Яқинда Жиззах вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ўртасида “Шахмат фестивали” мусобақасининг шаҳар босқичи бўлиб ўтди. Унда ҳудуддаги 28 та ДМТТнинг 5-7 ёшли жажжи тарбияланувчилари иштирок этди.
Ўғил болалар ўртасида чемпионликни 18-сонли ДМТТ тарбияланувчиси Акобир Абдулаҳадов қўлга киритди. 2-ўрин 8-сонли ДМТТ тарбияланувчиси Мироншох Хасановга насиб этган бўлса, 3-поғонадан 32-сонли ДМТТ тарбияланувчиси Миролим Холбеков жой олди.
Мактабгача ёшдаги бўлажак гроссмейстерларни тарбиялаб беришни мақсад қилган ушбу “Шахмат фестивали”нинг вилоят босқичи 24 апрелда бўлиб ўтиши режалаштирилган.
–Ўғлимдаги шахматга бўлган қизиқиш оилавий муҳит самараси ўлароқ шаклланган, – дейди жажжи чемпион Акобир Абдулаҳадовнинг онаси Марҳабо Ғаниева. – Боғчадаги машғулотлари тугаши биланоқ у маҳалладаги шахмат тўгарагига шошилади. Ёш бўлишига қарамай бир қатор маҳаллий мусобақаларда фаол иштирок этяпти. Бўш вақтини бекор ўтказмасин деб уни шахматга берганмиз. Ҳали мактаб ёшига етмай туриб, қўлидан телефон тушмайдиган болаларни кўрсам, афсусланиб кетаман. Фарзандларимизни эрта ёшиданоқ спортга қизиқтирсак, бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун шароит яратиб берсак, келажакда албатта, буларнинг мевасини кўрамиз.
Бу каби шахмат мусобақаларини ўтказишдан асосий мақсад – мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларининг шахмат спорт турига қизиқишларини янада ошириш, уларнинг ақлий ва ижодий салоҳиятини ривожлантиришдан иборат.
Юсуф САЙДАЛИЕВ