ПАХТАКОРЛИК ҒАЛЛАКОРЛАР МАРРАДА

Саратоннинг юқори ҳароратига чидолмай  аксарият кишилар ўзини салқин жойларга уради. Эрталабдан қуёш ҳар доимгидан  ҳам аямай қиздирмоқда. Гоҳида чигирткаларнинг  ҳолсиз “чир” этаётгнаи эштилиб қолади.  Дарахтлар шохига ўтириб олган очофат чумчуқлар механизаторларнинг устидан “иғво”ни бошлаб юборишган. Лекин бундай вақтда фақат деҳқонда тиним йўқ. У йил бўйи қилган меҳнати ҳосилини йиғиштириб олиш илинжида тиним билмайди. Далада комбайнларнинг овозию, бошоқларнинг қўшиғи  сукунатни бузади…

Бугун мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятига назар ташлар эканмиз, унда эл маъмурчилиги ва халқ фаровонлигини оширишга қаратилган сайъ-ҳаракатларни кўрамиз. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, экспортбоп маҳсулотларни етиштиришга бўлган ҳукумат эътибори сабаб соҳага илм ва инновацияни қўллаган ҳолда ютуқларга эришиш масаласи бош вазифа этиб қўйилди.

Бу борада ҳаётнинг бақувват устуни, тараққиётнинг мустаҳкам таянчи бўлган пахтакорлик деҳқонларнинг фидойи меҳнатини бўлиқ ҳосилга кирган ғаллазору, турнақатор бўлиб дон қабул қилиш пунктида навбатини кутаётган ғалла ортган юк транспортлари мисолида кўрдик.

Пахтакор туманида 11700 гектарга экилган сара уруғлар бугун пишиб етилди. 35880 тонналик шартномавий режа вилоятда биринчи бўлиб бажарилди. Ҳудуддаги 234 та фермер хўжаликлари далаларида 56 та ўрим комбайни, 210 та дон ташувчи транспорт, 22 та ўрим отряди, 11 та кўчма устахона, 11 та ёқилғи ташиш техникалари, 112 нафар комбайн оператори жалб қилинди. Ҳар бир отрядга ИИБ, ёнғин хавфсизлиги хизмати, божхона, қўриқлаш бўлими ходимлари бириктирилди.

—Туманимиз ғаллакорлари жорий йилнинг 3 июнидан ғалла ўрим-йиғимига киришдилар,—дейди қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича туман ҳокимининг ўринбосари Марат Кубаев. — Кунига 680-690 гектардаги дон комбайн операторлари  кўмагида ўриб-янчиб олинди.

Туман ғаллакорларининг улкан меҳнат ютуғига “Бахмал”, “Самарқанд”, “Оқбулоқ”, “Нодирабегим”, “Пахтакор”, “Туркистон” ҳамда Амир Темур номли фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмалари деҳқонлари муносиб улуш қўшдилар.  “Жавоҳир Хорун хирмони”, “Тоза уруғ даласи”, “Нормурод бобо хирмони”, “Мурод йўлида”, “Даврон Шер”, “Самандар Беҳзод” каби фермер хўжаликлари гектаридан 90-100 центнердан юқори ҳосил олишга эришдилар.

Комбайн операторларидан Ўткир Бозоров, Шоҳруҳ Жовлиев, Азизбек Искандаров, Шаҳзод Тўраевлар мавсумда 350-400 гектар майдондаги донни ўриб-янчиб олишди. Жорий йилда ҳар бир ўрилган гектар учун комбайн операторларига 650000 сўмдан ҳақ тўланди. Шу кунгача 200 нафарга яқин фермерлар зиммаларидаги мажбуриятни ошириб бажаришди.

Айниқса, ўрилган ғаллани дон қабул қилиш пунктларига етказишда 210 та юк автомобилларини бошқарувчи ҳайдовчиларининг улуши катта бўлди. Бу борада Комил Бойжигитов, Жамшид Қаҳрамонов, Дилмурод Джалов, Шукурали Ҳамиқулов сингари ҳайдовчилар кунига 800 минг сўмдан 1 миллион 200 минг сўмгача пул ишлаб топишди. 

Пахтакор тумани ғаллакорларининг улкан меҳнати ютуғи замирида нима бор? Бу ҳақда ҳудуддаги “Бахмал” фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмаси раҳбари Ўктам Жумановнинг фикрлари билан қизиқдик.

—Биринчидан, уруғ ўз вақтида сепилди. Февралда ғалла азотли ўғитлар билан озиқлантирилди.  Икки  марта сув берилди. Бундан ташқари, майса баргидан озиқлантирилди. Зарарли ҳашаротларга қарши буғдой майсасига уч марта ишлов берилгани туман деҳқонларининг ютуғи бўлди.

—Сиз раҳбарлик қилаётган “Бахмал” фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмаси нафақат туманда, балки вилоятда биринчи бўлиб давлатга дон сотиш режасини бажаргани билан табриклаймиз.

—Раҳмат. Дарҳақиқат, хўжалигимиз тумандаги экинга сув етиб бориши бироз қийинроқ, чеккароқ ҳудуд ҳисобланади. Шундай бўлсада фермерларимиз омилкорлик билан иш юритиб, қишлоқ хўжалигида орттирган бой тажрибаси ва билими, қолаверса, шижоати ҳамда фидокорона меҳнати билан сара донни қисқа фурсатда нест-нобуд қилмасдан йиғиштириб олишди. “Жиззахдонмаҳсулотлари” АЖ билан тузилган шартномани 100,1 фоизга, яъни, 4855 тонна донни давлатга сотиб, шартномавий режани бажарди. Кузда 1517 гектар майдонга экилган буғдой навидан ҳудудимиздаги “Оқ булутлар”, “Қўшрабод”, “Юксак одим”, “Ювес тўғ нукус”,  “Зилол Диёр Нур” фермер хўжаликлари аъзолари 80-90 центнердан ҳосил олишга эришдилар. Деҳқонларимиз ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин сифатида мош ҳамда тарвуз экишни режалаштирганлар.

Қуёш тафтини олган деҳқоннинг меҳнати бугун юксак хирмонларда бўй кўрсатмоқда. Фермер кеча машаққатини унутиб, меҳнатига яраша роҳатини, рағбатини олаяпти.

Тандирдан узилган ноннинг ҳидига тенг келадиган дунёда яна қандай неъмат бор?! Ўша нонда пахтакорлик деҳқоннинг қуёш урган юзидаги иссиқ тафтини, тиним билмас қадоқ қўллар етиштирган маҳсулини кўргандек бўламан.

Хирмонларимиз донга, дастурхонларимиз нонга тўлсин!

 Зоир ЭРГАШЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *