16 ноябрь куни Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинди.
Фармойиш билан 40 та тадбирдан иборат дастур тасдиқланди.
Дастурда белгиланишча, Конституция байрами муносабати билан қуйидаги тадбирлар ўтказилади:
туман ва шаҳар марказларида “Конституция сайиллари”;
Конституция кунига бағишлаб теле ва радио викториналар;
журналист ва блогерлар ўртасида “Конституцияда белгиланган қоидаларни тушунтирадиган энг яхши пост ва мақола” танлови;
суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, Адвокатлар палатаси, шунингдек, “юриспруденция” таълим йўналиши мавжуд бўлган олий таълим муассасалари ходимлари иштирокида республика “Заковат” интеллектуал турнири;
янги таҳрирдаги Конституцияни кўзи ожизлар учун брайль алифбосида нашр этиш;
умуммиллий Конституция имтиҳони, “Менинг Конституциям ва давлат тилим” мавзусида оммавий умумреспублика диктанти ўтказилади;
давлат хизматлари марказларида “Конституция бурчаги” ташкил қилинади;
таълим ташкилотларида Конституция дарслари, олимпиада ва иншолар танлов;
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кунига бағишланган ёшлар конференцияси ва бошқалар.
Шунингдек, мазкур фармойиш доирасида Тошкентда янги “Конституция боғи” яратилмоқда.
Ушбу боғ Бектемир туманида жойлашган “Ийк ота” маҳалласида ташкил қилиняпти. Боғнинг умумий майдони 2 гектар, лойиҳа доирасида 1500 га яқин полония, 2 хил турдаги 100 га яқин арча каби манзарали дарахт кўчатлари экилди.