“ҲАЛОК БЎЛСАМ ҲАМ АҲОЛИГА ЗАРАР ЕТМАСИН”

Хотира ва қадрлаш тушунчалари замирида инсонга, унинг ҳаёти, шаъни ва қадр-қимматига чексиз эҳтиром туйғуси мужассам. Хотирлаш орқали бугунги тинч-осойишта ва фаровон ҳаётимизга қандай оғир синов ва машаққатлар эвазига эришганимизни англаймиз. Шу йўлда қурбон бўлган кўплаб юртдошларимиз хотирасига таъзим қиламиз. Ана шундай фидойи инсонлардан бири, подполковник, “Жасорат” медали соҳиби Самандар Кенжаев ҳам қисқа умри давомида элу юрт ҳурматига сазавор бўлди.  Қаҳрамоннинг қутлуғ номи бугун эзгу хотиралар билан тилга олинади.

1980 йилда Бухоро вилоятида туғилган Самандар Кенжаев ўрта мактабни тамомлагач деярли бутун ҳаётини Жиззах билан боғлади. Болалигидан шаклланган ҳарбийлик ва учувчилик соҳаларига бўлган қизиқиши уни Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртига етаклайди. Ўқув жараёнлари давомида масъулияти, изланувчанлиги ҳамда намунали хулқи билан шерикларига ўрнак бўлди. 2003 йили ушбу ўқув юртини тамомлаган ёш кадр шу масканда бўлажак учувчиларга билим беришдек муҳим вазифага киришди. Ўз устида тинимсиз ишлаши ва янгиликларга бўлган чанқоқлиги сабабли ўқишдаги фаолиятини яна давом эттиришга қарор қилди.

2010 йилда у Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясига қабул қилинди. Орада Хитой давлатидаги ҳарбий академияда ҳам малака ошириб қайтишга улгурди. Соҳага доир керакли билимларни пухта ўзлаштирган Самандар Пахтакор туманида жойлашган ҳарбий қисмдаги фаолияти давомида малакасини ошириб борди, моҳир учувчи тажрибасини қунт билан ўргатди. Ўқув машғулотлари орқали бўлажак учувчиларга қимматли амалий кўрсатмалар берди. Ҳарбий қисмда Ватанга садоқат билан хизмат қилиш баробарида юзлаб шогирдларни тарбиялади.

2013 йил… Ҳарбий учувчи Самандар парвозга чиқадиган одатий кунлардан бири. У ҳар бир парвозни Ватанга бўлган хизматининг бир парчаси деб биларди. Бу сафар ҳам шундай бўлганди. Самолёт ҳавога кўтарилганидан кейин бир неча дақиқа ўтиб, фавқулодда ҳолат юз берди. Кабинада қизил сигнал чақнай бошлади, тизимда кучли носозлик сезилди. Двигателнинг ғўлдираши ўзгарди, чап қанот остидан тутун кўтарила бошлади. Ҳарбий тажрибаси унга ўзини йўқотмасликни ўргатган эди. Самолётни бошқаришда давом этди, бироқ муаммо тобора жиддийлашарди.

У тезкор қарор чиқариши керак эди — ҳалокатга учраган самолётни бошқаришда давом этиш ёки уни одамлар яшайдиган ҳудуддан узоқроққа йўналтириш. Бу фидоийлик намунаси эди. У рулни ортга, база томон эмас, балки очиқ, кимсасиз чўл томон бурди. Сўнгги лаҳзаларда у фақат бир нарсани ўйларди: “Ҳалок бўлсам ҳам, аҳолига зарар етмасин…”. Самолёт мотори ишлашдан тўхтади ва пастга қулаб тушди. Тоғлар сукунатга чўкди. Аммо бу сукунат ичида бир инсон жасорати акс-садо берди…

Мард ва жасур учувчи Самандар Кенжаевнинг вафотидан сўнг у Президентимизнинг фармонига биноан “Жасорат” медали билан тақдирланди. Бугунги кунда Жиззах шаҳридаги Заргарлик маҳалласида жойлашган шинам уйдан марҳумнинг қадрдон дўстлари ва яқин жигарларининг қадами узилмайди. Улар марҳумнинг оиласини ҳеч қачон ёлғизлатиб қўйишмайди. Вилоят ҳокимлиги, вилоят мудофаа ишлари бошқармаси, вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши ҳамда ҳарбий қисмлар томонидан йўналтириладиган моддий ва маънавий ёрдамлар орқали ҳам унинг оила аъзолари доимий йўқланади. Маҳалладаги қўни-қўшнилару мактаб ўқувчилари ҳам бу уйга тез-тез келиб туришади. Бу ҳудуддаги болалар худди Самандар акаси сингари мард ва жасур йигит бўлиб улғайишни ният қилишган. Дарҳақиқат, ўз касбига юқори фидойилик намунасини кўрсатган Самандар Кенжаев келажак авлод вакиллари учун чинакам ибратли шахс бўлиб гавдаланади. Тинчликсевар халқимиз қалбида Ватан фаровонлиги йўлида жон берган қаҳрамонлар ёди мудом барҳаёт.

Юсуф САЙДАЛИЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *