ОЛДИНГДАН ОҚҚАН СУВ ҚАДРСИЗ ЭМАС

Маълумотларга кўра, вилоятимизнинг яшиллик даражаси давлат қўриқхонлари, миллий табиат боғи ва ўрмон хўжаликлари ҳисобига 10,5 фоизни ташкил этмоқда. 2003 йилда бу кўрсаткич 5,9 фоиз, 2013 йилда 7,9 фоиз бўлган бўлса, 2030 йилга бориб, Жиззахнинг яшиллик кўрсаткичи 30 фоизга етиши режалаштирилган.  

Албатта, бу кўрсаткични оширишда ҳар бир туп кўкарган ўсимликнинг аҳамияти катта. Аммо кўриб турибмизки, ҳамма экилган кўчат ҳам авж олиб кетмайди. Нобудгарчилик бўлиши табиий, бироқ ҳар ишга  илм билан ёндошилса, йўқотишлар камроқ бўлиши аниқ.  

Президентимизнинг 2024 йил кузги “Яшил макон” лойиҳаси бошланиши арафасида ўтказган видеоселекторида Жиззах чўлларида сув талаб этмайдиган саксовул, қандим, черкез уруғлари дронлар ёрдамида экилиши ҳақида айтилган эди. Ана шундай беор ўсимликлардан бири, ҳам чидамлилик, ҳам эстетик жиҳатдан юқори ўсимлик — юлғундир. 

Уни халқ тилида жинғил деб атасак, таниб олиш осонлашади. Фойдали хусусиятлари сабаб олимлар “иккинчи саксовул” деб аташар экан.  Ўзбекистонда ўсимликнинг 12 тури ўсиб, улар дарахтсимон ва бутасимондир. Юлғун қурғоқчилик, шўрхок, захликка чидамли. 40—50 йилгача яшайди, 40,2° совуққа бардошли. Ўсимлик кўчма қумларни мустаҳкамлаш учун экилади, ёғочидан ўймакорлик ишларида фойдаланилади, новдасидан турли буюмлар тўқилади. Шунингдек, у яхши асал берувчи ўсимлик, баъзи турлари манзарали. Табиий газ етиб бормаган чўл ҳудудларда ёқилғи сифатида қадрли.

Шундай яшил дўстимиз бор экану билмаган эканмиз, дейсизми? Айниқса, Зарбдор-Жиззах йўлидаги юлғунзорлар кишининг кўзини қувнатади. Гектарларга чўзилган юлғунзорлар йўловчиларга баҳор ва кузда завқ бағишлайди, чунки у икки марта гуллайди. Мирзачўл туманига кетар йўлдаги юлғунлар ҳозир гулга кирган. Қизил, пушти, бинафша рангли гулларининг бўйи ҳавога ёқимли ифор уфуриб туради.

-Юлғуннинг томири худди трос каби ер бағрига маҳкам ёпишади, шу сабабли тупроқ эрозияси ва чўлланишнинг олдини олишда унга тенг келадиган ўсимлик йўқ, – дейди биолог олим Лола Санаева.

Хўш, нима сабабдан маҳаллий иқлимга мос ва чидамли, беор бўлган бу ўсимликни аҳоли турар жойларига экиш мумкин эмас? Сўнгги вақтларда хориждан келтирилган дарахт навларига талаб кўпайгандек. Масалан, чинордан ёппасига воз кечиб, сарв, ясень, Эльдор қарағайи, лола дарахти,  каби қимматбаҳо дарахт кўчатларига талаб ошди. Ясень – ўзбекчада кул дарахтининг бир тупи Хитойдан 150 АҚШ долларига келтирилиб, маҳаллий бозорда бундан-да қиммат нархга сотилар экан. Бруссонетия дарахти ҳам Жиззахда оммавий тарзда экилишга тайёрланмоқда. Унинг бир тупи 10 АҚШ долларидан ошади.

Бироқ юлғуннинг манзарали турларини танлаб олиб, уларни янги қурилаётган аҳоли мавзеларига экишга эътибор берилмаяпти. Табиатнинг ўзи чевар, шахсан ўзим Жиззах шаҳрида 3 та майдонда юлғун кўкариб, гуллаб турганини кузатдим. Улар табиий йўл билан уруғи орқали унган бўлиш эҳтимоли катта. Чунки улар тасодифий жойларда кўкариб турибди. (суратларда). Манзарали ўсимлик сифатида ундан “жонли тўсиқ”лар (живая изгородь) яратиш мумкин. Жаҳонга машҳур Хитой “яшил девори” ни барпо этишда ҳам юлғун шўрга чидамли ўсимлик сифатида танлаб олинган.  

Бу мавзуда шахсий фикр эмас, мутахассис тавсияси кўпроқ муҳим. Жиззах давлат ўрмон хўжалиги бошлиғи Абдукарим Холматов мавзу юзасидан ўз таклифларини билдириш билан бирга аллақачон амалий ишлар бошланганини ҳам айтиб ўтди.

-Вилоятнинг чўл туманларида ерлар шўрхок эканлиги боис юлғун дарахти бизнинг иқлимга жуда мос, – дейди А.Холматов. – Масалан, Шароф Рашидов тумани Отчопар майдони олдидаги кўп қаватли уйлар олдида боғ бунёд қилиш жараёни кўп йиллардан бери чўзилиб келаяпти. Ана шундай муаммоли ҳудудларга юлғун экиш ҳар жиҳатдан фойдали бўлади.

Жиззах ўрмон хўжалигига Шароф Рашидов туманидан ўтган темир йўл бўйида 1 гектар ерда маназарали боғ яратиш топшириғи берилган. Биз ана шу ҳудудга юлғун экишни режалаштирдик. Ҳозир майдон ҳайдалиб, кўчат экишга тайёрланмоқда. Экиш учун кўчатлар қаердан олинади? Пахтакор туманидаги хўжаликда юлғун кўчати етиштириш йўлга қўйилган. У уруғи, қаламчаси ва илдиз бачкисидан кўпайтирилади. Ундан чўл ҳудудларда ўрмонзорлар яратишда фаол фойдаланишни режага киритдик. Бундан ташқари эътибордан четда қолаётган жийда дарахтини ҳам кўпайтиришга киришиш керак. Маҳаллий, вақт синовидан ўтган навлар ҳам арзон,  ҳам кам эътиборталаб. Улар ёрдамида манзарали дарахтлардан иборат “Яшил белбоғ”ларни осонгина яратиш мумкин.  

Энди “олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ” эмас. Бундай лоқайдликни  экология кечирмайди. Кўчат экишнинг баҳорги мавсуми якунланган бўлса-да, бир муддатдан сўнг кузги мавсум старт олади.  “Яшил макон” лойиҳаси доирасида юлғунзорларни кўпайтириш, аҳоли манзилгоҳларига ҳам манзарали кўчат сифатида экишни оммалаштириш вилоятда яшиллик даражасининг ошишига хизмат қилган бўлур эди.  

Муқаддас САПАРОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *