ЖИСМУ ЖОНИМДАДИР ВАТАНИМ ТАФТИ

Мен Назира Йигитова 1982 йилда Жиззах давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетини тамомлаб, илк фаолиятимни Дўстлик туманидаги 5-умумтаълим мактабида бошлаганман. Кейинчалик ишимни Бахмал туманидаги 24-умумтаълим мактабида давом эттириб, бор билим ва маҳоратимни келажак авлод вакилларига ўзбек тилидан дарс беришга бағишладим. Қирғиз миллатига мансуб бўлсамда, ҳеч вақт ўзимни ўзбек ёки бошқа элдан бўлак ҳис этмадим. Туманимизда турли миллат вакиллари билан бир тану бир жон бўлиб яшаётганлигимиз, қуда-қариндош бўлиб, фарзандларимизнинг бахту камолини кўраётганлигимиз бунга яққол мисолдир.

Муҳтарам Президентимизнинг “Умуммиллий тотувлик ва хориждаги ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлашни янги босқичга олиб чиқишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қалбларимиздаги фахр, ифтихор туйғуларини янада тўлқинлантирди. Зотан, кўп йиллардан буён Бахмал туманидаги 7 та мактабда таълим қирғиз тилида олиб борилаётганлиги, тилимиз, урф-одатларимизнинг сақланишига доимо барча имкониятлар яратилганлиги бизни беҳад мамнун этган. Эндиликда мана шундай эътиборнинг тобора юксалиб бораётганлиги, “Инсон қадри учун” тамойилида умуммиллий муносабатларнинг янада мустаҳкамланаётгани Янги Ўзбекистон келажагини бугунданда нурафшон этишига шубҳа йўқ.

Қайси миллат вакили эканлигимдан қатъий назар мен шу заминнинг тупроғида унган, улғайган дарахт мисолиман. Жисму жонимда Ватанимнинг тафти бор. Шундай бахтиёрликда турмуш ўртоғим билан 5 нафар фарзандни олий маълумотли, оилали бўлишида кўмаклашдик. Ҳаётимиздаги баъзан қувончли, баъзан ташвишли кунларимизда маҳалла аҳли бизга элдош, дилдош бўлишди. Юртимиз номи тилга олинганида, доимо қардош халқ сўзи бирга айтилди, куйланди, мадҳ этилди. Йиллар давомида айрим қадриятларимиз, турмуш одатларимиз ҳам уйғунлашди. Бу мўътабар уйғунлик фарзандларимизга бебаҳо мерос бўлиб қолиши ҳамда умуммиллий тотувлик ҳаракатлари ривожида муҳим аҳамиятга эга бўлиши юқоридаги фармон ва қарор ижроси билан чамбарчас боғлиқдир.      

  Назира ЙИГИТОВА,

вилоят қирғиз миллий маданий маркази аъзоси.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *