Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, мамлакатимиз 2025 йилнинг дастлабки олти ойида 17 давлатга 14 минг тонна қовун экспорт қилган. Энг йирик харидорлар орасида Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Европа давлатлари ҳам бор. Албатта, бу рақамлар замирида оддий деҳқонларнинг машаққатли меҳнати ётади.
Саратон. Эрталабдан қуёш атрофни қиздиради. Тонг ҳали ёришмай турибоқ Шароф Рашидов туманидаги “Янги ҳаёт” фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмаси далаларида иш қизғин. Саҳардан бошланган ҳаракат, ер бағридан таралган нам тупроқ ва пайкаллардаги юмалоқ, чўзинчоқ шаклдаги қовунлардан келаётган ҳид атрофга таралади.
Ана шу серҳосил далаларда ижарачи деҳқон Аҳмад Турғунов жорий йилда тўрт гектар майдонга экспортбоп оқуруғ қовун навини экди. Қовунлар орасида обинавот, амири, кўкча, тарпинза каби халқимиз севиб истеъмол қиладиган навлардан мўл ҳосил етиштирилди. Ҳар бир қовуннинг пўстлоғида қуёшнинг тафти, ҳар бир ҳосилда эса деҳқоннинг пешона тери мужассам.
Полизга киришингиз билан энг аввало, сизни меҳнат қилаётган деҳқонларнинг бирдамлиги ҳайратга солади. Бу ердаги минглаб гектар майдонларда Наманган вилоятининг Чуст тумани Ақча қишлоғидан келган юзга яқин оилалар мавсум давомида шартнома асосида ишлаб, ўз ризқини топмоқда. Уларнинг ҳар бири эртадан кечгача далада меҳнат қилади. Кимдир қовун саралайди, кимдир суғоради, яна кимдир эса ҳосилини бозорбоп қилиш билан банд.
Меҳнатнинг самараси ҳам ёмон эмас. Ўртача бир оила мавсум давомида 30–40 миллион сўмгача даромад олмоқда. Бу эса қишлоқ аҳолиси учун катта мадад, хонадонларга файз ва барака демакдир.
— 5–6 йилдан буён ижара шартнома асосида полиз маҳсулотларини етиштириб келяпмиз. Нафақат қовун, балки тарвуз, картошка, маккажўхори, ошқовоқ каби экинларни ҳам парвариш қиламиз. Йилдан йилга тажрибамиз ошяпти. Энг муҳими, меҳнатимизнинг ортидан одамлар ризқ топмоқда, —дейди ижарачи Аҳмад Турғунов.
Бугун “Янги ҳаёт” далаларида етиштирилаётган қовунлар нафақат ички бозорларга, балки хорижга ҳам экспортга йўналтирилаётгани қувонарли ҳол. Хўжалик аъзолари эндиликда ана шундай қовун навлари турини ва уруғини кўпайтириш устида иш олиб боришаётир.
Худойберди ЗИЁТОВ
(“Жиззах ҳақиқати”)
Муаллиф олган сурат.