Сўнгги йилларда республикада ер участкаларидан оқилона ва мақсадли фойдаланилишини таъминлаш, уларни муҳофаза қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ, ҳудудларда ер қонунчилигига риоя қилмаслик, ер участкаларидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш, жумладан, ноқонуний қурилмалар қуриш, шунингдек, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳолатлари учрамоқда.
2024-йилнинг 1-январ ҳолатига Кадастр агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси Фориш туман бўлими инспекторлари томонидан ер назорати тизимида олиб борилган назорат тадбирлари натижасида жами 65 та ҳолатда 106,6 гектар ер майдони юридик ва жисмоний шахслар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги аниқланди.
Ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонларининг 42 та ҳолатда 105,29 гектари ер фондининг қишлоқ хўжалиги тоифаси, 23 та ҳолатда 1,31 гектари аҳоли пункти, ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар ҳисобига тўғри келади.
Юқоридаги ҳолатларни бартараф этиш бўйича туман инспекторлари томонидан ҳуқуқбузарларнинг барчасига огоҳлантириш хатлари берилган. Шундан 25 та ҳолат жойида ихтиёрий бартараф этилиб, ер участкаси ўз холига қайтарилган. 40 та ҳолат бўйича судларга даъво аризалар киритилган бўлса, 1 та ҳолат бўйича қўшма тартиб асосида прокуратура органларига маълумотлар киритилди.
Фактларга мурожаат қилсак: тумандаги Оқтом МФЙ, Оқтом қишлоғида яшовчи фуқаро Й.Шабаев томонидан Оқтом массиви ҳудудидан ҳеч қандай ҳужжатларсиз, ўзбошимчалик билан 0.04 гектар ер майдони атрофини сим тўсиқлар билан эгаллаб олганлиги аниқланди. Фуқаро Й. Шабаевга ноқонуний эгалланган ер майдонини ўз хоҳишига кўра қайтариши кераклиги, акс ҳолда ноқонуний эгалланган ер майдонини суд тартибида қайтарилиши тўғрисида огоҳлантириш хати берилди. Шундан сўнг фуқаро Й. Шабаев томонидан ноқонуний эгалланган ер майдони атрофидаги сим тўсиқлар ихтиёрий равишда бузиб олинди.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, ўтган 2023-йил давомида 73 та ҳуқуқбузарга (14 та 60-модда 2-қисми, 27 та 60-модда 3-қисми, 9 та 68-модда 1-қисми, 23 та 68 прим 1-модда) нисбатан жами 622 170 000 сўм маъмурий жарималар қўлланилди. Қўлланилган жарималарнинг 52 тасидан 111 285 000 сўм қисми кадастр органлари томонидан (амалдаги тартиб бўйича 15 кунлик муддатда тўловни амалга оширган ҳуқуқбузарларга 50 235 000 сўм 50 фоизлик имтиёзлар қўлланилган) ундирилиши таъминланди. Тўланмай турган 449 100 000 сўмлик жариманинг муддати ўтган 4 тасидаги 69 300 000 сўмлик қисми мажбурий ундирувга қаратилди. Мажбурий тартибда 1 та ҳолатда 3 300 000 сўм маблағ ундирилди. Ундирилмаган ва шу жумладан мажбурий ижрога қаратилмаган жарималар миқдори 457 350 000 сўмни ташкил этмоқда. Мазкур жарималар бир ойлик муддатда ихтиёрий тўланмаган тақдирда тегишли тартибда мажбурий ижрога қаратилиши таъминланади.
ХУШНУД ИЛҲОМОВ,
Кадастр агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси
Фориш туман бўлими бошлиғи.