тушунтириш ва дунёда китобдан қимматбаҳо нарса йўқлигини, у асосий тарбияловчи восита эканини англатмоғимиз керак, назаримда. Китобдан донишмандликни элга тарқатувчи қурол сифатида фойдаланилади. Ҳар куни донишмандларнинг сўзларидан баҳра олиб яшаб, маънавий озуқага эга бўлиш мумкин.
Муқаддас МЎМИНОВА,
Жиззах давлат педагогика университетининг мактабгача таълим факультети ўқитувчиси.