Шарқдан Хитой, ғарбдан Европагача чўзилган ҳудудларда жойлашган туркий тилли халқларнинг ўзаро боғлиқ ҳолда ривожланиши ва тараққий этишига уларнинг бирдамлиги, тили ва эътиқодига ҳурмат, ижтимоий-иқтисодий ҳамкорлиги ҳамда маданий алоқаларнинг мустаҳкамлиги сабаб бўлмоқда.
160 миллиондан ортиқ аҳолини қамраб олган Туркий давлатлар ташкилоти ташкил этилганига 14 йил тўлди. Мазкур ташкилот янги дунё тартиботи ва халқаро институтлар тизимида ўзига хос муҳим ўринга эга бўлиб бораяптики, Ўзбекистон ҳам ушбу халқаро ташкилотда 4 йилдан буён фаолият юритмоқда.
Жорий йил 2-3 ноябрь кунлари Қозоғистон Республикасининг Остона шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг “Туркий давр” шиори остидаги навбатдаги саммити бўлиб ўтди. Унда 10 та муҳим стратегик ҳужжатлар имзоланди.
Ўзбекистон раислиги даврида юздан ортиқ турли тадбирлар ўтказилди. Жумладан, ўтган йили “Туркий цивилизациянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари” шиори остида бўлиб ўтган Самарқанд саммити юқори савияда ташкил этилди ва қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди.
Ш.Мирзиёев Ўзбекистон раислигида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги нутқида ташкилотга аъзо қардош давлатлар билан олиб борилган илмий, ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий алоқаларидаги ютуқларини эътироф этиб ўтди.
Шу ўринда, бугунги кунда давлатлар ўртасидаги ишонч инқирози тобора авж олаётгани, Глобал хавфсизликни таъминлашда янги муаммолар юзага келаётгани, айрим давлатларнинг ташқи сиёсатида халқаро ҳуқуқ меъёрларидан четга чиқиш ҳолатлари кузатилаётгани таъкидланди.
Тинчлик ва хавфсизлик масаласи кетганда, барчани жиддий хавотирга солаётган ва узоқ вақтдан буён давом этаётган Фаластин-Исроил муаммосига алоҳида тўхталинди. Икки давлатнинг уруши оқибатида тинч аҳоли, кексалар, аёллар ва болаларнинг қурбон бўлаётгани, низони тинч йўл билан эмас, балки зўравонлик, уруш билан ҳал этиш хавфи кучаяётгани афсус билан тилга олинди.
Шунингдек, мамлакатимиз раҳбари Ўзбекистон яқин ва узоқ келажаги, халқмизнинг тинчлиги ва фаровонлиги юзасидан ҳам бир қатор муҳим ташаббус ва таклифларни илгари сурди. Жумладан, Ташкилот доирасида ўзаро ҳурмат, ишонч ва очиқлик тамойилларини мустаҳкамлаш, биргаликда турли тўсиқларни самарали енгиб ўтиш, Туркий халқлар бирдамлигини, уларнинг буюк ўтмиши ва бой маданиятини, азалий қадриятларини ифода этадиган “Туркий дунё хартияси”ни ишлаб чиқиш;
– давлатлар ўртасида саноат кооперациясини кучайтириш ва йирик сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида Туркий тараққиёт банкини ташкил этиш ишларини фаоллаштириш;
– Туркий давлатлар савдо ҳамкорлиги тадқиқот марказини ташкил этиш бўйича бошланган амалий ишларни тезроқ якунлаш;
– глобал логистика занжирлари ва транспорт йўлакларини ривожлантириш ва диверсификация қилиш, ягона транзит тармоғини шакллантириш. Темир йўл идоралари кенгаши дирекциясини юртимизда жойлаштириш;
– экология соҳасида кенг қамровли ҳамкорликни ривожлантириш мақсадид
а доимий фаолият кўрсатувчи Туркий экология форумини тузиш;
– янгиликка интилиб яшайдиган, ташаббускор ўғил-қизларни рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистонда Туркий дунё креатив ёшлари марказини очиш каби муҳим таклифларни илгари сурди.
Юртбошимиз нутқидаги муҳим бир масала барчани яна бир бор сергакликка тортди. Кўпмиллатли Афғонистон заминида тинчлик ва осойишталик ўрнатиш минтақада стратегик барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашнинг муҳим омили эканлиги, бунда нафақат Ўзбекистон, балки Туркий давлатлар ташикилотига аъзо мамлакатлар биргаликда афғон халқига ҳар қандай инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиши муҳимлиги таъкидланди.
Муҳтарам Президентимиз ушбу ҳолатга ўз муносабатини билдирган ҳолда, томонларни зудлик билан ҳарбий ҳаракатларга барҳам бериш, ўт очишни тўхтатишга, гуманитар мақсадларда муросага келишга чақирди. Мазкур муаммонинг ягона ва энг адолатли ечими сифатида низони “икки халқ учун икки давлат” тамойили асосида ҳал этишни таклиф бердилар. Бу борада Ташкилот якдил ва қатъий позицияни бутун дунёга эълон қилиши зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Туркий давлатлар ташкилотининг олий мақсадлари ҳам халқлар ўртасида тинчлик ва ҳавфсизлик, ижтимоий-иқтисодий, маърифий ва маданий соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиш, азалий яхши қўшничилик алоқаларини янада мустаҳкамлашдан иборатдир.
Ҳусан АБДУНИЯЗОВ,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари,
халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати