ДЎСТЛИКДА ДОСТОН ЯРАТАЁТГАНЛАР

Бободеҳқон  дастурхонларимиз тўкинлиги, бозорларимиз сероблиги учун  йил бўйи меҳнат қилади.  Иссиқми, аёзми даласидан нари кетмайди у.

Қуёшнинг иссиқ ҳароратидан  бошини  эккан бошоқлар  ёқимли эпкинлар таъсирида бир-бирига суяниб, чайқалади.

Деҳқон меҳри ила етиштирган ҳосил бугун бўй кўрсатди. Кечаги об-ҳавонинг инжиқликлари миришкорни чўчитолмади.  Аслида деҳқон учун осон келган мавсумнинг ўзи йўқ.

Дўстлик   вилоятимизда энг кўп  ғалла етиштирувчи туман ҳисобланади. 15700 гектар майдонга экилган сара уруғлар   пишиб етилди. 48800 тонналик шартномавий режа вилоятда пешқадамлар сафида бажарилди.  Ҳудуд далаларида 54 та ўрим комбайни, 25 нафарга  яқин механик ва техниклар, 100 нафардан ортиқ комбайн-оператори, 23 та отряд, 300 та дон ташувчи транспорт воситаси ҳайдовчилари ўрим-йиғимга жалб қилинди. Комбайнлар кўмагида кунига 3000-3200 тоннага яқин  дон уриб, янчиб олинди.

— 1 июндан ғалла ўрим-йиғимига киришгандик,—дейди  қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича туман ҳокимининг ўринбосари Жаҳонгир Шарипов. 371 нафар фермерларимизнинг аксарияти шартномавий режасини бажаришга эришдилар.

М. Абдувосиев номли фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмасидаги “А- Кубро” фермер хўжалиги дала майдонига бордик. 52 гектар  ғаллазордаги буғдой ҳосилидан кўз қувнайди.  

Шу ерда иш юритувчи Достонжон Ибодуллаевни суҳбатга тортдик.

— Фермер хўжалигимизни отам Баҳрулло Яҳёхонов бошқаради.  Ёшлигимдан далада катта бўлдим. Отамдан деҳқончиликнинг ўзига хос бўлган ҳадисларини ўрганиб келаяпман. Доим ёнида юриб, маслаҳатига қулоқ тутаман. Билмаганимни ўрганаман. Худога шукр, йилига шартномавий режаларни ошириб бажариб келамиз. Даромадимиз ҳисобидан тўйлар қилдик, янги техникалар сотиб олдик.

Фермер хўжалиги аъзолари жорий йилда 156  тонна хирмон бунёд этиб, зиммаларидаги мажбуриятни ошириб бажардилар. Хўжалик сувсизликка чидамли“Аср” буғдой навидан мўл ҳосил кўтарди. Ҳар бир бошоқда 70-90 тагача донни санаш мумкин

— Хўжалигимиз туманда биринчилардан бўлиб давлатга дон топшириш режасини ошириб бажарди,—дейди  Р. Есенқулов номли фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмаси раиси Маматжон Бозорбоев. 1625 гектарга экилган буғдой навидан 5724 тонна сара донни омборларга етказиб, шартномавий режани адо этдик. Жалол Нурлибоев, Сирож Қуролов, Қаҳрамон Бургутов, Шавкат Тўйинов раҳбарлик қилган фермер хўжаликлари азаматлари гектаридан 90-100 центнердан ҳосил олишга эришдилар.

Туман ғаллакорларининг улкан меҳнат ютуғига Шавкат Ўлмасов, Зафар Жўраев, Акром Қобилов, Абдусалим Эшбеков, Рўзибой Арзиқулов, Замир Улуғмуродов сингари комбайн операторларининг ҳар бири 1600-1700 тоннадан донни уриб-янчиб, салмоқли улуш қўшдилар.

Р.Есенқулов номли, М. Абдувосиев номли, Халқабод, У. Маматқулов номли, Қ. Раҳимов номли, М.Дадажонов номли ҳамда “Навбаҳор” хўжаликлари аъзолари шартномавий режани пешқадамлар қаторида бажардилар. Қайси ҳудудга, хўжаликка бормайлик бу йил ғалладан мўл ҳосил олинганининг ва ютуқлар омили сифатида  уруғни эрта сепилгани, агротехник тадбирларнинг  вақтида ўтказилганини фермер ва хўжалик раҳбарлари бот-бот таъкидлаб ўтишди. Рақамларга эътибор беринг, тумандаги Чўлпон, Сардорбек Мунис, Сирож, Мирзакулов Зафар, “Олмос гамбой”, “Асал момо” ҳамда “Жавоҳир Жамол” сингари фермер хўжаликлари аъзолари гектаридан 96-100 центнердан ҳосил олишга эришдилар. Фермер  хўжаликлари  ихтиёрида режадан ташқари 285-396 тоннагача дон қолди.

— Ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин сифатида 5500 гектарга мош, 4000 гектарга қовун-тарвуз экилади,—дейди туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Фурқат Нурмуҳамедов. —Шунингдек, 125 гектарда боғдорчилик, 70 гектарда гулкарам  парваришланаётир. Мош, карам, мева-савзавот, полиз маҳсулотлари Россия, Хитой, Туркия, МДҲ ҳамда Марказий Осиё давлатларига экспортга чиқарилади.

Қуёш эринибгина ботади. Даладаги қушлар ини томон шошади. Тун кирган бўлсада  ғаллазордан таралаётган қўшиқ  сукунатни бузади.  Бу ерда ҳосил чўғидан кўнгли тўқ деҳқону фермер, комбайнчи операторлар  бутун оркестрга жамланиб,  бахт ва меҳнат, Янги Ўзбекистон ҳақида  куй-қўшиқлар, достонлар яратадилар.

Зоир ЭРГАШЕВ.

Ш. ЭГАМКУЛОВ (фото)

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *