10-11 август кунлари миллий таълим тизимида илк бор янги дастур — “Президент иқтидорли фарзандлари” учун қабул имтиҳонлари бўлиб ўтди. Жиззах олимпия ва паралимпия турларига тайёрлаш марказида ўтказилган тест синовларида вилоятимиздан 1836 нафар 9-синф битирувчилари иштирок этишди.
2025 йил 15 майда қабул қилинган “Президент иқтидорли фарзандлари ташаббусини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони ушбу маърифий лойиҳанинг ҳуқуқий асосидир. Янги ўқув йилидан иқтидорли ўқувчиларнинг янги гуруҳи алоҳида таълим шароитларида ўқиш имконига эга бўлишади. Биз мазкур янгилик ҳақида вилоят ММТБ ўқувчилар билимини баҳолаш ва таҳлил қилиш шўъбаси бошлиғи Бобурбек Бегматовга юзландик.
-9-синф битирувчилари иштирок этган синовларда иштирокчилар математика ва инглиз тили фанларидан 40 тадан савол (жами 80 балл) ечишлари тақозо қилинади, – дейди у. – Жараёнда фан олимпиадаси ғолибларига 20 баллгача қўшимча балл, “Ижтимоий ҳимоя” ягона реестри ва “Камбағал оила” реестри аъзолари фарзандларига эса 10 балл имтиёз берилади. Вилоятимизда тест синовлари белгиланган талаб ва қоидаларга мос тарзда ўтди.
Ўзбекистон бўйлаб сараланган энг иқтидорли ўқувчилар “Президент иқтидорли фарзандлари” миллий дастури орқали жаҳондаги етакчи олий таълим муассасаларига тайёрланади. Дастур иштирокчиларига Президент ва ихтисослаштирилган мактабларнинг малакали маслаҳатчилари бириктирилади. Бугунги кунда дунёнинг нуфузли университетлари тест натижаларидан кўра абитуриентнинг шахсий фаолиятига катта эътибор қаратади. Масалан, қандай лойиҳаларда иштирок этгани, етакчилик тажрибаси ва жамиятга қўшган ҳиссасига жиддий эътибор қаратилади. Миллий дастур шу жиҳатларни портфолиода тўплаш учун мустаҳкам асос яратади.
Дастур доирасида 40 нафар муваффақиятли иштирокчи дунёнинг энг нуфузли университетларида ташкил этиладиган ёзги мактабларда қатнашади. Бу эса уларнинг портфолиосини янада кучайтиради ва қабул жараёнида муваффақият қозониш эҳтимолини оширади. Агар иштирокчи ТОП-100 университетдан бирига 50 фоизлик грант билан қабул қилинса, қолган контракт суммаси ажратилган квота доирасида “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан тўлиқ қоплаб берилади.
Маълумот учун. “Президент иқтидорли фарзандлари” миллий дастурига республика бўйича жорий йилнинг 31 июлигача номзод ёшлардан жами 27 789 та ариза қабул қилинди. Ҳудудлар квотаси доирасида энг юқори балл тўплаган жами 1500 нафар ўқувчи жорий йилда бўлиб ўтаётган “Президент иқтидорли фарзандлари” миллий дастури учун саралаб олинади. Улар орасида Жиззах ёшлари ҳам муносиб ўрин эгаллайди, деб умид қиламиз.
Муқаддас САПАРОВА.