ЖИЗЗАХДАГИ ЛОГОПЕДИК МАРКАЗ РЕСПУБЛИКАДА “ЭНГ ЯХШИ” ДЕБ ТОПИЛДИ

Апрель ойида Тошкент шаҳрида “Awards BTA” танлови якунларига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда республикамиздаги 150 нафардан ошиқ таълим соҳаси вакиллари турли номинациялар бўйича беллашдилар. Ташкилотчилар томонидан  “Энг яхши логопедик марказ” номинациясида Жиззах шаҳрида фаолият кўрсатаётган “Logo children” маркази республикада энг яхши, деб топилди.

“Logo children” маркази 4 йилдан буён аҳолига логопед-дефектолог хизматини кўрсатиб келади. Бу ерда 4 та иш ўрни яратилган бўлиб, талабаларнинг ҳам иш билан таъминлангани эътиборга лойиқ. Марказ шу кунга қадар минг нафардан ошиқ кишига логопедик хизматлар кўрсатган. Марказда мактабгача ва мактаб ёшидаги болаларнинг ўқув дастурларини ўзлаштиришларига тўсқинлик қилувчи нутқ нуқсонларининг олдини олиш, оғзаки нутқдаги камчиликларни бартараф этиш учун кўмак кўрсатилаяпти. Танловда логопедик марказнинг кўрсаткичлари, хизматлар кўлами, тарғибот ишлари эътиборга олинди.  

Марказ раҳбари Гулруҳ Абдуниязова мижозлар орасида асосан болаларнинг кўпайиб бораётганига шундай изоҳ берди: 

-Нима учун XXI аср болаларида логопедга мурожаат кўпроқ учраяпти? Бунга сабаб гаджетларнинг оммалашаётгани бўлиб, жамиятимизда мулоқот қадрияти сусайиб бораяпти. Бугун кечки пайт оила даврасида ўзаро суҳбатлашиш ўрнига болаларнинг онлайн ўйин билан, кичкинтойларнинг shorts кўриш билан, катталарнинг мобил телефонда ижтимоий тармоқлар билан банд бўлиши одатга айланди. Афсуски, тақлид ёшидаги болаларнинг катталарнинг гап-сўзлари, сўзлашувига қараб нутқи ривождланаётган пайтда бир ёқлама таъсирга тушиб қолиши, телефон экранидан соатлаб кўз узмай ўтириши унинг нутқи меъёрида  ривожланишига таъсир ўтказмай қолмаяпти. Бола мактаб ёшига яқинлашганда бу муаммолар очиқ кўрина бошлагач, логопед қабулига қатнаш ташвиши пайдо бўлади.

Мен, айниқса, оналарнинг бошланғич бўлса-да тиббий саводхонликка эга бўлишларини тавсия қиламан. Агар она фарзанднинг руҳий-жисмоний соғлигини кузатиш ва муаммоларни эрта босқичда аниқлай олиш даражасида билимларга эга бўлса, даво жараёни тезроқ ва осонроқ кечади. Болага уззукун телефон бериб қўймасдан у билан гаплашиш, теварак-атрофни сайр қилдириш, мулоқотда бўлиш нутқдагина эмас, бошқа хасталикларнинг ҳам олдини олган бўлади.

Муқаддас САПАРОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *