ЗАҲМАТ ОРТИДАН РАҲМАТ

Зафаробод туман ҳокимлигида қишлоқ хўжалиги бўлими мутахассислари билан ғалла ўрим-йиғими якунлари ҳақида суҳбатлашарканмиз, ўнлаб илғор фермер хўжаликларининг бу йилги мавсумда ҳам баракали ҳосил етиштиришганини алоҳида таъкидлаб ўтишди. Улар орасида Й.Охунбобоев номли фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмасида фаолият кўрсатаётган “Самирбек Мардонбек” фермер хўжалигининг раиси Ғулом Рўзмонов ҳам бор.

Таниқли пахтакор Шомурод Рўзмонов асли Фориш туманининг Ухум қишлоғидан. Чўлни ўзлаштириш мақсадида биринчилардан қишлоқдан йўл олган Шомурод бобо бутун умр чўлда дала кезди. У ерга меҳрини бериб, кам бўлмади. Ҳалол ишлаб, рўзғор тебратди. Обрў-эътибор топди. Нафақага чиққач, ўғли Ғуломга маслаҳат солди.

—Болам, ишни эплай олсанг, ерни сенга топширай, йўқса…

Отасининг дабдурустдан айтган бу гапидан сўнг Ғулом ўйланиб қолди: — Деҳқончилик қилишнинг ўзи бўлмайди. Қолаверса, тажрибаси ҳам кам. Эртага бирон кор ҳол бўладиган бўлса, одамларнинг оғзига элак тутиб бўлмайди. Гап-сўзларга қолиши аниқ…

—Нафақада бўлса, далани тарк этади, — деб ўйласанг хато қиласан— сўзида давом этди отаси. — Умрим шу ерда ўтди. Эҳ, бу ерлардан ташқари дов-дарахтлар-у, ўт-ўланлар ҳам мен учун азиз. Далага келсам дам олгандек бўламан. Сенга йўл-йўриқ кўрсатиб, маслаҳатимни аямайман.

Бу гаплардан сўнг Ғуломнинг кўнгли кўтарилди. Фермер бўлиб, ота ишини давом эттиришга қарор қилди. Шу-шу у ҳам дала кезишни, экинлар билан “суҳбат қуриш”га одатланди. Бунда отасининг ўгитлари асқотди. Бугун Ғулом Рўзмонов кўзга кўринган қишлоқ мулкдорларидан.

—Жорий йилда 43,6 гектар ғалла, 43 гектар пахта майдонларида деҳқончилик қилдик, — дейди фермер. — Отам айтганидек, ерга меҳрингни берсанг, қаровини вақтида ўтказсанг, у ҳам ҳосилини аямас экан. Бу ҳақиқатни тажрибамизда кўраяпмиз. Давлатга 136 тонна сара дон топширдик. Ҳосилдорлик гектарига ўртача 60 центнердан ошиб кетди. Режадан ташқари ҳосил хўжалигимиз ихтиёрида қолди. Аҳил жамоамиз сидқидилдан меҳнат қилди. Айниқса, механизатор Ғиёс Рўзмоновнинг бу ютуқларда муносиб хизмати бор.

—Фермерларимиз чеҳрасидаги кайфиятни кўраяпсизми, — дейди уюшма раиси Зафар Исматов. — Меҳнатлари натижаси кўринганидан хурсанд. Омборга дон тушдими, демак деҳқон тўқ, элда маъмурчилик. Ғулом фермер ҳам бугун хурсанд. Эл олдида берган сўзининг устидан чиқди…

Ушбу меҳнат ютуғидан руҳланган аҳил жамоа бутун эътиборни пахтачиликдаги дала ишларига қаратишган. Ишларингиз ҳамиша бароридан келсин, деҳқонлар!

Абдушукур ЛАПАСОВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *