ГУЛ БИР ЁН – ЧАМАН БИР ЁН

Туман марказидан қайси тарафга йўл олманг, қир-адирлар оша яшил оролчалар тез-тез кўзга ташлана бошлайди. Баҳорда кўк билан қопланиб, ёз келмасидан бурун сарғайиб кетадиган қирлар қўйнида энди боғлар, обод масканлар пайдо бўлаяптики, буларнинг бари сув билан боғлиқ.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб берилган янги тизим асосида аҳолининг томорқа ва ижара ерларидан самарали фойдаланиш орқали уларнинг даромадларини ошириш мақсадида томорқа учун сув билан таъминлаш масаласи самарали ечилмоқда. Жорий йил давомида Баландчақир ШФЙда томорқада фойдаланиш мақсадида 6 та артезиан қудуқ қазилди. Ҳавотоғ маҳалласида эса мавжуд артезиан қудуқлар учун 4 км қувурлар тармоғи тортилди.

-Янгиободнинг жўғрофий жойлашуви сув таъминотида ўзига хос ечимга сабаб бўлган. Аҳолининг ичимлик сувига бўлган талаби ҳам артезиан қудуқлари орқали сув чиқариш билан қондирилади. Бунда албатта, сувнинг тозаланиш ва қаттиқлик ҳолатини санитария талабларига келтириш учун фильтрлар ўрнатилиб, ичишга яроқли ҳолга келтирилади. Бунга озмунча маблағ сарф бўлмаган, албатта. Аммо саъй-ҳаракатлар натижасида аҳолини  сув билан таъминлаш 86,5 фоизга етди, – дейди туман ҳокимининг  қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Муҳиддин ТЎРАЕВ.

Йил давомида 200 дан зиёд симёғочлар алмаштирилди. Айтганча, туман маркази ва маҳаллаларда тунги ёритиш чироқлари тўлиқ қуёш панеллари ҳисобига ишлайди. Масалан, Совот ҚФЙда 40 та ана шундай ёриткич ўрнатилган бўлиб, у 1 км пиёдалар йўлагини тунда ҳам чароғон қилиб туради. Янгиободда кечаси ҳам “қуёш ёруғида” китоб ўқиш мумкин.

Равон йўллар ҳақида алоҳида айтмасак бўлмас. Туманга кириб келишдан бошлаб, Хўжамушкент дейсизми, Чаканд дейсизми, шаҳарчагами, қайси томонга йўл солманг, уловингиз сира қийналмайди. Масъуллар айтишича, туманда бирор км ҳам нобоп йўл қолмаган, 200 км асфальтлашган.  Бу йил  Сармич ва Шодлик маҳаллаларида 1 км дан ички йўл асфальт қилинди. 28,5 км йўл 4 млрд сўм маблағ эвазига жорий таъмирланди. 

Шаҳарлараро қатнайдиган автобуслар ҳам янгиободликлар узоғини яқин қилмоқда. Тумандан Тошкент шаҳрига 1 та, Сирдарё вилоятига 4 та, Жиззах шаҳрига 1 та автобус қатнови йўлган қўйилган. Замонавий тезюрар автобуслар ҳар куни туман марказидан йўлга чиқиб, шу куннинг ўзида яна қайтиб келади.

Муқаддас САПАРОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *