Суд зали эшигидан кирган ҳар бир инсоннинг юрагида битта умид яшайди — адолат тантанаси. Аммо бу адолат йўли кўпинча минглаб саҳифали қоғозлар, ариза ва баённомалар гирдобидан ўтади. Фуқаролик ишлари бўйича судларда низолашаётган томонлар учун ҳар бир ҳужжат, ҳар бир қарор оғир вазнга эга. Хўш, фуқаролик суди жараёнида иш материаллари билан танишиш, улардан нусха кўчириш ёки кўчирма олиш тартиби ўзи қандай? Қонун бизга бу борада қандай имкониятлар беради?
Фуқаролик процессуал кодексининг 40-моддасига кўра, суд ишларидаги ҳужжатларнинг кўчирма нусхаси фақатгина ишда иштирок этувчи шахслар ёки уларнинг қонуний вакилларига берилади. Бунинг учун улар томонидан тегишли ариза тақдим этилиши лозим. Ҳужжатлар нусхасини бериш суд раҳбарияти ёки судьянинг ёзма рухсати билан девонхона мудири, архив мудири ёки судья ёрдамчиси томонидан амалга оширилади.
Ушбу кодекснинг 279-моддасига кўра, ишда иштирок этувчи шахслар суд мажлисининг баённомаси билан танишиб чиқишга ва унда йўл қўйилган хатоликларни ёки унинг тўлиқ эмаслигини у имзоланган кундан эътиборан беш кун ичида кўрсатиб, баённома юзасидан ёзма равишда фикр-мулоҳазалар билдиришга ҳақли. Суд мажлиси баённомаси устидан эътирознома тақдим этиш учун баённома билан таништириш сўралган-да, суд томонидан ишда иштирок этувчи шахслар тегишли процессуал қонунчиликда белгиланган муддат ҳисобга олинган ҳолда баённома билан ариза (илтимоснома) берилган куни таништирилади. Баённома раислик қилувчи судья ва суд мажлиси котиби томонидан имзолангандан кейин йўл қўйилади. Баённома билан танишиш натижасида унга нисбатан билдирилган эътирозлар суд томонидан иш куни давомида қабулхонада белгиланган иш вақти режимидан қатъий назар, қабул қилиниши лозим.
Суд қарорларининг дубликатлари ва нусхаларини, шунингдек иш материалларидан бошқа ҳужжатларнинг нусхаларини берганлик учун Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ ҳужжатнинг ҳар бир бети учун амалдаги БҲМнинг 2 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади. Суд ишларида мавжуд бўлган аудио ва видео ёзувларнинг нусхаларини олишни истаган мурожаатчилар буни ўз ҳисобидан амалга оширадилар.
Суд архивидан нусха олиш — мураккаб эмас, аксинча, қонун билан аниқ тартибга солинган, ҳар бир фуқарога очиқ бўлган ҳуқуқдир. Қонунчилигимиз ариза қандай берилиши, ким мурожаат қилиши мумкинлиги ва қандай тўлов ундирилишини белгилаб берган, бу эса жараённи шаффоф ва бюрократик тўсиқларни олдини олишга хизмат қилади.
Шу ўринда бўлиб ўтган бир ҳолатни кўрсатиб ўтаман:
З.А беш йил аввал турмуш ўртоғи вафот этганидан сўнг, у билан қайнсингиллари ўртасида мерос — отадан қолган ҳовли устида суд жараёни бўлган эди. Ўшанда суд З.Анинг фойдасига қарор чиқарган, ҳовлининг ярми унга тегишли деб топилган эди. Лекин йиллар ўтиб, ҳовлини набирасига ўтказиб бермоқчи бўлганида, нотариус ундан ўша эски қарорнинг асл нусхасини сўради. З.А эса уни қаерга қўйганини эслай олмади — эҳтимол, кўчиб юрган йилларида бирор сандиқнинг тагида қолиб кетгандир.
У набираси билан бирга судга келди. Юраги ҳапқириб, дераза олдида навбат кутиб ўтирди — беш йил аввалги кунларни эслаб. Суд ходими унга жилмайиб қаради: “Холажон, хавотир олманг, архивимизда ҳаммаси туради”. З.А қўлидаги паспортини, набирасининг ишончномасини стол устига қўйди ва ўша йилларда қандай ой ва қандай ишда бўлганини хотирасидан қидириб, иложи борича аниқ айтишга уриниб ариза қолдирди.
Сўнг архив мудири жилдлар орасидан ўша ишни топиб чиқди ва беш йил аввал имзоланган ҳал қилув қарори нусхасини чиқариб берди, масъул ходим уни имзолади ва тегишли тартибда муҳр босди ва З.Анинг қўлига тасдиқланган кўчирма нусха тутқазилди. У уни эҳтиёткорлик билан сумкасига солар экан, кўзларида ёш йилтилларди — бу шунчаки қоғоз эмас, балки йиллар давомида сақлаб келган ҳақининг ёзма исботи эди.
Эртасига у набираси билан нотариусга борди, ва ҳовлининг набирасига тегишли қисмини расмийлаштириш жараёни ниҳоят давом этди.
З.Анинг мисоли эса шуни кўрсатадики, йиллар ўтиши, ҳужжатнинг йўқолиши — ҳуқуқнинг йўқолиши дегани эмас. Суд архиви айнан шундай вазиятлар учун мавжуд: у ўтмишда қабул қилинган ҳар бир адолатли қарорни келажак учун асраб қолади. Демак, кимки ўз ҳуқуқини қонуний йўл билан қўлга киритган бўлса, уни ҳар доим қайта тиклаш имкониятига эга — бунинг учун фақат тўғри манзилга, тўғри ҳужжатлар билан мурожаат қилиш кифоя.
С.Набиев,
Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро суди раиси.
Э.Норкулов,
Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро суди архив мудири.