Ушбу ҳафтада мактабгача таълим ташкилотларида машғулотлар “Ерни асрайлик” мавзусида бўлиб ўтди. Жиззах шаҳридаги 23-ДМТТда ҳам ҳафта мавзуси асосида барча гуруҳларда қизиқарли тадбирлар, ўйинлар ва машғулотлар олиб борилмоқда.

Мазкур муассаса 170 ўринли бўлиб, Жиззах шаҳри марказидаги гавжум маҳаллалардан “Кимёгар” маҳалласида жойлашган. Болалар билан ерни асрашга бағишланган тадбирларда шаҳарларда яшиллик даражасини ошириш, атмосфера ҳавосини ифлослантиришни камайтириш каби мавзулар қизиқарли ўйинлар тарзида тушунтирилди.

Жумладан, инглиз тили машғулотларида “Ер биздан хафа”, “Ерга озор берма” каби мавзуларда чиқиндини белгиланган жойларга ташламаслик, сувни исроф қилмаслик каби муаммолар ўйин тарзида кўрсатиб берилди. Машғулот якунида “Ер биздан хафа бўлмасин” шиори остида теварак-атроф учун қандай фойдали ишлар қилиш мумкинлиги ҳақида тавсиялар берилади. Бундан мақсад тарбияланувчиларни кичик ёшдан атроф-муҳитга меҳрли қилиш ва экологик маданиятли инсонлар бўлиб улғайишларига замин яратишдир.

Болалар маърузалар эмас, ҳаракатли ўйинлар орқали мавзуни тезроқ тушуниб оладилар. Ҳар бир мавзу бўйича қисқа тушунтириш берилгач, ўйин тарзида мавзу мустаҳкамланади. Таълимда ота-оналар билан ҳамкорликни кичик ёшдан йўлга қўйиш муҳим эканлиги боис ҳар бир машғулот ота-оналар учун телеграм мессенжерида очилган гуруҳларга юборилади ва кунлик машғулотларни уйда ҳам мустаҳкамлаш топшириғи берилади.
Ирода ЯКУБОВА,
ЖИззах шаҳридаги 23-ДМТТ нинг инглиз тили ўқитувчиси.