Халқ дарди ва муаммоларини ўрганиш, уларга ечим топиш фуқароларнинг эртанги кунга ишончининг ортишига, турмуш даражасининг яхшиланишига хизмат қилади. Зомин туманидаги “Ёшлар маркази”да вилоят ҳокимлиги масъуллари иштирокида Ўзбкекистон Республикаси Президентининг Жиззах вилоятидаги халқ қабулхонаси билан ҳамкорликда ўтказган навбатдаги сайёр қабули ана шу эзгу мақсадларни кўзлаган эди.
Қабулда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, гуруҳ раҳбарлари, котибият мудирлари, вилоят ва туман ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди. Даставвал, Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятдаги халқ қабулхонаси мудири Байрамбек Узоқов сайёр қабулларда фуқаролар томонидан кўтарилаётган масалаларни ҳар томонлама тўлиқ ўрганиб, имкон қадар ижобий ҳал этиш чораларини кўриш лозимлиги, жавоб хатларини содда ва тушунарли тарзда ёзиш ва фуқароларга ўз вақтида етиб боришини назорат қилиш зарурлигини таъкидлаб ўтди.
Қабул давомида фуқаролар билан юзма-юз суҳбат олиб борилиб, уларни қийнаётган масала ва муаммоларга ечим топилди. Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Зафар Азимов бошчилигидаги ҳар бир гуруҳ раҳбари фуқаролардан тушган ҳар бир мурожаатларни тинглаб, ўрганиб чиқди.
Сайёр қабулга келган фуқаролар ўзларини қийнаётган масалалар юзасидан тегишли соҳа вакилларига мурожаат қилишди. Унда уй-жой таъмири, моддий ёрдам, ички йўлларни таъмирлаш, иш билан таъминлаш, дори-дармон, соғлиқни тиклаш, электр тармоғи тортиш ҳақидаги масалалар бўйича 80 нафар фуқародан мурожаатлар қабул қилинди.
Айрим ҳужжатлар шу ернинг ўзида ҳал этилган бўлса, муддат талаб этиладиган мурожааатлар бўйича тегишли корхона ва ташкилотлар раҳбарларига топшириқ ва вазифалар берилди. Қабулда барча мурожаатлар бўйича назорат карталари очилиб, уларнинг ижроси домий назоратга олинди.
Қабулга келган фуқаролар очиқ мулоқотларда кўплаб масалаларига ечим топганларидан мамнун бўлишди.
Зоир КАЛОНОВ.