68 ёшга кирибманки, ҳамон мутолаадан, ёзишдан тинмайман. Республика, маҳаллий нашрларга мунтазам хат-хабарлар йўллаб тураман. Бу менга ёшлигимдан қолган одат. Миннатдорлик ёки дилхиралик ҳақида ичимга ютиб эмас, барча билан бўлишиб таскин топаман. Ҳа, ижод шундай сирли ва мароқли машғулотдир.
Айтайлик, шифокор сизга ёрдам кўрсатди, дарддан фориғ бўлдингиз. Олам кўзингизга чароғон кўрина бошлади. Миннатдорлигингизни маҳаллий матбуот орқали йўлласангиз, ўша ғамхўр инсоннинг ҳам кўнгли ўсади. Шу сабаб мен матбуотни ҳаётимизнинг садоқатли ҳамроҳи деб биламан.
Эсимда, ёшлигимизда почта орқали кўп газета-журналлар келарди. Ҳамма ўқирди. Ўқигандаям ютоқиб, бир-биридан қизғониб ўқирди. Бугун эса катта ёшлиларнинг ҳам қўлида телефон. Китоб, газетага ҳожат йўқдек. Аммо Жиззахдаги уруш фахрийларининг ҳикояларини, чўлқуварларнинг меҳнат жасорати ҳақидаги матнларни интернетдан топиб бўлмайди. Шу сабаб мен ҳамон вақтли матбуотга ёшликдаги дўстимдек қарайман ва унга ишонаман.
Афсуски, бугун китоб, газета ўқишдек одатимизни беҳуда вақт сарфлашга алмаштириб, кўп нарсани бой бермоқдамиз. Тўй-маъракалардаги дабдабабозлик ҳам аслида маънавиятнинг пастлигидан, руҳиятнинг заифлигидан. Агар инсон ўз “мен”ини англаса, унга атрофдагиларнинг гап-сўзи чикора бўлиб, ўзи ва яқинларининг осойишталиги, қалб ва тан ҳаловати биринчи рақамли масалага айланади. Бундай кишилар яхшини ёмондан, ҳақиқий мақсадни ғаразлисидан осонгина ажрата оладилар. Афсуски, қалб эмас, ташқи кўринишни безатишга муккадан кетиб, оилада ва жамиятда турли иллатларга сабабчи бўлаётган билимсизлик, илмсизлик экани ҳақида ўйлаб кўрмаяпмиз.
Аммо хатони тузатишдан кўра такрорламаслик муҳимроқ. Ҳар қанча ишдан чарчаб келманг, фарзандингиз олдида китоб варақланг. Туғилган кунига китоб совға қилинг. Уйингизга даврий нашрлар келиб турсин. Ҳеч қурса уларни ойда бир сотиб олинг. Кўрасиз, китоб ўқишга қизиқиш барибир уйғонади.Мутолаа қалбни юмшатади. Ўқирман киши ҳаётда ҳам бошқаларнинг ҳис-туйғуларини яхши тушунади.
Фарзандингиз меҳрибон, кексайганингизда сизга ғамхўр бўлишини истасангиз, уни мутолаага ошно қилинг.
Амирбек АБДУЛЛАЕВ.