ШАҲРИМИЗ КЎЧАЛАРИДА – АЛВОН АВТОБУСЛАР

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 февралдаги “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича Жиззах шаҳрида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. Тежамкор, тезкор ва қулай бўлган автобуслар шаҳар кўчаларини тўлдирмоқда, янги йўналишлар очилиб, аҳолига сифатли жамоат транспорти хизмати кўрсатилмоқда.

Жорий ҳафтада шаҳарга яна 30 та замонавий автобус келтирилди. Хитойнинг Yutong Bus Co., Ltd. компаниясида ишлаб чиқарилган автобуслар сиқилган табиий газда ҳаракатланиши боис ҳавони ифлослантириш кўрсаткичи паст. Экологик жиҳатдан ҳам фойдали бўлган йўловчи ташиш автобуслари йўловчи оқими юқори бўлган йўналишларда иш бошлади.

-Президент қарорига асосан, «Ўзмиллийбанк» томонидан шаҳар жамоат транспорти тармоғини ривожлантириш учун кредит линиялари очилган. Янги автобуслар ҳам мазкур банкнинг 4 млн юань кредит ҳамда ўз маблағимиз ҳисобидан харид қилинди, – дейди “Бизнинг куч” МЧЖ таъсисчиси Ғайрат Мавлонов. – Янги автобуслар йўловчи учун барча қулайликларга эга, уларнинг ташқи дизайни ҳам эътиборни тортади. Уловлар 103- ва 112-йўналишларда қатновни бошлашди.

30 та янги автобуснинг келиши аҳолига қулайлик билан бирга янги иш ўринларининг яратилишига ҳам сабаб бўлди. 50 нафар фуқаро мазкур воқелик ортидан ишли бўлишди. Автобус ҳайдовчилари қисқа муддатли ўқув-танишув амалиётидан сўнг автобуслар бошқарувига киришдилар.   

Бундай янгиликлар аҳолига автотранспорт хизмати кўрсатишни яхшилаш, жамоат транспорти йўналишлари тармоғини кенгайтиришда катта аҳамиятга эга.

Муқаддас САПАРОВА.

Б.ҚУДРАТОВ (фото).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *