Ҳар бир халқнинг миллийлигини намоён этувчи белгилар бўлиб, улардан бири бу – унинг миллий кийими, ундаги ранг, нақш ва шакл ҳисобланади. Юртимизда миллийлик рамзи сифатида дўппи алоҳида ўрин тутади. Бугунги кунда ушбу бош кийимини кийиш нафақат моддий маданиятимизга эътибор, балки маънавий меросга эҳтиром, миллий қадриятларга қайтишнинг ёрқин намунасидир.
Дўппи асрлар давомида ўзбек халқининг ҳаётида муҳим ўрин тутган. У нафақат кийимнинг бир бўлаги, балки халқимизнинг руҳий дунёқараши, исломий ва миллий тарбиясини ифода этган рамз саналади. Бу бош кийим кўпинча исломий одоб билан боғланган – бошни ёпиш, камтарлик ва поклик рамзи сифатида ҳам қаралган. Шунинг учун ҳам дўппи кийиш нафақат миллийлик белгиси, балки одоб ва диёнат билан боғлиқ.
Юртимизда ҳар бир вилоятда дўппининг ўзига хос турлари мавжуд. Андижон дўпписидаги тўртта қалампир нақши, Наманган дўпписидаги тўртта бодомча, Самарқанд, Хоразм, Бухоро ва Қорақалпоғистон дўппиларида ҳам ўзига хос нақш ва мазмунлар бор. Ҳар бир нақш бизнинг халқимиз тафаккурининг юксаклиги ва қалб кўзгусидир.
Бугунги глобаллашув замонида миллий ўзлигимизни сақлаш ва келгуси авлодларга етказиш ҳар қачонгидан муҳим. Миллий либос, айниқса, дўппи, бу – бизнинг кимлигимизни, ўзлигимизни англатувчи рамз. Уни кийиш орқали биз ўз миллатига садоқатли эканимизни, қадимий анъаналаримизни унутмаганимизни кўрсатамиз.
Мактаб ва олий таълим муассасаларида, турли маданий тадбирларда миллий либос, дўппи кийишни кенг тарғиб қилиш – ёш авлодда миллий ифтихор ҳиссини кучайтиради. Айниқса, болалар, ўғил-қизларимизда исломий одоб-аҳлоққа ҳамда миллий ўзликка муҳаббат уйғотишга хизмат қилади.
Дўппи – бу шунчаки бир кийим эмас, балки миллатнинг руҳи, тарихи, одоби ва маданияти мужассам бўлган муқаддас рамз ҳисобланади. Уни қадрлаш – ўзлигимизни қадрлаш, уни кийиш – миллийликка, маънавиятга қайтиш демакдир. Ҳар биримизнинг бурчимиз – миллий либосимизни, хусусан, дўппини ардоқлаш, унинг маънавий қимматини ёшлар онгига сингдириш ва келажак авлодга етказишдан иборат.
Ботирхон РЎЗИЕВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Жиззах вилоят бош имоми ўринбосари.