Кеча Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ўн учинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессияни Кенгаш раиси Парда Шукуров очиб, депутатларни кун тартиби, иш регламенти билан таништирди. Сессияда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев иштирок этди.

Депутатлар “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2025 йил 22 июль куни Жиззах вилоятига амалий ташрифи доирасида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси тўғрисида”ги масалани муҳокама қилишди. Шу масала юзасидан вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Зафар Азимов сўзлади.

Давлатимиз раҳбари “Зомин технопарки” махсус саноат зонасини бориб кўриб, у ерда амалга оширилаётган йирик лойиҳаларнинг мамлакатимиз тараққиётида муҳим ўрин тутишини таъкидлаган эди. Жумладан, биринчи босқичда махсус саноат зонасига 9 та лойиҳа жойлаштирилган. Бугунги кунда қарийб 300 миллион долларлик яна 7 та лойиҳа бўйича қурилиш ишлари давом этмоқда. Уларда қурилиш материаллари, конструкциялар, электр техникаси ва кимё маҳсулотлари ишлаб чиқарилади, логистика ва тренинг маркази ташкил этилади.
Умуман, саноат зонасидаги барча лойиҳалар ишга туширилганидан кейин қарийб 5 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади, 15 турдаги янги маҳсулот ўзлаштирилиб, 70 миллион долларлик экспорт салоҳияти яратилади. Энг муҳими, 5 мингдан ортиқ фуқаро ишли бўлади.
Президент инвесторларга кўмаклашиб, лойиҳаларни тезлаштириш бўйича кўрсатмалар берди. Саноат соҳаларига мос мутахассислар тайёрлаш, ёшлар бандлигини таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.
Жиззахнинг турфа табиати, тоғли ва чўл ҳудудлари йилнинг тўрт фаслида ҳам саёҳат қилиш имконини беради. “Зомин” туристик-рекреацион зонаси, Зомин аэропорти ва янги йўллар бу имкониятларни янада кенгайтирди. Йирик 6 та канал бўйида сайилгоҳлар ташкил қилинди. Энди “Айдар-Арнасой” кўллар тизими қирғоқ бўйида ҳам замонавий туризм маркази барпо этилади.

Зафар Азимов вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун республика бюджетидан ажратилган маблағларнинг лойиҳаларни амалга ошириш ва иш ўринлари яратиш, уй-жой учун субсидиялар бериш масалаларига алоҳида тўхталди. У шундай имкониятлар бўлишига қарамай туманлар раҳбарлари бундан тўлиқ фойдаланмаётганлигини танқид қилди. Холбуки, маблағ бор, субсидия сўраган одамлар ҳам бор. Бироқ турли баҳоналар билан маблағлар аҳолига берилмаяпти. Натижада белгиланган муддатда ишлатилмай қолган маблағлар республика бюджетига қайтарилмоқда.
Сессияда вилоят ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Шухрат Джураев жорий йилда амалга оширилиши лозим бўлган қурилишлар, турар жой бинолари барпо этиладиган массив ва туманлар, қурилишлар сифати хусусида сўзлади.
Кўкдала тумани тажрибаси асосида Зомин туманида ҳам маданият саройи ва санъат мактаби қурилиши режалаштирилган. Маданият саройи 300 ўринли бўлиб, туман марказидаги 45 мингдан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатади. Мутасаддиларга ушбу режалар ижроси, ижтимоий-иқтисодий соҳалар ривожи бўйича топшириқлар берилган эди.

— Жиззахда барпо этилаётган Янги Ўзбекистон массиви қурилишига сифат жиҳатидан бутунлай янги назар билан қарашимиз зарур. Ҳозирги қурилиш-монтаж ишлари давр талабига жавоб бермайди. Турар жой бинолари таннархи сунъий тарзда ошириб юборилган, -деди вилоят раҳбари Улуғбек Мустафоев. — Бундан кейин шаҳар ва туманларда бунёд этиладиган турар жой бинолари, ўтган асрда қурилган уй-жойлар таъмири сифатига, инфратузилма тармоқлари барпо этиш масалаларига бевосита ўша ҳудуддан сайланган депутатлар ҳам масъул бўлишади.
Сессия якунида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев нутқ сўзлаб, барча депутатларга мурожаат қилди. У давлат раҳбарининг топшириқлари ижросини таъминлашда якдиллик билан ҳаракат қилиш зарурлигини яна бир бор таъкидлади.
Асад МУСТАФОЕВ.
Ботир Қудратов (фото).